Аллоҳнинг нусрат ҳақидаги ваъдаси рўёбга чиқишидан олдин келадиган синовлар ва нусрат белгилари

211
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Аллоҳнинг нусрат ҳақидаги ваъдаси рўёбга чиқишидан олдин келадиган синовлар ва нусрат белгилари

(Иккинчи ҳалқа)

Устоз Муҳаммад Жоме (Абу Айман)

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судан вилоятидаги

расмий нотиғи ёрдамчиси

Шубҳасиз, нусрат Аллоҳ Таолонинг нусрат ва ёрдам беришига чуқур ишонадиган собир бандаларига нозил бўлади. Улар синов ва машаққатлар қанчалар бўлмасин, Аллоҳ Субҳанаҳунинг ёруғ кунлари яқинлигига ва уларга маълум вақтдан кейин бўлса ҳам албатта ёрдам беришига ишончда бўлганлари учун асло изтиробга тушмайдилар. Улар ҳар қанча бало, мусибат ва торликларга учрасалар ҳам таслим бўлмайдилар. Манфаатларига қанчалар зиён етмасин ўз принципларидан воз кечмайдилар. Чунки уларнинг асл манфаатлари Роббилари ризосига етишиш ҳамда Ислом аҳкомлари ва шариати татбиқ бўладиган замонда яшашдир. Улар қанчалик муҳтожликка учрасалар ҳам, бир бурда нон топгунча қанчалар танглик ва азоб-уқубатларни кўрсалар ҳам, йўлдан оздирувчи ва чалғитувчи нарсалар ҳар қанча кўп бўлса ҳам, ўз масалалари борасида ҳаргиз савдолашмайдилар. Шунча қийинчиликка қарамай, собит турадилар ва ўзларининг тақдирий масалаларига ёрдам бериш учун кунларни тунларга улаб фаолиятни давом эттирадилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг тақдирий масалалари Парвардигорлари ҳукми ва шариатини татбиқ қилиб, Ислом байроғини кўтариб чиқадиган Халифалик давлатини барпо этиш орқали Аллоҳга қуллик қилишдир. Ана ўшалар, шубҳасиз, нусрат хушхабари берилган ва зафару ютуқни қўлга киритувчи зотлардир. Аллоҳим бизни ҳам ўшалардан қил, я Роббал аламин.

Бугун дунё бўйлаб мусулмонларга қарши кофирларнинг очиқ ҳужумларини кўриш бизни қайғуга солади. Исломий юртлардаги ҳукмдорлар улар билан уялмасдан ошкора тил бириктиришмоқда. Улар Ислом ва мусулмонларга қарши урушда кофирлар билан бир сафда туришга қарор қилишди. Аллоҳнинг бизга бўлган меҳрибончилиги туфайли бизнинг саф улардан айри албатта. Лекин бу курашда холис мўминларга синов тобора кучайиб, саботга бўлган эҳтиёж айни босқичда тобора ортиб бормоқда. Албатта бу сабот ортидан Аллоҳ Субҳанаҳунинг изни ила, фатҳ ва очиқ нусрат келади. Мана, яҳудийлар Фаластин аҳлига қарши душманлик ва тажовуз суръатини кучайтиришяпти. Кўчиб келиб жойлашган яҳудийлар тўдаси Ақсо масжидига бостириб кириб, масжид ҳарамида қурбонлик ва ибодатларини адо этмоқчилигини ҳар куни эълон қилишяпти ва (Исроил) аскарлари ҳимоясида, истаган ишини провокацион тарзда амалга оширишяпти. Улар билан Миср, Иордания, Сурия ва Туркия каби исломий юртлар ҳукмдорлари тил бириктиришмоқда. Амирликлар яҳудийларнинг бу жиноятларига гижгижлаётган бўлса, Саудлар оиласи режими шаръийлик тусини бериб келишмоқда. Судан каби қолган мусулмон юртлари ҳукмдорлари эса, итоатгўйлик кўрсатиб, яширин ва ошкор борди-келди қилишяпти. Баъзи мусулмон уламолари сукут қилиш ва кўз юмишни лозим тутишаётган бўлса, баъзилари динни ва дин йўлида тўкилган қонларни ҳамда номусларни ҳурмат қилмай, юзсизлик ва номуссизлик позициясини эгаллаб, босқинчиларга тиз чўкиш ва улар билан муносабатларни нормаллаштиришга даъват қилиб ётишибди!

Икки томонлама стандартларни қаранг: бир томондан Фаластиндаги жиноятларга сукут қилинса, иккинчи томондан Украинадаги урушга ҳамдардлик билдириляпти… Бу глобал мунофиқликдан бошқа нарса эмас!

Худди шу манзарани Хитойдаги уйғур мусулмонларига нисбатан ҳам кўриш мумкин. Масалан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими томонидан 2022 йил 3 августда чиқарилган ҳисоботда «Хитойда инсон ҳуқуқлари жиддий поймол қилинаётгани, Шарқий Туркистон мусулмонларига қарши содир этилаётган айрим амалиётлар инсониятга қарши жиноят даражасига кўтарилган»и айтилади. (Ал-Жазира, 2022 йил 9 сентябр).

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 2018 йил августдаги ҳисоботига кўра, Хитой миллиондан зиёд уйғур мусулмонни Шарқий Туркистон вилоятидаги махфий лагерларга қамаб қўйган. У 1949 йилдан бери эгаллаб келаётган айни вилоятда уйғур мусулмонларни «реабилитация лагерлари»да сақлаб келмоқда. Шу билан бирга, уларга нисбатан мажбурий меҳнат ва мажбурий стериллаш (бепуштлик) амалиётларини қўллаяпти. Австралия Стратегик сиёсат институтининг пайшанба куни чиқарган ҳисоботига кўра, Шарқий Туркистонда Хитой ҳукуматининг сиёсати сабабли 2017 йилдан бери Шарқий Туркистонда тахминан 16 мингта масжид бузиб ташланган ёки уларга зарар етказилган.

Мусулмон юртларидаги пасткаш ҳукмдорларнинг Ислом ва мусулмонларга қарши курашаётган душманлар томонида туришни афзал кўриши ҳам афсусланарли, ҳам ачинарли ҳол. Мана, 2021 йилда Хитойнинг уйғур мусулмонларга нисбатан қилмишларини 62 давлат – улардан аксари исломий юртлар ва Африка юртлари – тўғри деб ҳимоя қилган. Бу 62 нафар давлат имзолаган баёнотда айтилишича, бу давлатлар «инсон ҳуқуқлари баҳонасида Хитойнинг ички ишларига аралашишга ҳамда ёлғон маълумотларга ва Хитойга қарши сиёсий сабабларга асосан уни қоралашга» қарши эканликларини билдирганлар.

Шубҳа йўқки, бугунги кунда Ислом Уммати бошдан кечираётган воқелик аламлидир. Ислом Умматини бирлаштирадиган низом йўқ бўлгани учун барча халқлар унга қарши йиртқичлардек ташланмоқда. Шунинг учун мусулмонларни ҳимоя қиладиган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этиш учун сабот билан туриб, ўзгартиришга ҳаракат қилмоқ лозим.

Дарҳақиқат, нусратнинг собит туриш ва синов-имтиҳонга сабр қилиш ортидан келиши тўғрисида кўплаб оятлар келган. Жумладан Аллоҳ Таолонинг ушбу каломи:

﴿وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ * أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ﴾

«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад). Ана ўшаларга Роббилари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир»                                           [Бақара 155-157]

Аллоҳ Таоло Ислом йўлида нафақат қимматли нарсаларини, ҳатто жонларини берган саҳобаи киром розияллоҳу анҳулар ҳақида аҳзоб сурасида бундай дейди:

﴿مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ فَمِنْهُم مَّن قَضَى نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلاً﴾

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бор. Бас улардан айримлари ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан айримлари эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ»                                                                                             [Аҳзоб 23]

Аслида, имон аҳлининг оғир синов вақтида эгаллаган ушбу позицияси ер юзидаги ҳар бир тоғутга; имон аҳли ўз имонини ғолиб қилиш ва инсонларга ҳақни етказиш йўлида ҳар қанча мусибатларга дуч келса ҳам, албатта нусрат қучажак, деган мазмунда йўлланган нома ўрнидадир. Ҳа, улар ботилга «йўқ», золимга «зулмдан тўхта», деганлари учун нусрат қучадилар. Мўминлар эгаллаган позиция мана шудир. Улардан баъзилари уламолар, баъзилари ҳарбийлар, яна баъзилари оддий инсонлар. Буни уларга ўргатган эса, пайғамбарлари, етакчилари Муҳаммад ﷺдир. Ул зот собит туриб, даъватларида савдолашмадилар, масалаларида ялтоқлик қилмадилар. Ваҳоланки, савдолашишнинг минг тури бор эди, машаққат юксак, босимлар қаттиқ, ёрдамчи ва кўмакчи инсонлар жуда оз эди, Аллоҳ Таолодан ўзга ёрдамчилари йўқ эди. Ҳа, қодир Аллоҳ қуйидаги сўзларни нақадар тўғри сўзлади:

﴿وَاللَّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ﴾

«(Эй Муҳаммад) Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зиёнидан) асрайди»                 [Моида 67]

﴿إِنَّ اللَّهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ كُلَّ خَوَّانٍ كَفُور﴾

«Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур, албатта Аллоҳ барча хоин ва куфрони неъмат қилгувчиларни севмас»                                                                    [Ҳаж 38]

Бугун биз Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халфалик давлатини барпо этиш орқали Исломни ер юзида ғолиб қилиш ишида саботга жуда муҳтожмиз. Биз Роббимизга имон келтирган, ушбу ишимизнинг тўғрилигига инонган, аҳд-паймонимизда кучли, иродамиз синмайдиган, ҳимматимиз доимо баланд ҳолда собит турмоғимиз керак. Азму-қарори кучли бўлган мўминга, нега Аллоҳ нусрат бермасин?!

(Давоми бор).

Роя газетасининг 2022 йил 9 ноябр чоршанба кунги 416-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here