Россия кучлари Қирим ярим оролидаги украин ҳарбий қисмларини ишғол этишда давом этмоқда. Хабарларга кўра, Россия ҳарбийлари зирҳли техникалар ёрдамида Семферопол яқинидаги Белбек ҳарбий ҳаво базасига бостириб кирган ва Украина ҳарбийларини огоҳлантириб, базани тинчгина ташлаб чиқиб кетишга чақирган.
Белбек ҳарбий ҳаво базаси бош қўмондонининг ўрин босари Олег Баудавалов Россия кучлари Қиримдаги базани штурм қилганлигини ва тинчлик билан топшириб чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантириш йўллаганлигини тасдиқлади.
Рейтерз ахборот агентлиги Баудаваловнинг сўзларига таяниб хабар қилишича, руслар базани тарк қилиш учун фақат бир соат муҳлат берган. Акс ҳолда куч билан базани босиб олиши ҳақида огоҳлантирган.
Баудавалов Рейтерз ахборот агентлигига “биз ҳеч қаёққа кетмаймиз. Кўрамиз, нима бўлар экан”, деган бўлсада, бироқ Украин ҳарбийлари қаршилик қилмасдан, Украина мадҳиясини айтиб, ҳарбий базани тарк этаётганлиги хабар қилинмоқда.
Бундан аввал россия кучлари Қрим ғарбидаги Новофедоровка базасини ишғол қилган эдилар. Гувоҳларнинг айтишича, Украинанинг “Славутич” ҳарбий кемаси устига Россия байроғи ўрнатилган.