Хитой Ўзбекистонга 190 миллион доллар беради

7628
0

Хитой Ўзбекистонга 190 миллион доллар беради

Хитой ҳукумати Ўзбекистонда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун “беғараз”  190 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов ва Хитой Халқ Республикаси Халқаро ҳамкорлик агентлиги раиси ўринбосари Дан Босин ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг маълум қилинди.

Учрашув чоғида Хитой ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни кўриб чиқилгани ва икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилингани айтилмоқда. Шунингдек Хитой томони Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолади ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида устувор грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Ҳужжатда қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва институционал ривожланиш соҳаларида умумий қиймати 190 миллион доллардан ортиқ бўлган 14 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

 Изоҳ: Хитойнинг Ўрта Осиёга нисбатан олиб бораётган сиёсатига оид мазкур хабар тарқаган куннинг ўзида Озодлик радиоси “The Diplomat” сайтига таяниб, америкалик сенаторлар АҚШнинг Ўрта Осиёга кўпроқ эътибор қаратиши кераклиги ва Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга интилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Дарҳақиқат, Ўрта Осиёни ўзининг томорқаси деб билган Россия Украина ботқоғига ботиб боргани сари, бир тарафдан Хитой асосий инвестор сифатида Ўрта Осиё минтақасида қадамини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган бўлса, бошқа тарафдан АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Ўрта Осиёда ўзининг дипломатик мавқеини мустаҳкамлашга ва Хитой экспансиясига қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Яъни Россия ҳозирги иқтисодий танглик ҳолатида Ўрта Осиё давлатларига қарз, кредит, грант сифатида иқтисодий ёрдам кўрсатиш имконига эга эмаслиги сабабли, Ўрта Осиё мустамлакачи АҚШ ва Хитой ўртасида қизғин кураш майдонга айланиб бормоқда.

АҚШ ҳам, Хитой ҳам мустамлакачи давлатдир. Шунинг учун бу давлатлар гўёки ўзларини жонкуяр, ғамхўр қилиб кўрсатса-да, аслида учунчи дунё давлатларига мустамлакачилик кўзи билан қарайди. Масалан Хитой Ўрта Осиё давлатларига “беғараз” қарз бериш орқали ҳамда “Буюк ипак йўли”ни қайта тиклаш баҳонасида ўзининг иқтисодий экспансиясини тобора кенгайтириб бормоқда. У шу вақтга қадар минтақа давлатлари билан асосан иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратиб келаётган бўлса, жорий йилнинг 18-май куни “Хитой-Ўрта Осиё” саммитини ташкил этиш орқали минтақада сиёсий қадамлар ташлашни бошлади. Мазкур саммит АҚШнинг “С5+1” форматига муқобил тарзда ташкил этилган бўлиб, минтақа давлатларини Ғарб томон юзланишининг олдини олишга қаратилди. 

АҚШнинг мақсади эса, минтақадаги табиий бойликларни Афғонистон орқали оламий бозорларга олиб чиқиб кетиш учун йўл ҳозирлашдир. Агар АҚШнинг бу лойиҳаси амалга ошадиган бўлса, у бутун минтақани Россия ва Хитойнинг иқтисодий таъсири остидан олиб чиқа олади. Шу сабабли бу лойиҳа АҚШ учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаат олиб келиши мумкин бўлган муҳим лойиҳалардан ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Россиянинг Украина билан ўралашиб қолганидан унумли фойдаланаётган АҚШ ва Хитой табиий бойликларга сероб бўлган минтақа устидан нуфузини мустаҳкамлаб олишга интилмоқда. Уларнинг ҳар бири худди Россия каби ўз манфаатларини рўёбга чиқариш учун ҳар қандай разилликларга тайёрдир. Бу мустамлакачи кофир давлатлар Ўрта Осиёга яхшилик олиб келиш учун эмас, балки ёмонлик ва зарар олиб келиш учун ўзаро курашишмоқда. Ачинарли ва афсусланарли жойи шундаки, бизнинг устимизда турган раҳбарлар ўз тахти ва бошқарувини сақлаб қолиш учун юрт бойлиги ва келажагини бой бериб бўлса ҳам улар билан ҳамкорлик қилишни давом эттирмоқда.

 Абдураҳмон Одилов

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here