Баъзи бир фиқҳий раъйлардаги ихтилофлар (масалан рамазон рўзасини бошлаш) тўғрисидаги саволга жавоб

606
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳизб ут-Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан (фиқҳий)

Асадуллоҳ Қурший (أسد الله القرشي)нинг баъзи бир фиқҳий раъйлардаги ихтилофлар (масалан рамазон рўзасини бошлаш) тўғрисидаги саволига жавоб

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Амиримиз ва шайхимиз, Ҳизб ут-Таҳрир амири аллома Ато ибн Халил Абу Роштага савол. Аллоҳ амиримизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асраб, у кишининг ҳамда Ҳизб ут-Таҳрир йигитларидан иборат мўминлар гуруҳининг қўли билан Исломнинг азизлиги ва нусратини ато этсин.

Қадрли шайхимиз, менинг саволим Ҳизб табанний қилган фиқҳий раъйларга зид келаётган тўрт имом ва бошқа мужтаҳидларнинг фиқҳий раъйлари тўғрисида. Маълумки, бу нарса ихтилоф фиқҳи, деб аталади. Мисол учун, рамазон рўзасини астрономик ҳисоб-китоблар орқали исботлаш масаласига баъзи аввалги фуқаҳолар ҳам тўхталиб ўтган бўлиб, Ибн Сариж шофеий ўз фикрларини батафсил баён қилган. Билишимча, шайх Аҳмад Шокир Мисрий, шайх Мустафо Зарқо Ҳалабий ҳанафийлар ҳам бу масалага тўхталиб ўтганлар. Савол шуки, Ҳизб табанний қилган раъйларга зид келаётган бошқа раъйларга нисбатан – бу айниқса, катта мужтаҳидларнинг раъйи бўлса – қандай муносабатда бўламиз? Масалан, рамазон рўзаси астрономик ҳисоб-китоблар орқали исботланса – бунда икки хил раъй борлигини, жумҳур уламолар уни қабул қилишни вожиб эмас, балки жоиз санашганини ҳисобга олган ҳолда – биз қабул қиламизми? Шунингдек, фуқаҳолар ўртасида ихтилофли бўлган масалада бирор бир мажбурият юкланмайди, балки уларнинг бирига тақлид қилиш жоиз, деган гапни қабул қиламизми? Бу саволни беришдан мақсадим шуки, мен ихтилоф фиқҳи масаласини тиниқ тушуниб олай дегандим, шунингдек, нариги иккинчи раъй қачон маржуҳ бўлади, қачон қарши курашиш лозим бўлган мункар раъй бўлади ёки бизнинг назаримизда маржуҳ ҳисобланса ҳам қачон ихтилоф фиқҳига тушади, шуларни тушуниб олмоқчиман. Мисол учун, бошқа раъйни қабул қилиш жиҳатидан олганда, рамазон рўзасини астрономик ҳисоб-китоблар орқали исботлаш масаласи билан Ҳизб раъйига зид равишда аёл кишининг юз ва кафтлари ҳам авратдир, деган масала ўртасида қандай фарқ бор. Саволим чўзилиб кетгани учун узр сўрайман. Бу назария ихтилофли – табиийки менинг назаримда ихтилофли – бўлгани учун тушунтириб беришингизни илтимос қиламан, хато қилган бўлсам, узр.

Аллоҳ ажрингизни берсин, вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Қилган чиройли дуоларингиз учун Аллоҳ сизга барака ато этсин, биз ҳам хайру баракот ила сизнинг ҳаққингизга ҳам шундай дуода бўламиз.

Шаръий далиллардан тўғри шаръий ижтиҳод билан истинбот қилинган ҳукм ўз соҳиби учун шаръий ҳукм бўлиб, бир исломий раъй ҳисобланади. Ҳатто у биз айтган ва табанний қилган раъйга хилоф бўлса ҳам. Айниқса, агар бу раъй илм ва тақвода машҳур бўлган мазҳаб имомларидан (тўрт мазҳаб имомлари ва мазҳаб мужтаҳидлари)дан бирнинг раъйи бўлса, албатта исломий раъйдир. Табанний қилган раъйларимизга зид бўлган бошқа фиқҳий раъйларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш тўғрисида биз кўплаб ҳизбий сақофий китобларимизда баён қилганмиз. Мен қуйида иккита нарсани иқтибос қилиб келтираман, шояд саволингизга Аллоҳнинг изни ила чиройли жавоб бўлса:

1 – Ҳизб ут-Таҳрир тушунчалари китобида бундай келади:

«Исломга имон келтириш унинг аҳкомлари ва қонунларини тушунишдан фарқ қилади. Чунки Исломга имон келтириш ақл орқали ёки асли ақл билан исботланган йўл орқали вужудга келган. Шунинг учун бу имонга шубҳа киролмайди. Аммо Ислом аҳкомларини тушуниш ёлғиз ақлнинг ўзига боғлиқ эмас, балки араб тилини билишга, истинбот қуввати мавжуд бўлишига ҳамда саҳиҳ ҳадисларни заифларидан ажратишни билишга боғлиқ бўлади. Шунинг учун даъватни ёювчилар аҳкомларни тушунишларини «тўғри тушуниш, лекин хатонинг эҳтимоли бор», бошқаларнинг тушунишларини эса «хато тушуниш, лекин тўғри бўлиш эҳтимоли бор», деб ҳисоблашлари лозим. Токи тушунишлари ва истинботларига мувофиқ Исломга ва унинг аҳкомларига даъват қилиш ҳамда «хатою, тўғри бўлишининг эҳтимоли бор», деб ҳисоблаган бошқаларнинг тушунчаларини «тўғрию, хатолигининг эҳтимоли бор», деб ҳисоблаган ўз тушунчаларига айлантириш уларга муяссар бўлсин. Шунинг учун даъватни ёювчилар ўз тушунчалари ҳақида: «Бу Исломнинг раъйи», дейишлари дуруст эмас. Балки улар ўз раъйлари ҳақида: «Бу исломий раъй», дейишлари лозим. Мазҳаб эгалари бўлган мужтаҳидлар аҳкомларни истинбот қилишларини «тўғри, лекин хато бўлиш эҳтимоли бор», деб ҳисоблашган. Уларнинг ҳар бири: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабим. Менинг гапимни ташланглар», дер эди. Шунингдек, даъватни ёювчилар ўзлари табанний қилган раъйлар ёки Исломдан деган эътибор билан етиб борган раъйларини «тўғри, лекин хато бўлиши эҳтимолли» раъйлар деб ҳисоблашлари лозим». Иқтибос тугади.

2 – Жамиятга кириш китобидан иқтибос:

«Жамиятга киришга келсак, унга ҳар қандай аралашмалардан холи, пок ва соф Исломдан бошқа нарсанинг киришига йўл бермаслик вожиб. Зеро, кофирлар, ҳокимлар ва сиёсатчилар Ислом номи билан – жамиятда Ислом тарафидан бетайинлик пайдо қилиш учун – исломий бўлмаган ҳар хил фикрларни киргизадилар. Мусулмонлар ушбу жиҳатларни тўлиқ англашлари ва Исломга зид ҳар қандай фикрга қарши куфр фикрига қарши курашгандай курашишлари вожиб. Зеро, у ҳам очиқ куфрдир.

Лекин бу ҳужум сиёсий фикрларга ва қонуншуносликка оид фикрларга қарши қаратилган бўлади, яъни фикрлар берилаётган ёки баҳс қилинаётган пайтда давлат ишларида намоён бўладиган жамият алоқаларига тааллуқли фикрларга қарши қаратилган бўлади. Масалан, кўп хотинлиликни ман қилиш, хайрия жамиятларини тузишга рухсат бериш, вазирликларда иштирок этишга рухсат бериш, Ислом оламидаги давлат ҳокимлари ўртасида ўзлари ўтирган жойни сақлаб қолиш учун бирлашиш, араб бирлиги ташкилоти, яшаш даражасини кўтариш, ажнабий сармояларни мамлакатга киритиш ва ҳоказо. Буларнинг барчаси ғайриисломий фикрлар бўлиб, улар исломий деган эътиборда ёки Исломга зид эмас, деб киргизилади. Бу фикрларга қарши ҳужум қилиш, курашиш ва жамиятда бетайинлик пайдо қилмаслиги учун унга кириб келишига имкон бермаслик вожибдир.

Ҳизб табанний қилган фикрларга зид бўлган исломий фикрларга келсак, ундаги тушуниш йўли баён қилинади. Лекин уларга ҳужум қилинмайди, балки улар ҳам исломий раъй экани, лекин далили заифлиги кўрсатиб берилади. Масалан, мужтаҳидлардан айримлари халифа фақат Қурайшдан ёки аҳли байтдан бўлиши жоиз, деган бўлса, баъзилари аёл киши қози бўлиши мумкин эмас, деган. Яна баъзилари эса олтин ва кумушни, уларнинг закоти берилган бўлса ишлатмай тўплаш жоиз деган, яна баъзилари ерни ижарага бериш жоиз дейишади ва ҳоказо. Буларнинг барчаси исломий раъйлар бўлиб, уларнинг жамиятга кириши ман этилмайди, чунки булар жамиятда бетайинликни пайдо қилмайди. Зеро, улар ҳам Ислом бўлиб, Ҳизб табанний қилган раъйлар каби далилга ёки шибҳи далилга суянади. Бундай исломий фикрларга нисбатан уларнинг хатосини кўрсатиб бериш билан кифояланилади.

Бироқ Ҳизб ўзининг нашра, китоб ва мунозараларида ўзи табанний қилган раъйга зид бўлган бирорта раъйни кўтариб чиқмайди. Лекин у аввал табанний қилинмаган раъйларни фиқҳий ёки қонуний нарсани тушуниш учун намуна сифатида тарқатиши мумкин. Бунда ушбу раъйлар кимдан чиққанлиги кўрсатилмай, унинг далили билан кифояланилади. Булар Ҳизб тарқатиш билан шуғулланадиган раъйларга нисбатандир. Аммо агар Ҳизбдан бошқалар тарафидан бирор исломий раъй тарқатилса-ю, бу раъй Ҳизб раъйига зид бўлса, мунозара қилишга зарурат бўлса мунозара қилиш билан кифояланилади. Зарурат бўлмаса, ушбу раъйни эътиборсиз ташлаб қўяверади. Мана шулар ёрдамида Ҳизб жамиятда пайдо бўлиши хавфи бўлган бетайинликни тўсади.

Ислом билан куфр ўртасидаги кураш куфр енгилиб, Ислом ғолиб бўлгунча давом этаверади». Иқтибос тугади.

Юқорида келтирилганлардан очиқ кўриниб турибдики, Ҳизб ўзи табанний қилган раъйга зид келадиган бошқаларнинг фиқҳий раъйларини – модомики тўғри шаръий ижтиҳод билан истинбот қилинган экан – инкор қилмайди. Агар шундай бўлса, уларни рад қилмайди. Балки шу ҳақда улар билан баҳс-мунозара қилиб, раъйларининг хатолигига, Ҳизбнинг раъйи далилларга асосланган тўғри раъй эканига уларни қаноатлантиришга ҳаракат қилади. Аммо уларнинг раъйига қарши курашмайди, ҳужум қилмайди, балки фақат хатолигини баён қилиш билан кифояланади. Ҳизб буларнинг жамиятда мавжуд бўлишига қўйиб беради. Чунки улар ҳам бир исломий раъйдир. Ҳатто Ҳизбнинг наздида улар маржуҳ ва далили заиф бўлса ҳам.

  • Бунга мисоллардан бири, аёлнинг юзи ва кафтлари ҳам авратдир, деган гап. Бу ҳам бир исломий фиқҳий раъй бўлиб, уни айрим фуқаҳо ва мужтаҳидлар айтган. Биз эса, уларнинг айтган гапларини инкор қилмаймиз. Аммо уларни аёлнинг юзи ва кафтлари аврат эмас, деган ўзимизнинг раъйга чақирамиз ҳамда шаръий далиллар билан ушбу раъйимизнинг тўғрилигини баён қилиб берамиз. Бироқ уларнинг мазкур раъйига ҳужум қилмаймиз ва эргашишдан қайтармаймиз. Чунки улар ҳам фуқаҳо ва мужтаҳидлар айтган исломий раъйдир.
  • Аммо астрономик ҳисоб-китоблар масаласига келсак, бу ҳақда кўпчилик тўхталиб ўтган. Баъзилар агар ой кечаси чиқса, ўша кеча рамазоннинг биринчи кечаси бўлади, деган. Баъзилар эса, агар ой кундузи чиқса ва қуёш ботгандан кейин ғойиб бўлса, қанча муддат ғойиб бўлишидан қатъий назар, ўша кеча рамазондир, деган. Яна баъзилар астрономик ҳисоб-китоблар ва кўз билан кўриш ўртасини мувофиқлаштиришга уриниб, агар ой кундузи кўриниб, қуёш ботгандан сўнг кўз билан кўриш имконини берадиган муддатча ғойиб бўлса, у ҳолда, шу кеча рамазоннинг биринчи кечасидир, деган. Кейин 10 дақиқа бўладими, 15 дақиқа бўладими, 20 дақиқа бўладими, мана шу муддатнинг қанчалиги ҳақида ихтилоф қилганлар. Мен буни тўғри ижтиҳод деб билмайман. Чунки рамазонни бошлаш ва тугатишни ойни кўз билан кўришга боғлаган очиқ нусуслар бор:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ»

«Ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар». (Имом Муслим ривояти). Шундай бўлгач, улар буни қўйиб, қандай қилиб ҳисоб-китобга ўтиб кетишади?! Айниқса, ой булут ортида мавжуд бўлиб, булут тўсиб қолгани учун кўринмаётган бўлса ҳам, кўз билан кўрмаслик шаъбонни 30 кун қилиб белгилашини Росулуллоҳ ﷺ кўрсатиб берди-ку.

«فَإِنْ غُمِّيَ عَلَيْكُمُ الشَّهْرُ فَعُدُّوا ثَلَاثِينَ»

«Агар булут тўсиб қолса, (шаъбон) ойини ўттиз кун қилинглар». (Имом Муслим ривояти). Буларнинг барчаси рўзани бошлаш ва тугатиш ойни кўришга сабаб эканини, бошқа сабаб йўқлигини яққол таъкидлаб турибди. Шунинг учун, астрономик ҳисоб-китоблар тўғри шаръий ижтиҳод билан истинбот қилинган деб ҳисобланишига қалбимда бироз шубҳа бор. Биз шаръий кўришни табанний қилган эканмиз, унда Аллоҳнинг изни ила, тўғри шаръий усулга мувофиқ тўғри ижтиҳодга таянилган.

  • Хулоса шуки, мўътабар мужтаҳидлар айтган исломий раъйларнинг – модомики тўғри шаръий ижтиҳод билан истинбот қилинган экан – бирортасига ҳужум қилмаймиз. Балки, бизнинг раъйимиз тўғри эканлиги борасида улар билан чиройли мунозара юритиб, далиллар келтирамиз, уларнинг гапини ҳам эшитамиз. Бироқ, ғайриисломий раъйларни Исломга киритмоқчи бўлиб, одамларни адаштираётган кимсаларга қаттиқ қарши чиқамиз. Чунки у раъйлар Исломдан анча узоқда!

Бу раъйларнинг сохталигини очиб беришда эътиборсиз бўлмаслик керак. Масалан, судхўрлик процентини мубоҳ санаган ёки куфр тузумларида иштирок этиш ва Аллоҳ нозил қилмаган нарсалар билан ҳукм юритиш жоиз, деган раъйлар. Ҳолат шу даражага етиб бордики, ҳатто яҳудийлар билан сулҳ (тинчлик) битимини имзолаш ва яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш жоиз деб айтишмоқда.

أَلاَ سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ

«Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон ҳукм чиқармоқдалар» [Наҳл 59]

Бизнинг замонамизга келиб тарқалган бу каби раъйлар тўғри шаръий истинбот қилинмаган, аксинча, улардан баъзилари Аллоҳнинг Китоби ва Росули ﷺнинг суннатлардаги қатъий далилларга тамоман зид келади. Шунинг учун бу каби раъйлар шаръий аҳком ҳам, исломий раъй ҳам ҳисобланмайди. Уларни гапирган ва уларга амалга қилган кимсалар мутлақ рад этилади, бундай раъйларга қарши курашилиб, уларнинг бўлишини олди олинади.

Мана шу кифоя бўлса керак, деб ўйлайман. Валлоҳу аълам ва аҳкам.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта

Ҳизб ут-Таҳрир амири

25 шаъбон 1442ҳ

7 апрел 2021м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here