Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатасида навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар Ўзбекистон республикаси давлат бюджетининг 2013 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси масаласини кўриб чиқдилар.
Мажлисда белгилаб ўтилганидек, мамлакатда қабул қилинган иқтисодий ривожлантиришнинг ўзимизга хос ва мос моделини ва унинг асосида ишлаб чиқилган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган дастур принципларини изчил рўёбга чиқариш туфайли 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида барқарор юқори ўсиш суръати ва иқтисодиётнинг макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланганлиги таъкидланди. Мамлакатни ривожлантириш, янгилаш ва модернизация қилишнинг Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тўғри танланган стратегияси туфайли Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирозга муваффақиятли қарши курашишга, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ва халқ фаровонлигининг ошишини таъминлашга муваффақ бўлинган.
Жумладан, 2013 йил биринчи ярим йилликда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 8%ни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми- 8,2%ни ва қишлоқ хўжалиги 7,3%ни ташкил этди.
Ички талабни мутаносиб равишда рағбатлантириш ҳамда мамлакатнинг маҳсулот ишлаб чиқарувчиларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажмлари 14,4 фоиз, чакана товар айланмаси 14,6 фоиз ва хизматлар кўрсатиш 16,1 фоиз ўсишини таъминлади.
Кўриб чиқилаётган вақт мобайнида мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш устивор вазифаларини бажарилиши натижасида аҳоли даромадини барқарор ўсишини таъминлашга эришилганлиги ва бу кўрсаткич 16,3 фоизни ташкил этгани алоҳида белгилаб ўтилди.
Туркистон: Ўз халқи воқелигидан тамоман узулиб қолган Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати кўп йиллардан буён мана шундай ҳавойи рақамлар билан одамларни алдаб келишдан чарчамайди.
Агар Ўзбекистон аҳолиси даромадлари мана шу қоғозда кўрсатилаган рақамларга оз бўлса ҳам яқин келганида миллионлаб ўзбекистонликлар пул топиш илинжида Россия ва бошқа давлатларда сарсон-саргардонликда юрмаган, ўзларини “суюкли” президентларидан “дангасалар” деган дашномни эшитмаган, етиштирилган пахтани териб олишлик учун ихтиёрий-мажбурий сафарбар қилинмаган, арзимаган болалар нафақа пулини олиш илинжида ўзларини эмизикли гўдакларини ташлаб пахта термаган бўлар эдилар.
Ўзбекистон ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)ни ҳам, аҳоли даромадини ўсиши ҳам айнан мана шу четда ишлаб юрган “дангасалар”ни ўз юртига жўнатаётган маблағлари эвазига бўлмоқда. Мана шу мехнат муҳожирлари жўнатган пул 2012 йилда 6 миллиард 241 миллион АҚШ долларини ташкил этган
Чунки Ўзбекистонда ички ишлаб чиқариш деярли издан чиққан. Бирор иш қилишга лаёқати борларни эса таниш-билишчилик, коррупция ва текшир-текширлар хонавайрон қилмоқда.