АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Қирғизистон келди

2538
0

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Қирғизистон келди

 Хабар: АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу 24-апрел куни иш сафари билан Қирғизистонга ташриф буюрди.

  Доналд Лу АҚШ делегациясига Давлат котиби Энтони Блинкеннинг феврал ойида Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида минтақага сафари муваффақиятини мустаҳкамлаш мақсадида бошчилик қилмоқда.

 “Бишкекда давлат котиби ёрдамчиси Қирғизистон ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари, шунингдек, иқтисодиёт сектори вакиллари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади”, деб хабар берди Қирғизистон ТИВ.

 Учрашувнинг асосий мавзулари АҚШнинг Қирғизистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаши, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги бўлади.

 Кейин Доналд Лу Душанбега боради ва у ерда ҳукумат расмийлари билан, жумладан, хавфсизлик соҳасидаги умумий муаммолар ва мақсадларни муҳокама қилади. Шунингдек, у Тожикистон матбуоти ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

 Расмий маълумотда Доналд Лунинг Қирғизистон ва Тожикистонга сафари 22-27-апрел кунлари амалга оширилиши айтилган.

 Изоҳ: Россия Украина ботқоғига ботиб боргани сари АҚШ расмийларининг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб амалга ошираётган ташрифлари кўпайиб бормоқда. Маълумки, жорий йилнинг 28-феврал куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан “С5+1”формати доирасида учрашиб, уларга хавфсизлик, иқтисодий фаровонлик ва жамият барқарорлигини ошириш имкониятларини яратишда ёрдам беришга ваъда берган ва 1-март куни Ўзбекистонга ташриф буюриб президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Энди АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Қирғизистон ва Тожикистон бўйлаб сафар қилмоқда.

 АҚШнинг “С5+1” шаклидаги мулоқотдан кўзлаган мақсади Марказий Осиё республикаларини Афғонистон орқали оламий бозорларга олиб чиқиш ва шу орқали бу минтақадаги ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларни қўлга киритиш. Бу лойиҳа амалга ошса, АҚШ бутун минтақани Россиянинг иқтисодий таъсири остидан олиб чиқа олади. Чунки бу бутун оламга айнан фақат Россия орқали чиқиш мумкин бўлган йўналишлар учун муқобил йўл бўлиб, Марказий Осиёни Россия ва Хитойнинг иқтисодий мустамлакаси остидан чиқариб юбориши мумкин бўлган лойиҳадир. Бу лойиҳа АҚШ учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаат олиб келиши мумкин бўлган муҳим лойиҳалардан ҳисобланади.

 Аммо, Россия АҚШни минтақага қайта кириб келишини олдини олиш учун Ҳитой билан “тандем” тузишга ҳам рози бўлмоқда. 20-март куни расмий сафар билан Москвага ташриф буюрган Хитой раҳбари Си Цзинпин билан учрашган Путин бир-бирини “азиз дўст” деб атаб, алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олишди…

 Жума, 21-апрел куни Хитойнинг Франциядаги элчиси Ли Шаэ француз телевидениесига берган интервьюсида Қрим ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, нафақат Украина, балки бутун постсовет респубилкалари “сувернитети”ни савол остига олди. Ли Шаэ  модераторнинг Қрим халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра Украинага тегишли деган сўзларига дипломат шундай жавоб берди: “Халқаро ҳуқуқда ҳатто собиқ СССР давлатлари ҳам ҳақиқий мақомга эга эмас, чунки уларни суверен давлатлар сифатида белгиловчи халқаро шартномалар йўқ”. Элчининг бу баёноти Хитойнинг янги стратегиясининг очиқлаб, келажакда минтақа давлатлари Россия ва Хитой ўртасида ўзаро “тақсимлаб” олиниши эҳтимоли ҳам мавжуд. Ёки Россия Украина уруши ортидан халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ва чўкиб бораётган иқтисодини сақлаб қолишда берадиган ёрдами эвазига минтақани Хитойга “тақдим” қилиб юбориши ҳам мумкин.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here