Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонуни

185
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонуни

Устоз Равла Иброҳим

Бўйнимизга болаларимизни омонат қилиб, уларга одоб бериш ва тарбиялаш вазифасини юклаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ Таоло бундай деди:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَّا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ﴾

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур»

                                                                                                                               [Таҳрим 6]

Қуртубий ўзининг тафсирида айтадики, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида сўралганда «уларга одоб беринглар, илм ўргатинглар», деган. Қатода бундай тафсир қилади: «Уларни Аллоҳга итоат қилишга буюринг, Аллоҳга осийлик қилишдан қайтаринг, зиммаларига Аллоҳнинг ишини юкланг ва унга амал қилишга буюринг, бу ишда уларга ёрдам беринг. Агар Аллоҳга бирор осийликни кўрсангиз, уларни тийиб, танбеҳ беринг».

Бу ва бошқа сўзлар айтилган пайтда Халифалик мавжуд бўлиб, таълим тизими, таълим сиёсати, одоб-ахлоқ қонунлари ва жазо чоралари исломий эди. Болалар исломий муҳитда ўсиб-улғаярди. Шундай бўлса-да, оталар ва оналарнинг бевосита роли муҳим бўлиб, уни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Чунки фарзандлар учун энг биринчи ғамхўр ота-онадир, болалар таъсирни биринчи ўшалардан олади. «Ота-она билганини қилар, фарзандлар кўрганини», дейдилар. Албатта, бу таълим сиёсатини белгиловчи тузум ва қонуннинг ролини қадрламаслигимизни англатмайди. Чунки қонун мактаб ва жамиятдаги болалар тарбиясини назорат қилади. Болаларни тарбия қилиб ўстиришда ота-она ҳар қанча саъй-ҳаракат қилмасин, агар тузум, қонун ва таълим сиёсати уларнинг фикр ва туйғуларига уйғун бўлмаса, қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади. Демакки, қонун ҳокимияти оила бошлиғи ҳокимиятидан, жамият таъсири оила таъсиридан кучли.

Халифалик давлати қулатилгандан то бугунги кунгача оила билан жамият ўртасидаги кураш кучайиб бормоқда. Ҳатто айни дамгача оиланинг жамиятдан ғолиб келганлиги бирор марта ҳам қайд этилмаган. Аксинча, барча кўрсаткичлар қадриятларнинг тобора суръат билан қулаётганини кўрсатмоқда. Бунинг боиси шундаки, жамият оила рағбатлари билан эмас, балки қонун кучи билан ҳаракатланади. Бугунги кунда аҳвол шу даражага етдики, инсон табиатига адоват қилувчи қонунлар ишлаб чиқила бошлади. Бу қонунлар мусулмон оила тушунчаларига зид келиб, оилада сақланиб қолган энг сўнгги қадриятлар ва диний ибораларни ҳам суғуриб ташламоқчи. Иорданияда ва Фаластин маъмурияти ҳудудларида ҳам яқинда шундай бўлди, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, деган қонун қабул қилинди. Ваҳоланки, аслида бу қонун болаларни бузади, мияларига Ғарбнинг мафкуравий заҳарларини жойлаб, уларга оила ва ахлоқнинг ҳар қандай жиловини узиб ташлайдиган ғарбча маърифатни беради.

Айни қонун билан яқиндан танишишни истаган киши унинг бандларига мурожаат қилиши мумкин; уни қабул қилган депутатларнинг ақлдан озганига, ўз қўллари билан ўғил-қизларини ҳалокатга ташлаётганига гувоҳ бўлади…, фарзандларни ота-оналардан ва ака-опаларидан қонун кучи билан суғуриб олишга, на дини бор ва на ахлоқи бор оилаларга топширишга тайёргарлик кетаётганини кўради! Ҳа, депутатлар қонунга овоз бериш билан шундай жиноят кўчасига киришди. Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил!

Бу ва бунга ўхшаган қонунларни кескин рад этиш Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликни барпо этиш орқали мусулмонларни азиз қилиш учун фаолият олиб бораётганлар билан бирга ҳаракат қилиш билан бўлади. Чунки Халифалик мусулмонлар учун ҳаётий манфаат ва у ижро қилувчи орган бўлгани боис, уларнинг тақдирий масалалари ҳисобланади. Ижро қилувчи орган одамлар ўртасидаги фикр, туйғу ва тузум бирлигидан келиб чиқувчи муносабатларни мабда манфаати асосида муҳофаза қилади. Айнан Халифалик ҳаётни ўз оқимига солиб, ишларни ўз ўринига қўяди. Айнан Халифалик фарзанд, оила ва жамиятни вайрон этаётган қонунларнинг қабул қилинишига чек қўяди ва ҳаётимизга оқиб келаётган шиддатли Ғарб тушунчалари тўлқинини тўхтатиб, унга қарши курашади. Аммо Халифалик барпо этилгунга қадар, ҳар бир ота-онадан ушбу заҳри қотил қонунни қоралаш учун мубоҳ бўлган ҳар қандай услуб-воситалар билан жиддий ҳаракат қилмоқ ҳамда фарзандлари дилларига Халифаликни барпо этишга ҳаракат қилиш руҳини жойламоқ талаб қилинади. Токи, ўғил-қизларида туб мафкуравий ўзгариш пайдо бўлсин, худди Муҳаммад Фотиҳнинг онаси ва Салоҳиддиннинг онаси ва ўша даврлардаги бошқа оналар қилишгани каби.

Ривоят қилинишича, Салоҳиддин Айюбийнинг онаси беш ёшли Салоҳиддин ўғлининг маҳалладаги қизалоқлар билан «келин-куёв» ўйнашаётганини кўриб қолади… Жаҳлдан юзлари қип-қизарган она Салоҳиддинни судраб келиб, калтаклайди ва бундай дейди: «Болам, мен сени шунинг учун туғдимми! Мен сени (қилич билан отга ишора қилиб) мана буларни ўйнашинг ва катта бўлганингда Ақсо масжидини озод этишинг учун туғганман. Аллоҳга қасамки, отанг келса унга албатта сендан шикоят қиламан». Ота келиб, боласини баландга кўтаради ва «мен онанг билан бирга Қуддуси Шарифни фатҳ қиладиган бола ўстиришга аҳд-паймон қилганмиз», дейди ва болани ўзининг бўйи баробарича баландликдан пастга ташлайди… Салоҳиддин ўрнидан туриб, устини қоқаётганда ота «ёмон йиқилдингми?», деб сўрайди. «Ёмон йиқилдим», дейди. «Нега йиғламадинг?», деб сўрайди. Шунда Салоҳиддин «Қуддуснинг фотиҳи асло йиғламаслиги керак», деб жавоб қилади. Салоҳиддин ўсиб улғайгач, ўн бешта жангга киришган ва улардан энг муҳими Ҳиттин ва Қуддус озодлиги бўлган. Ҳа, Муҳаммад Фотиҳнинг онаси ҳам бундай дер эди: «Эй Муҳаммад, мана, Росулуллоҳ ﷺ мусулмонларнинг қўли билан фатҳ этилажагини башорат қилган Константинополь… Мен ҳар нарсадан буюк ва ҳар ишга қодир Аллоҳдан ушбу фатҳ сенинг қўлинг билан бўлишини сўрайман. Шунда бола «қандай қилиб бундай катта шаҳарни фатҳ қилиш мумкин, онажон», деб сўрайди. Шунда она «Қуръон, ҳокимият, қурол ва инсонларни яхши кўриш билан фатҳ қилиш мумкин, эй ўғлим», деб жавоб қилган.

Ё Аллоҳ, биз Ўзингдан сўраймиз, ўғилларимиз ва қизларимизни Ўзинг яхши кўрган ва истаган ишга ҳидоят қил, уларни сенинг итоатингда, гўзал ибодатингда тарбиялашимизда бизга ёрдам бер, бошимиздаги ҳукмдорлар зулмини кўтар, заҳарли қонунлари зўравонлигидан бизни қутқариб, уларнинг ўрнига, Сенинг Китобинг ва Росулинг Суннати асосида ҳукм юритиши учун байъат қиладиганимиз одил имом-халифа билан бизни икром эт. Икром этки, аввалги ўтган пешқадам авлодлар каби, орамиздан улуғлигимизни қайтарадиган, Ислом ва мусулмонлар иззатини барпо этадиган авлодлар етишиб чиқсин… Бу Сенга ҳаргиз мушкул эмас.

Роя газетасининг 2022 йил 9 ноябр чоршанба кунги 416-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here