Арманистон КХШТ ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортди

3788
0

Арманистон КХШТ ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортди

 Хабар: Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2023 йилда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (КХШТ) ўқув машғулотларини ўтказишдан бош тортишини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

 “Арманистон мудофаа вазири аллақачон ёзма равишда КХШТдаги ҳамкасбларига бундай вазиятда биз КХШТ машғулотларини Арманистонда ўтказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаслигимиз ҳақида маълум қилган. Бу машғулотлар, катта эҳтимол билан бу йил Арманистонда ўтказилмайди”, – деди бош вазир.

 “Бундай вазият” деганда нимани назарда тутаётганига Пашинян изоҳ бермаган.

 Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги КХШТ тинчликпарвар контингентларининг “Мустаҳкам биродарлик – 2023” қўшма машғулотлари Арманистон ҳудудида ўтказилишини маълум қилганди. Вазирлик ҳали Пашиняннинг баёнотига изоҳ бермади.

 2022 йилнинг сентябр ойида Арманистон Озарбайжон билан чегарасидаги нотинчлик туфайли Қозоғистонда ўтказилаётган КХШТ машғулотларида иштирок этишдан бош тортганди.

Изоҳ: Арманистон бош вазири Никол Пашинян Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 23 ноябрда Ереванда ўтган саммитида КХШТ коллектив хавфсизлик Кенгаши декларациясини ва Арманистонга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортган эди. Бунга рус ҳукуматини озар-арман урушида Арманистон томонида турмагани ва тинчликпарварлик миссияси бўйича зиммасига олган мажбуриятларни бажармаганлиги сабаб бўлган эди.

  “Ҳурматли ҳамкасблар, айни пайтда имзолаш учун тақдим этилган ‘Коллектив хавфсизлик кенгашининг Арманистонга ёрдам кўрсатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ҳақидаги декларацияси’ етарлича ишланмаган, деб ўйлайман ва ушбу ҳужжатларни бу кўринишида имзолашга тайёр эмасман”, – деган эди Пашинян. Бугунга келиб эса Арманистон КХШТ ўқув машҳулотларини ўз ҳудудида ўтказишликдан бош тортмоқда.

  Арманистон Россия етовидаги КХШТ доирасида ўқув машғулотларини ўтказишдан бош тортаётган биринчи аъзо давлат эмас. Бунга қадар, октябр ойида Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ҳам КХШТ тинчликпарвар кучлари билан “Мустаҳкам биродарлик – 2022” қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини бекор қилган эди. Ўқув машғулотлари 10 -14 октябр кунлари Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Қирғиз ҳукумати ҳам КХШТ машғулотларининг бекор қилинишига Тожикистон билан зиддиятни сабаб қилиб келтирганди…

  Аксар сиёсий таҳлилчилар бу ташкилотни “ўлик туғилган чақалоқ” сифатида баҳолаб, унинг мавжуд бўлиб туриши Россиядан бошқага керак эмаслигини айтиб келишади. Маълумки, ташкилот қуввати ва нуфузи етакчи давлатнинг халқаро нуфуз ва таъсирига боғлиқ бўлиб, давлат қудратли бўлса ташкилот ҳам нуфузли, давлат заиф бўлса таъсирсиз ташкилотга айланади. Бугунги кунда халқаро миқиёсда Россия нуфузи тушиб боргани сари унинг етовидаги ташкилотларнинг ҳам таъсир доираси заифлашиб бормоқда. КХШТ, МДҲ ва ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида зиддият, келишмовчилик ва ҳатто қуролли тўқнашувлар келиб чиқиши, Россия эса ушбу зиддиятларга барҳам беришга қодир бўлмаётгани бу ташкилотлар умри тугаб бораётганидан дарак беради. Ҳатто, ташкилотларгина эмас, яқин келажакда Россиянинг ўзини ҳам парчаланиб кетишига олиб келади.

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here