“Қотил Сиси” “Жаноб Сисига”га айланди

3922
0

“Қотил Сиси” “Жаноб Сисига”га айланди

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Миср Ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукри билан учрашди. Учрашувдан сўнг ташкил қилинган муштарак матбуот анжуманида Мавлуд Чавушўғли икки томонлама муносабатларда тартиблаштирилиши керак бўлган кўплаб мавзулар мавжудлигига диққат қаратди.

“Истагимиз энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада аниқ қадамлар ташлашдир. Тижоратни кучайтириш учун алоқа масалаларида баъзи узилишлар бўлди. Уларни қайта жонлантирмоқчимиз. Дипломатик алоқаларимизни ҳам энг юксак даражага чиқаришни хоҳлаймиз”, “Ҳарбий соҳада дипломатик алоқаларимиз совуқлашган йилларда ҳам мунтазам алоқаларимиз мавжуд эди, бироқ жонлантириш зарур бўлган масалалар ҳам бор”, “Иқтисодиётдан энергетикагача, сиёсатдан таълимгача барча соҳаларда қадам ташлашимиз керак”, деди жумладан Чавушўғли матбуот анжуманида.

Чавушўғлининг таъкидлашича, икки давлат президентлари, яъни Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Абдулфаттоҳ Сиси ўтган йили Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ўзига ва мисрлик ҳамкасби Самиҳ Шукрига Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатларни яхшилаш вазифаси топширилган. У ўзининг ва ҳамкасбининг икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун аниқ қадамлар ташланганидан мамнунлигини билдирар экан, Самиҳ Шукри билан бундан буён тез-тез учрашиб туришларини ва кейинги жараёнларда янада яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишга ваъда берди.

Изоҳ: 2010-йил охирида Тунисда бошланиб, Шимолий Африка ва баъзи араб мамлакатларига ёйилган намойишлар 2011-йил февралида диктатор Ҳусни Муборакнинг 29 йиллик бошқарувига барҳам берди. Унинг ортидан сайловлар орқали Мусулмон биродарлар вакили Муҳаммад Мурсий Мисрнинг биринчи сайланган президенти сифатида ҳокимиятга келган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, яъни 2013-йил 3-июл куни давлат бош штаб раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси қонли тўнтариш уюштириб, Мурсий ва унинг атрофидагиларини қамоққа олди. Бунга қарши чиққан минглаб мусулмонлар кўчаларда ваҳшийларча қатл этилди.

Сиси тарафидан амалга оширилган ушбу қонли давлат тўнтариши ортидан Туркия ва Миср ўртасида кескинлик юзага келган эди. Чунки Мурсийнинг ҳокимиятга келиши Туркия тарафидан ижобий қабул қилинган бўлиб, Мисрдаги сиёсий ўзгаришни “мусулмонлардан ташкил топган ҳукуматнинг демократик илмоний бўлиши мумкинлиги”  Араб ўлкаларига намуна сифатида кўрсатиш илгари сурилган эди. Аммо бу ҳукумат Сисининг қўли билан қулатилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар узилиб, президент Эрдоған Сисига “золим”, “қотил” дея мурожаат қила бошлади. Доимо тўрт бармоғи билан “Рабиа” белгисига ишора қилиб, Миср халқини қўллаб-қувватлашини ифодалади. Сисига мухолиф бўлганлар Туркиядан бошпана топди.

Аммо 2022 йил Қатарда Эрдўған ва Сисининг учрашуви  ва нормаллашув сиёсатига қадам ташлашлари билан вазият тамоман тескари тарафга ўзгарди. Туркиядан бошпана топган Сиси ҳукуматининг мухолифатчилари Туркияни тарк этишга мажбур бўла бошлади. Улардан баъзилари ҳибсга олингани, баъзиларидан эса Туркия фуқаролиги қайтариб олингани ва ҳатто баъзилари Миср режимига топширилиши айтилмоқда.

Халқаро сиёсатдан бироз хабари бор киши яхши биладики, Туркиянинг нафақат Миср балки, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, яҳуд вужуди, ва яқин кунларда Сурия билан бўлиши кутилаётган нормаллашув сиёсати Туркия ҳукуматининг ўз иродасидан келиб чиқиб белгилаган ташқи сиёсат эмас. Бу АҚШнинг “Исроил” билан “нормаллаштириш” режасидан сўнг юзага келган  янги Яқин Шарқ сиёсатига боғлиқ масаладир. Чунки Америка шу кунларда Рус газига муқобил газдан фондаланиш учун Шарқий Ўрта ер денгизида Исроил, Миср ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни вужудга келтирмоқда. Туркия истаса ҳам, истамаса ҳам, яъни шу кунгача олиб борган сиёсати ва берган баёнотларига зид келса ҳам, Америка манфаати учун ўзига топширилган нормаллашув сиёсатини амалга оширишга мажбур. Тахминларга кўра, Эрдўған Сиси ва Асад билан музокаралар бошлашни Туркиядаги мусулмон халқнинг норозилик реакциясидан қўрқиб, 14 майда бўлиб ўтадиган сайловдан кейинга қолдирган.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here