Қирғизистон: норозиликлар давом этмоқда

532
0

001

7 октябр куни Қумтор олтин конини 100 фоиз давлат ҳисобига миллийлаштириш талаби билан чиққан митингчилар гаровга олган Қирғизистон ҳукуматининг Иссиқкўлдаги вакили Эмил Қаптагаев 8 октябрга ўтар кечаси гаровдан озод қилинди ва митингчилар куч қўллаш йўли билан тарқатиб юборилди, дея хабар қилади Озодлик. Милиция норозилик митингига чиққанларни овоз чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи воситалар ёрдамида тарқатган. Милиция томонидан митингда иштирок этган 23 одам, жумладан, митингнинг икки ташкилотчиси қўлга олинган. Улар 8 октябр куни эрталаб Бишкекка олиб келингани ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда.

8 октябр куни Иссиқкўлнинг Сару қишлоғи аҳолиси  қўлга олинган ҳамқишлоқларини ҳибсдан озод этиш талаби билан митингга йиғилди ва Бишкек-Балиқчи йўлини тўсиб қўйди.

Соат 12.00 атрофида Митингчилар томонидан бир енгил автомашина ёқиб юборилган. Балиқчи-бишкек йўли катта юк машинаси ёрдамида тўсиб қўйилди. Митингга чиққанлар сони 700 га етгани айтилмоқда.

Саруу қишлоғи ҳарбий вертолётлар ёрдамида назорат қилинмоқда. Айрим хабарларда айтилишича, вертолётлардан ҳавога қарата автоматлардан  огоҳлантирувчи ўқ отилган. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов Сару қишлоғини назорат қилаётган икки вертолёт Қирғизистон қуролли кучларига тегишли эканини тасдиқлади.

“Сару қишлоғида вазият оғир”, дея баёнот берди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов. Унга кўра, ҳукумат қишлоқда юз бераётган воқеаларни ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоламоқда. Тўқўн Мамитовнинг айтишича, норозилар томонидан пачоқланган ва ўт қўйиб юборилган машина Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига тегишли бўлган. Шунингдек, Қирғизистон расмийси бугун эрталаб Сару қишлоғи аҳолиси норозиларни тинчлантириш учун келган Жети –Ўғуз тумани милицияси бошлиғига ҳужум қилинганини тасдиқлади.

Қирғизистон кучишлатар тузилмалари Сару қишлоғида тартиб ўрнатишга тайёр ҳолга келтирилди. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитовнинг  қирғиз матбуотига билдиришича, милиция томонидан махсус воситалар ва қуроллар қўлланилиши мумкин. “Махсус воситалар ва қуроллар қонунчиликда белгиланган тартибда ва қонунчиликда белгиланган вазиятга асосланиб қўлланилади”, деди Т. Мамитов.

Президент Алмазбек Атамбаез бу ҳодисаларга нисбатан ўз фикрини билдирар экан, бу ҳаракатларнинг ортида айрим сиёсий кучлар турганини эслатиб, уларнинг халқни алдашига йўл қўймасликка чақирди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here