بسم الله الرحمن الرحيم
Шаҳид
Шаҳидлар уч қисмдир:
Дунё ҳукмларисиз фақат охиратда шаҳид.
Фақат дунёда шаҳид.
Дунё ва охиратда шаҳид.
Дунё ҳукмларисиз фақат охиратдаги шаҳид ҳақида айтадиган бўлсак, улар ҳадисларда зикр қилинган кишилардир. Баъзи ривоятларда улар еттита дейилса, айримларида саккизта, айримларида тўққизта, айримларида эса ўн битта дейилган. Саҳиҳи шуки, Муслимда ворид бўлганидек улар бештадир: Тоун, яъни вабо касалида ўлган киши, қорин оғриғи билан ўлган киши, ғарқ бўлиб ўлган киши, устига бино қулаб ўлган киши, жангдан бошқа пайтда Аллоҳ йўлида Аллоҳ калимасини олий қилиш учун ўлган киши. Муслим Абу Ҳурайрадан Росулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганини ривоят қилди:
«Бир киши йўлда кетаётиб, йўлда ётган бир тиконли шохни кўриб қолди ва уни четга суриб қўйди. Аллоҳ унинг бу ишини тақдирлаб уни мағфират қилди ва деди: Шаҳидлар бештадир: Вабо касалидан ўлган, қорни оғриб ўлган, чўкиб ўлган, устига бино қулаб ўлган ва Аллоҳ Азза ва Жалла йўлида шаҳид бўлган». Муслим яна Абу Ҳурайрадан ривоят қилди: Росулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
«Орангизда кимни шаҳид деб ҳисоблайсизлар? Саҳобалар: Ё Росулуллоҳ, ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса ўша шаҳиддир, дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в): Ундай бўлса Умматим шаҳидлари оз экан-да, дедилар. Саҳобалар: Унда улар кимлар ё Росулуллоҳ? – дейишди. Пайғамбаримиз (с.а.в): Ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса у шаҳиддир, ким Аллоҳ йўлида ўлса у шаҳиддир, ким вабодан ўлса у шаҳиддир, ким қорин оғриғидан ўлса у шаҳиддир, дедилар». Ибн Миқсам айтади: мен отангнинг бу ҳадисда:
«Чўкиб ўлган шаҳиддир», деб айтганига гувоҳман, деди[1]. Буларнинг шаҳидлигидан мурод шуки, уларга охиратда шаҳидлар савоби бўлади. Аммо дунёда улар ювилиб, уларга жаноза ўқилади. Энди агар шаҳид калимаси савоб берилиши ҳақида айтилса – ҳадис ўзи шу ҳақдадир – у ҳолда бу калимани ана шу кишиларга нисбатан қўллаш тўғри бўлади. Аммо агар бу калима гапда ҳеч бир қаринасиз мутлақ қўлланса, у ҳолда бу калима уларга тегишли бўлмайди, балки Аллоҳ йўлида ўлдирилган кишига оид бўлади, ундан бошқасига нисбатан қўлланмайди.
Энди охиратда эмас, фақат дунёдаги шаҳидга келсак, у дунёдаги шаҳид ҳукмларини олади, ювилмайди ва унга намоз ўқилмайди, балки ўз кийимида дафн қилинади. Лекин у охиратда Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун жанг қилган шаҳидлар савобини олмайди. Бу Аллоҳ йўлидан бошқа йўлда жанг қиладиган кимсадир. Масалан обрў учун ёки фақат ўлжа учун ёки ортига қочиб жанг қиладиган кимса. Бундай кимса охиратда шаҳидлик савобини олмайди. Чунки ҳадислар шаҳидлик савобини фақат Аллоҳ йўлида жанг қилган ва ортига чекинмай олдинга ташланиб жанг қилган шаҳидгагина хослаб қўйди. Муслим Абу Мусо Ашъарийдан ушбуни ривоят қилди:
«Бир киши Набий (с.а.в) ҳузурига келиб, ё Росулуллоҳ, бир киши ғанимат учун жанг қилади, яна бир киши номи зикр қилиниши учун жанг қилади, бошқа бир киши эса ўзининг қандай ўрин тутишини кўрсатиб қўйиш учун жанг қилади. Хўш, улардан ким Аллоҳ йўлида жанг қилган бўлади? – деб сўради. Росулуллоҳ (с.а.в): ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса у Аллоҳ йўлида жанг қилган бўлади, дедилар». Муслим Абу Мусодан шундай деганини ҳам ривоят қилди:
«Росулуллоҳ (с.а.в)дан: шижоати жўш уриб жанг қиладиган, ҳамияти қўзғалиб жанг қиладиган ва риё учун жанг қиладиган киши ҳақида буларнинг қайсиниси Аллоҳ йўлида жанг қилишдир? – деб сўралди. Росулуллоҳ (с.а.в): ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса у Аллоҳ йўлида жанг қилибди, деб жавоб бердилар». Росулуллоҳ (с.а.в) шаҳиднинг гуноҳлари кечирилиши учун ортига қочмай олдинга ташланиб жанг қилишини шарт қилиб қўйдилар. Муслим Абдуллоҳ ибн Абу Қатода орқали Қатодадан ривоят қилади:
«Пайғамбаримиз (с.а.в) уларнинг ичида туриб уларга Аллоҳ йўлидаги жиҳод ва Аллоҳга имон келтириш энг афзал амал эканини айтдилар. Шунда бир киши туриб: ё Росулуллоҳ, агар мен Аллоҳ йўлида ўлдирилсам гуноҳларимга каффорат бўладими? – деди. Росулуллоҳ (с.а.в): ҳа, агар сен сабр қилган ҳолда, савоб умид қилиб, ортингга қочмай олдинга ташланиб Аллоҳ йўлида ўлдирилсанг, дедилар. Сўнгра Росулуллоҳ (с.а.в): нима дединг? – дедилар. Ҳалиги киши: агар мен Аллоҳ йўлида ўлдирилсам гуноҳларимга каффорат бўладими? – деди. Росулуллоҳ (с.а.в): ҳа, сабр қилган ҳолда, савоб умид қилиб, ортингга қочмай олдинга ташлансанг, магар қарз бундан мустасно. Менга буни Жаброил (а.с) айтди, дедилар». Бундан тушуниляптики, агар ортига қочиб жанг қилса гуноҳларига каффорат бўлмайди ва унга шаҳидлик савоби берилмайди. Обрў учун жанг қиладиган кимсага келсак, Росулуллоҳ (с.а.в) уни шаҳид деб номлаб, азобланишини баён қилдилар. Муслим Сулаймон ибн Ясордан шундай деганини ривоят қилди: одамлар Абу Ҳурайра олдидан туриб тарқалишди. Шунда унга Шом аҳли вакили: эй шайх Росулуллоҳ (с.а.в)дан эшитган бирон ҳадисни бизга айтиб беринг, деди. Абу Ҳурайра деди: Хўп, мен Росулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганини эшитганман:
«Қиёмат куни устидан биринчи бўлиб ҳукм чиқариладиган одам шаҳид бўлган киши бўлади. Уни олиб келинади. Аллоҳ унга Ўзи берган неъматларини эслатади. У уларни эслайди. Аллоҳ бу неъматлар учун нима амал қилдинг? – дейди. У Сенинг йўлингда жанг қилиб, шаҳид бўлдим, дейди. Аллоҳ: ёлғон айтдинг, аксинча журъатли экан дейишлари учун жанг қилдинг. Сен ҳақингда шундай ҳам дейилди, дейди. Сўнгра Аллоҳ амр қилади. Уни юз тубан судраб дўзах ўтига улоқтирилади…». Бу ҳадис обрў олиш учун жанг қилган кимса гарчи дунёда шаҳид ҳукмини олса ҳам, лекин қиёмат кунида унга шаҳид савоби берилмаслигига, аксинча азобланишига далолат қиляпти.
Энди дунё ва охиратдаги шаҳидликка келсак у Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун кофирларга қарши жанг қилган ва мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги жангда ўлдирилган кишидир. Бу жанг уруш ҳолатидаги юртда бўладими ёки Ислом юртида бўладими, бунинг фарқи йўқ. Аллоҳ Таоло деди:
«Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Парвардигори неъматларидан баҳраманд бўлмоқдалар» [Оли Имрон: 169]
Бу шаҳид унинг ҳаққида шаръий ҳукмлар келган кишидир. Бундай шаҳидлик кофирлар билан бўлган урушда ўлдирилган кишига хосдир. Шунингдек жангда жароҳатланиб кейинчалик шу жароҳатдан ўлган киши ҳам жангда ўлдирилган каби ҳисобланади. Аммо ундан бошқани шаҳид деб ҳисобланмайди. Шунга кўра боғийлар билан бўлган урушда ўлдирилган кишини ҳам, жангда жароҳатланиб, сўнгра жароҳати тузалиб, сўнг шу жароҳатдан ўлган кишини ҳам шаҳид деб ҳисобланмайди. Шаҳидга тегишли хос ҳукмлар бор бўлиб Аллоҳ Таоло шаҳид ҳақида у тирикдир деб хабар берди. Бундай шаҳидлик Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун кофирлар билан бўлган жангда ўлдирилган кишига ва ана шу жангда жароҳатланиб шу жароҳатдан ўлган кишига хосдир.
Мазкур шаҳид ҳақидаги ҳукм шуки, у ювилмайди ва кафанланмайди, балки қони ва кийимида дафн қилинади. Чунки шаҳид қиёмат куни тирилар экан, унинг қони мушки амбардек жуда ёқимли ҳид таратади. Бунга далил Бухорий Жобирдан ривоят қилган ушбу ҳадисдир:
«Росулуллоҳ (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганлардан икки кишини битта кийимда жамлаб, сўнгра: улардан қайсиниси Қуръонни кўпроқ (ёд) олган? – дердилар. Улардан қайси бири кўрсатилса уни лаҳадга олдин қўярдилар ва: мен буларга гувоҳман, дедилар ва уларни қонлари билан дафн қилишга буюрдилар, уларга намоз ўқимадилар ва уларни ювмадилар». Аҳмад ҳам Набий (с.а.в)нинг Уҳудда ўлдирилганлар ҳақида шундай деганини ривоят қилди:
«Уларни ювманглар. Зеро ҳар бир жароҳат ёки ҳар томчи қон қиёмат кунида мушк анбардек хушбўй ҳид таратади. Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга намоз ўқимадилар». Насоийнинг ривоят қилишича, Набий (с.а.в) Уҳуд шаҳидлари ҳақида бундай дедилар:
«Уларни қонлари билан ўраб қўйинглар. Зеро Аллоҳ йўлида олинган бирон жароҳат йўқки, қиёмат кунида қони оққан ҳолда келмаса. Ранги қоннинг рангидек, ҳиди мушкнинг ҳидидек бўлади». Анасдан ушбу ҳадис ривоят қилинган:
«Набий (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганларга намоз ўқимадилар ва уларни ювмадилар». Бу ҳадисни Шофеий «Муснади»да ривоят қилди. Уҳуд шаҳидлари ювилмаганидек Бадр, Хандақ ва Хайбар шаҳидлари ҳам ювилмади. Бундан кўриниб турибдики, шаҳид ювилмайди. Шунингдек шаҳид ўлик кафанлангандек кафанланмайди, балки ўз кийими билан кафанланади. Бунга далил Росулуллоҳ (с.а.в)нинг Уҳуд шаҳидлари ҳақида айтган ушбу сўзидир:
«Уларни жароҳатлари ва қонлари билан ўраб қўйинглар». Аҳмад ривояти. Бунга яна далил Ибн Аббос қилган ушбу ривоятдир:
«Росулуллоҳ (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганлардан темир ва териларни ечиб олишни, қонлари ва кийимлари билан дафн қилишни буюрдилар». Абу Довуд ривояти. Энди шаҳидга намоз ўқилишига келсак, ўқилиши ҳам, ўқилмаслиги ҳам жоиз. Намоз ўқилиши жоизлигига далил Росулуллоҳ (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганларга дафн қилинганидан кейин намоз ўқигани, Ҳамзага намоз ўқигани ва жангда ўлдирилган бир кишига намоз ўқигани ҳақида келган ривоятлардир. Масалан Бухорийда Уқба ибн Омирдан ривоят қилинишича:
«Набий (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганларга саккиз йил кейин худди тириклару ўликлар билан видолашгандек жаноза намозини ўқидилар». Таҳовий «Шарҳул маоний» китобида Ибн Зубайрдан ҳасан иснод билан ушбу ривоятни келтирди:
«Росулуллоҳ (с.а.в) олдига тўққиз кишини олиб келинди. Ҳамза ўнинчиси бўлди. Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга намоз ўқидилар». Абу Довуд Абу Саламадан, у Набий (с.а.в) асҳобидан бўлган бир кишидан шундай деганини ривоят қилди:
«Биз Жуҳайнадаги бир маҳаллага ҳужум қилдик. Мусулмонлардан бир киши улардан бир кишини олишувга чиқишини талаб қилди. Унга зарба берган эди, зарбаси хато кетиб ўзи яраланди. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в): эй мусулмонлар жамоаси биродарингизни олиб келинг, дедилар. Одамлар шошиб боришса у ўлган экан. Росулуллоҳ (с.а.в) уни кийими ва қони билан ўраб унга намоз ўқидилар ва дафн қилдилар. Шунда асҳоблар: ё Росулуллоҳ, у шаҳид бўлдими? – дейишган эди, Пайғамбаримиз (с.а.в): ҳа, мен унга гувоҳман, дедилар». Бу уч ҳадис собит ҳадислар бўлиб, шаҳидга намоз ўқилишига очиқ далолат қиляпти.
Энди шаҳидга намоз ўқилмаслиги жоизлигига келсак, бунга далил Росулуллоҳ (с.а.в) шаҳидга намоз ўқимагани ҳақида келган бошқа ривоятлардир. Масалан Абу Довуд ва Термизий Анасдан ушбуни ривоят қилишди:
«Набий (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганларга намоз ўқимадилар ва уларни ювмадилар». Аҳмад Анасдан ушбуни ривоят қилди: «Уҳуд шаҳидлари ювилмади, уларни қонлари билан дафн қилинди, уларга намоз ўқилмади». Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан шундай деганини ривоят қилди:
«Росулуллоҳ (с.а.в) Уҳудда ўлдирилганлардан икки кишини битта кийимда жамлаб, сўнгра: улардан қайсиниси Қуръонни кўпроқ (ёд) олган? – дердилар. Улардан қайси бири кўрсатилса уни лаҳадга олдин қўярдилар ва: мен буларга гувоҳман, дедилар, уларни қонлари билан дафн қилишга буюрдилар. Улар ювилмадилар ва уларга намоз ҳам ўқилмади». Бу ҳадислар ҳам собит ҳадислар бўлиб, шаҳидга намоз ўқилмаслигига очиқ далолат қиляпти. Имом Шофеий Уҳудда ўлдирилганларни дафн қилишдан олдин уларга намоз ўқилгани ҳақида ворид бўлган ривоятлар ҳақида жавоб бериб: «Хабарлар мутавотир жиҳатлар томонидан Набий (с.а.в)нинг Уҳудда ўлдирилганларга намоз ўқимаганини кўз билан кўрилганидек келди», деди. Демак бу ҳадисларнинг ҳаммаси – Набий (с.а.в) шаҳидга намоз ўқиган деб ривоят қилинганлари ҳам, намоз ўқимаган деб ривоят қилинганлари ҳам – собит ҳадислардир. Шунинг учун улардан ҳеч қайсинисини рад қилишга йўл йўқ. Чунки улар ривоят ва дироят жиҳатидан ҳужжат келтириладиган далиллар сирасига киради. Улардан бирини бошқасидан устун қўйишга ҳам йўл йўқ. Чунки саҳобаларнинг ана шу шаҳидларга намоз ўқилганидан бехабар қолишлари эҳтимолдан узоқ бўлганидек, намоз ўқилмаганидан бехабар қолишлари ҳам эҳтимолдан узоқдир. Шундай экан бу ҳадислардан бирини бошқасидан қандай қилиб устун қўйиш мумкин, ахир? «Шаҳидга намоз ўқилгани собит бўлган бу ҳадислардаги намоздан мурод дуодир, шунинг учун намоз ўқидилар деган сўз дуо қилдилар маъносидадир», дейилмайди. Чунки шаръий ҳақиқатлар – модомики бирон қарина келмаса – луғавийсидан муқаддам қўйилади. Бу ерда эса ҳеч бир қарина келмаган. Демак намоздан мурод маййитга ўқиладиган шаръий намоз эканлиги аниқ. «Шаҳидга намоз ўқилгани ҳақидаги ҳадислар намоз ўқилмагани ҳақидаги ҳадисларни мансух қилади. Чунки улардан бири, яъни Уҳудда ўлдирилганларга саккиз йилдан кейин намоз ўқилгани ҳақидаги ҳадис ҳамма ҳадислардан кейин келган. Чунки Ибн Ҳиббон ривоятида: «Сўнг уйига кириб то Аллоҳ қабз қилмагунича чиқмади», дейилган», деб ҳам айтилмайди. Чунки ҳадиснинг кейин келганлигининг ўзигина мансух бўлишга далолат қилиш учун етарли эмас. Аксинча мансух бўлганини билдирадиган бошқа бир қарина ҳам бўлиши керак. Бу ерда эса ҳеч бир қарина йўқ. Демак мансух бўлиш ҳам йўқ. Шунинг учун бу ривоятларнинг ҳаммаси эътиборли бўлиб қолаверади ва улардан шаҳидга намоз ўқимаслик жоиз, деган маъно олинади. Зеро Росулуллоҳ (с.а.в)нинг Бадрда ўлдирилганларга ҳам, Хандақ ғазотида ўлдирилганларга ҳам, Хайбарда ўлдирилганларга ҳам намоз ўқигани ривоят қилинмаган. Шунингдек бу ривоятлардан шаҳидга намоз ўқилса бунда ҳеч бир зарар йўқ, деган маънони тушунса ҳам бўлади. Шунинг учун одамларнинг шаҳидларга намоз ўқишларига монелик қилинмайди.
Шаҳидга жаннат бўлиши ҳақида Қуръон насси гувоҳлик бергани учун у шаҳид деб аталади. Аллоҳ Таоло деди:
«Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар» [Тавба: 111]
Муслим Жобирдан шундай деганини ривоят қилди:
«Бир киши деди: (Сувайд ривоятида: бир киши Набий (с.а.в)га Уҳуд кунида деди, дейилган) Ё Росулуллоҳ, агар ўлдирилсам мен қаерда бўламан? Пайғамбаримиз (с.а.в): жаннатда, деб жавоб бердилар. Шунда у қўлидаги хурмоларни отиб юбориб жангга кириб кетди ва ўлдирилгунига қадар жанг қилди». Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, Росулуллоҳ (с.а.в) саҳобалари билан илдам жўнаб Бадрга мушриклардан олдин етиб келдилар. Росулуллоҳ (с.а.в):
«Биронтангиз то мен унинг рўпарасида бўлмагунимча ҳеч бир нарсага қадам қўймасин, дедилар. Мушриклар яқинлашгач Росулуллоҳ (с.а.в): кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннатга қўзғалинглар, дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳумом Ансорий: ё Росулуллоҳ, кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннат, дедингизми? – деб сўради. Пайғамбаримиз (с.а.в): ҳа, дедилар. Умайр: баҳ-баҳ (жуда зўр-ку), деди. Буни эшитиб Росулуллоҳ (с.а.в): нега баҳ-баҳ, дединг? – деб сўрадилар. Умайр: Аллоҳга қасамки, ё Росулуллоҳ, жаннат аҳлидан бўлишимни умид қилиб шундай дедим, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в): сен унинг аҳлидансан, дедилар. Шунда Умайр ёнидан хурмоларни чиқариб ея бошлади. Сўнг: агар бу хурмоларни еб бўлгунимча тирик турсам бу узун ҳаёт кечириш бўлиб қолади, деди-да, хурмоларни отиб юбориб жангга кириб кетди ва ўлдирилгунига қадар жанг қилди». Муслим ривояти. Демак Аллоҳ Таоло ва Росулуллоҳ (с.а.в) шаҳиднинг жаннатда бўлиши ҳақида гувоҳлик бердилар. Шаҳиднинг тирик бўлишига келсак, бу ҳам Қуръон насси билан собит бўлган. Аллоҳ Таоло деди:
«Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда мўминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар» [Оли Имрон: 169-171]
Шаҳиднинг тирик бўлиши ғайбий ҳаёт бўлиб, биз уни идрок ҳам, ҳис ҳам қилолмаймиз. Чунки у абадият оламидаги ҳаётдир. Биз гарчи шаҳиднинг бу ҳаётини идрок қилолмасак ва сезолмасак-да, лекин унинг борлигига имон келтирамиз. Биз унинг ҳақиқатини идрок қилолмасак-да, унга имон келтиришимиз муқаррар ишдир. Чунки у Қуръоннинг қатъий насси билан собит бўлган. Аллоҳ Таоло деди:
«Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар» [Бақара: 154]
Шаҳидларнинг ҳаёт бўлиши имон келтириш вожиб бўлган ғайб нарсалардандир. Шаҳидларнинг фазлига келсак, у жуда буюк фазл бўлиб, унга ҳеч бир фазл тенг келолмайди. Буни Набий (с.а.в) бир неча ҳадисларда баён қилган. Бухорий Қатодадан шундай деганини ривоят қилди: мен Анас ибн Молик(р.а)дан Набий (с.а.в)нинг шундай деганини эшитдим:
«Жаннатга кирган бирон киши – агар унга ер юзидаги барча нарса берилса ҳам – дунёга қайтишни истамайди. Магар шаҳидгина унга берилган фазлу карамни кўриб, дунёга қайтиб ўнлаб марта ўлдирилишини орзу қилади». Бухорийда ушбу ривоят ҳам келган: Муғийра ибн Шўъба деди:
«Бизга Набиййимиз (с.а.в) Роббимиз рисолатидан хабар бериб биздан ким ўлдирилса жаннатга боришини айтдилар». Умар Набий (с.а.в)га:
«Биздан ўлдирилганлар жаннатда, улардан ўлдирилганлар эса дўзахда эмасми? – деганида Пайғамбаримиз (с.а.в): ҳа, шундай, дедилар». Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинишича, Росулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар:
«Шаҳиднинг барча гуноҳлари мағфират қилинади, фақат қарз бундан мустасно». Муслим ривояти. Муслимнинг яна ривоят қилишича, Набий (с.а.в) шундай дедилар:
«Аллоҳ йўлида ўлдирилиш барча нарсага каффорат бўлади, фақат қарз бундан мустасно». Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишича, Набий (с.а.в) шундай дедилар:
«Аллоҳ Унинг йўлида жиҳод қилган, фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Унинг калимасини тасдиқлаш учун чиққан кишини жаннатга киритишни ёки ўз масканига ўзи эришган ажр ва ғанимат билан қайтаришни Ўз зиммасига олди. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида жароҳатланган бирон жароҳат йўқки қиёмат кунида жароҳатланган пайтидаги кўринишидек кўринишда келмаса, ранги қоннинг рангидек, ҳиди мушкнинг ҳидидек бўлади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар мендан қолиб кетишлари кўнгилларига хуш келмайдиган – ҳолбуки менда уларни миндириш учун улов йўқ – мўминлар бўлмаганида эди, мен Аллоҳ йўлида эрталаб чиқиб кетадиган бирон сарийядан қолмаган бўлардим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида ўлдирилишимни, сўнг яна тирилишимни, сўнг яна ўлдирилишимни, сўнг яна тирилишимни, сўнг яна ўлдирилишимни, сўнг яна тирилишимни, сўнг яна ўлдирилишимни жуда-жуда хоҳлардим».
[1] Муслим бу ҳадисни Зуҳайр ибн Ҳарбдан, у Жарирдан, у Суҳайлдан, у отасидан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Ибн Миқсам бу гапни Суҳайлга айтган.