Тошкент шаҳрида 2013 йил 29 ноябр куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтади.
Унда Қозоғистон Республикаси Бош вазири С.Аҳметов, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Қирғизистон Республикаси Бош вазири Ж.Сотиболдиев, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Д.Медведев, Тожикистон Республикаси Бош вазири К.Расулзода, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев, ШҲТ Бош котиби Д.Мезенцев, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэн, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раислари иштирок этадилар.
Мажлисда ШҲТда кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси иккинчи вице-президенти М.Ҳалилий, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари С.Сингх, Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири М.Неъматзода, Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Д.Тэрбишдагва, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси С.Азиз, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари – БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТ ЭСКАТО ижрочи котиби Н.Хейзер, АСЕАН Бош котиби ўринбосари Нянь Линь, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби С.Лебедев қатнашади.
Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси доирасида Қўшма баёнот ва қатор бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмоқда.
Туркистон:
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йили Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари қарори билан ташкил этилган бўлиб, бу ташкилотнинг асосий вазифаси ташкилотга аъзо давлатларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва наркотрафикка қарши курашдан иборат.
2003 йилнинг 28-29 май кунлари Москвада бўлиб ўтган ШҲТнинг йиғилиши натижаларига кўра Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилди. Мазкур йиғилишда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари терроризм ва экстремизмга қарши кураш билан боғлиқ масалаларни мухокама қилишиб, асосий эътборни Ҳизб ут-Таҳрир фаолиятига қаратишди. Бу йиғилиш бўлишидан олдин, 2003 йилининг 14 февралида олий суд қарорига мувофиқ Россияда Ҳизб фаолияти таъқиқланган эди.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КҲШТ)дан фарқли равишда, Каримов учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)даги аъзолиги манфаатли бўлгани учун Ўзбекистон бу ташкилотда ўз аъзолигини сақлаб келмоқда.
Бунинг сабаби, Ўзбекистон бу ташкилотда мувофиқлаштирувчи (координатор)лик вазифасини бажариб келади. Бу эса Каримовга мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудларидан бошпана топган ёки уни зулмидан қочиб бу давлатларда жон сақлаётган дунёвий ёки диний ташкилотга аъзо бўлган шахсларни ҳеч қандай тўсиқларсиз “овлаб” келишига ёки уларни таъқиб қилишларига кенг имконият яратиб беради.
Ўзбекистон махсус хизмати ходимларининг Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида бемалол изғиб юришларини ҳамда у ерлардан ўзларига керак бўлган одамларни ҳар қандай халқаро қонун ва нормаларни бузган ҳолда ўғирлаб келишиб, турли хил соҳта айбловлар билан озодликдан маҳрум этишларига кенг имконият бераётган нарса ҳам айнан Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо эканлигини “шарофати”дир. Шунинг учун ҳам Каримов бу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатмай давом эттириб келмоқда.