Россия президенти Владимр Путин, Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия президенти Ангела Меркел Украина можаросини ҳал қилиш учун Кремлда учрашди. Учрашув беш соатдан узоқ давом этди. Улар ўртасида Украина шарқида юз бераётган нотинчликлар масаласи муҳокама қилинар экан, ҳайъат аъзолари иштирок этмади.
Учрашув ҳақида баёнот берган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Сергеевич Песков Украина можаросини ҳал қилишга доир муштарак ҳужжат тайёрланишини қайд этди. Журналистларга интервью берган Дмитрий Песков бу борада ишлар давом этаётганлигини очиқлади.
“Айни пайтда Минск битими амалга оширилишига доир муштарак ҳужжатнинг матнини тайёрлаш учун ҳаракатлар давом этмоқда. Бу ҳужжат Украина президенти Виктор Порошенконинг таклифларини ва Россия президенти Владимир Путиннинг бугунги таклифларини ўз ичига олади”, деди Россия президентининг матбуот котиби.
Айни пайтда АҚШ ҳукумати Украинага ўзини ҳимоя қилиш учун ёрдам беришини айтмоқда. АҚШ Вице-президенти Жо Байденнинг билдиришича, АҚШ Украина можаросининг тинч йўл билан ҳал қилинишини истайди. Бироқ зарур бўлса, АҚШ Украинага ўзини ҳимоя қилишда кўмаклашади.
“Россия президенти Владимир Путин тинчлик ҳақида кўп гапиради. Аммо Украинага танк, аскар ва қуроллар юборишда давом этмоқда”, деди Жо Байден Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтган хавфсизлик анжуманида.
Франция президенти Франсуа Олланднинг айтишича, Франция ва Германия тарафидан олға сурилаётган тинчлик ташаббуси Украина можаросини ҳал қилиш учун сўнгги имкониятдир. Унга кўра, Агар бу имконият бой берилса, ўртада уруш аланга олади.
Германия канцлери Ангела Меркел Украина армиясига қурол-яроғ етказиб бериш таклифига қарши эканини билдирар экан, музокаралардан бирор наф келиши ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийинлигини таъкидлади.
“Музокаралар натижа берадими, йўқми, олдиндан айтиш қийин. Лекин биз қўлдан келган барча чорани кўрамиз деб аҳд қилганмиз. Украина халқи тинч ҳаёт кечиришга ҳақли”, “Европа бўлиниб кетишидан ва қарама-қаршиликлар авж олишидан ҳеч ким манфаатдор эмас. Қитъа хавфсизлигини Россия билан ҳамкорликда таъминлаш тарафдоримиз”, деди Ангела Меркел Мюнхен анжуманида.