Камчибек Ташиев Тошкентга жўнаб кетди

608
0

Камчибек Ташиев Тошкентга жўнаб кетди

 Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев икки давлат ўртасидаги чегара делимитацияси бўйича музокаралар ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга учиб кетди, деб хабар бермоқда Қирғизистон ҳукумати матбуот-хизмати.

 “Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ҳукумат делегациясининг раҳбари, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, генерал-лейтенант Камчибек Ташиев Тошкент шаҳрига  22 март куни қирғиз-ўзбек чегараси бўйича қўшма музокаралар олиб бориш учун йўл олди”, – дейилади хабарда.

 Ташриф чоғида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтади.

 Йиғилиш Тошкент шаҳрида 24-25 март кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

 Маълумки, икки қўшни мамлакатлар ушбу йўналишдаги ишларни 11-12 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида фаоллаштиришга келишиб олган эдилар.

 Изоҳ: Шаръий жиҳатдан исломий юртлар ўртасида чегаралар бўлиши жоиз эмас. Мустамлакачиларнинг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” шиорига биноан СССР ҳам азалдан дини бир, қибласи бир, бозори ва мозори бир бўлган Ўрта Осиё мусулонлари ўртасига сунъий чегаралар тортиб чиқди. Бироқ шуни ўзи билан кифояланиб қолмади. Уларнинг қайта бирлашишларига йўл қўймаслик ва керак бўлган вақтда ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун мусулмонлар онгини миллатчилик ва ватанпарварлик фикрлари билан булғаб ташлади. Унинг бу разил режаси ҳозирга қадар ўз “мевасини” бериб, қўшни мусулмонлар ўртасида чегара можаролари тўхтамай давом этиб келмоқда. Албатта, бу можаролар оддий халқ томонида табиий келиб чиқмайди. Агар расмий ҳукумат халқни ўз ихтиёрига қўйса, одамлар ўрталарида чегаралар мавжуд эканлигини ҳис ҳам қилмай ўзаро тинч яшаб, борди-келди алоқаларини давом эттиришади. Чунки, улар бир дин вакиллари бўлиш билан бирга қавм-қариндош ва қуда-андачилик ришталари билан ҳам боғланиб кетишган. Аммо, Россия бирор республикага бирор босим ўтказиш ва шу орқали ўз измига бўйсундиришни истаган вақтда унинг югурдаклари томонидан чегара можаролари юзага келтирилади ва табиийки бунда миллатчилик ва ватанпарварлик фикрларига суянишади.

 Ўтган йилнинг октябр ойида содир бўлган навбатдаги ҳукумат алмшишидан сўнг ҳокимият тепасига келган янги қирғиз ҳукумати ўзини халқ олдида ишлаётгандек қилиб кўрсатиш, ўзининг хато ва камчиликларини ёпишда айнан мана шу чегара масалаларидан фойдаланмоқда. Ўзбекистондан олдин Тожикистонга сафар қилган МХДҚ раиси Камчибек Ташиев сафар олдидан агар чегара масалаларини хал этиш учун “Тожикистонга қаттиқ талаблар қўйилиши, мамлакатга  Қирғизистон орқали кириб бораётган ЁММ контрабандаси ва Қирғизистон орқали Хитой товарлари тақиқланиши” борасида баёнот берди. Чегара муаммолари қирғиз халқи манфаатлари асосида хал этиладиган бўлди. У бу орқали оддий фуқаролар олдида “очко” ишлаб олишга интилди. Ўзбекистонга амалга ошираётган сафарида ҳам чегараларнинг ўзаро келишилмаган 15 фоизи борасида ўзаро ечим топиш асосий масала бўлади.

 Янги ҳукумат ўзини гўёки Қирғизистон халқи манфаатларини ҳимоя қилаётгандек, мусулмон қўшни давлатлар билан шу вақтга қадар ечилмаган чегара масалаларини хал этишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётгандек кўрсатмоқда. Аммо халқ кўзини шу билан шамғалат қилиб кон ва қализма бойликларни мустамлакачиларган қўшқўллаб топшириб юбормоқда. Аввалги президентлар имзолаган шартнома баҳонасида “Жеруй” олтин кони рус компанияси тасарруфига ўтказиб берилди. Қизил-Омпол уран конини ишлатиш ҳуқуқини Канадада рўйхатдан ўтган “Қирғизистондаги ЮрАзия” компанияси қўлга киритган бўлса-да унинг 60 фоизлик ҳиссаси рус компаниясига, 40 фоизи Қирғизистонга тегишли. Гарчи ҳозирча бу конни ишлатиш тўхтаб турган бўлсада, яқин келажакда қирғиз ҳукумати “аввалги президентлар имзолаган шартнома” иддаоси билан уни ҳам рус ҳукумати қўлига топшириши эҳтимоли йўқ эмас. Бундан ташқари, Хитой ҳукумати қарз эвазига Қирғизистондаги муҳим обьектларни беришни талаб қилаётгани ҳам маълум. Қисқаси, янги ҳукумат Қирғизистон халқи эътиборини чегара масалаларига буриб, халқ мулики бўлган табиий бойликларни осонликча мустамлакачилар қўлига топшириб юбормоқда. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here