Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари бугун 26 март куни Алматида бўлиб ўтадиган учрашувлари давомида Украинадаги вазиятни мухокама қилишлари мумкин. Бу ҳақида “CA-News” мухбирига Қозоғистон президенти матбуот хизматининг Алмати бўлими бошлиғи Валерий Жондаулатов хабар берди.
Бўлим бошлиғининг айтишича, учрашув давомида мамлакат раҳбарлари шунингдек иккитомонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини, МДҲ давлатлари ва Украинадаги вазиятни мухокама қилишлари мумкин.
Туркистон:
Қозоғистон президенти Гаага шаҳрида бўлиб ўтган ядровий хавфсизлик саммитида иштирок этган ва айнан шу шаҳарда G-7 (катта еттилик) давлатларини режадан ташқари саммити ҳам бўлиб ўтди ва бу саммитда Қримни анекссия қилиниши билан боғлик Россияга нисбатан қўлланиладиган санкциялар масалалари ҳам мухокама қилинди. Мазкур саммит давомида Нурсултон Назарбоев 25 март куни АҚШ президенти Барак Обама билан учрашуви ҳам бўлиб ўтган эди.
Назарбоев бу саммитдан қайтиб келгани ҳамон Қирғизистон президенти Атамбаевни кўргиси келиб қолди. Чунки ҳозирча Қозоғистон ва Қирғизистон Қримда бўлиб ўтган референдум натижаларини тан олган дунёдаги ягона давлатлардан бўлиб турибди.
Бундан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Назарбоевни Обама билан Гаагада бўлиб ўтган учрашувида Қозоғистон ва Қирғизистонни референдум натижаларини ижобий баҳолаши масаласи мухокама қилинган. Икки ўт орасида қолган Назарбоев ва Атамбоевлар эса нима қилишни келишиб олиш ва бундан буён қандай ҳаракат қилиш зарурлигини келишиб олиш учун Алматида учрашишга мажбур бўлишди.
Чунки, Россия ҳукуматини ҳар қандай халқаро ҳуқуқий меъёрларни менсимай Қримни аннексия қилиб олиши Россия ўзининг экинзори сифатида кўрадиган “мустақил” республикалар раҳбарларини “пайтавасига қурт тушириб” қўйди.
Бу ишдан айниқса ўзининг Россия билан туташ шимолий минтақаларида истиқомат қиладиган аҳолининг аксар қисмини русийзабонлар ташкил этадиган Қозоғистон президенти Назарбаев жуда шошиб қолди. Шу сабабли у Путинни ғашига тегмаслик учун Қримда бўлиб ўтган референдум натижаларини Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб тан олди.
Ўз табиатига муносиб айиқча сиёсат юритадиган Россия учун “рус тилида сўзлашувчи ўз фуқароларини ҳимоя” қилиш баҳонаси яхшигина дастак бўлиб қолди. Агар Россия Украина масаласидан қўли бўшаб, АҚШ ва ЕИ билан келишувга эришса унинг учун навбатдаги нишон Марказий Осиё республикалари бўлади. Ўзиниг бу ишини амалга ошириши учун энг мақбул йўл бутун собиқ Шўролар мамлакати бўйлаб сочилиб кетган “буюк рус халқини” ҳимоя қилиш бўлиб ҳисодланади.