Қирғизистонда сиёсий бўшлиқ узоқ давом этса “контрреволюция” бошланиб кетиши мумкин

811
0

Қирғизистонда сиёсий бўшлиқ узоқ давом этса “контрреволюция” бошланиб кетиши мумкин

Қирғизистонда навбатдаги давлат тўнтарилиши бўлиб ўтаяпти. Президент, бош вазир, спикер сингари расмий етакчилар қочиб кетишди ёки беркиниб олишди. Лекин ҳар бир сиёсатчи ва партия етакчилари ҳокимиятни ўзи томонга тортиш учун ҳаракатлар олиб бораяпти. Уларнинг деярли ҳар бири ўз тарафдорларини Бишкекка чақириб олиб, тўпалончи ёш кучлар воситасида мамлакатни шантаж ҳолатида ушлаб туриш йўли билан ўзлари учун мансаб талаб қила бошлашди.

Бир томонда Адахан Мадумаровни бошлиқ қилиб сайлаб олган координациялик кенгаш тузилган бўлса, иккинчи томонда Садир Жапаровни қўллаган кучлар парламент вакилларини тўплаб, уни бош вазир қилиб сайлаб олди. Учинчи томонда майдонга минглаган ғарбпараст ёш-кучлар тўпланиб Тилек Токтогазиевни бош вазир бўлишини талаб қилишяпти. Уларнинг бирортаси иккинчи томонни тан олмай, ҳар бири ўз тарафдорларини пойтахтда ушлаб туриш билан халққа ва бошқа алтернатив кучларга босим ўтказмоқчи бўлишяпти. Бу ҳолат мамлакатда ўта ҳавфли вазиятни пайдо қилиб, агар ҳолат ўзгармаса, тўпалончи ёшлар ўртасида моддий, балки қуролли тўқнашувлар пайдо бўлиши мумкин.

Қирғизистон халқига мурожат қилиб шуни айтамизки, бу тузумни ислоҳ қилиш ёки мавжуд сиёсатчиларни бирор креслога ўтиргизиб қўйиш фарзандларимизнинг жонини тикиб юборишимизга арзимайди. Бу тузум асосидан “ҳокимият халқники” деган ёлғон ақидага қурилган бўлиб, етакчи гуруҳлар бир бири билан ҳокимият талашаётганида халқнинг қувватидан фойдаланишга ҳаракат қилишади холос. Бошқарув системасида эса ҳатто халқ билан маслаҳатлашиш механизми мавжуд эмас. Бунга мисол сифатида Бишкекда тўпалон олиб бораётган сиёсатчиларнинг ҳар бири, ортида турган тўпалончи оломоннинг талабини халқ талаби деб кўтаришаяпти. Агар бу гуруҳ ёки жамоанинг талаби халқ талаби бўлса, ёнида турган бошқа гуруҳлар ёки уйида ўтирган бошқа фикрда бўлган одамларнинг фикри кимнинг фикри деб қаралади. Демак халқнинг номидан гапираётган бу оломонни бир шахс ёки гуруҳ ўз мақсади йўлида бошқаряпти.

Қирғизистон давлатчилиги кризис ҳолатида турибди, мамлакатда сиёсий бўшлиқ пайдо бўлди. Бунга сабаб Ғарбпараст таҳлилчилар айтишаётганидек халқнинг минталитети ёки сиёсий онгининг заифлиги эмас! балки Ғарб беркитишга ҳаракат қилаётган унинг капитализмга асосланган бошқарув системасининг яроқсизлигидир.

Ҳозир сиёсий етакчиликка яна янги кучлар келишяпти. Ҳали ҳокимиятга келмай туриб уларнинг ҳар бирида ҳар хил ёлғон, фирибгарлик, худбинлик элементлари кўрина бошлади. Бу уларнинг шахсиятларининг бузуқилиги касофатидангина эмас, балки улар бу системада ҳокимиятга келишнинг бошқа чорасини топа олишмаётганидандир. Демак ҳокимиятга келган ҳатто тоза ниятли сиёсатчи ҳам, бошқарувда ёлғон ва хиёнат йўлига қадам қўйишдан бошқа чора топа олмайди! Ҳатто бизнинг мамлакатлар интилаётган Ғарбдаги етук давлатларда ҳам аҳвол худди шундай. Кўринишлар, ҳолат ва услублар бошқачароқ бўлиши мумкин, лекин бошқарув механизми ва бошқарувни қўлга киритиш йўллари асосда ҳам, бошқарувда ҳам бир хил. Улар ҳам халқини  “бошқарув халқники” деган ёлғон шиорлар билан алдаб, шахсий мақсадлари йўлида кўчага олиб чиқишади.

Хулоса қилиб айтсак, ҳокимиятга қайси бир гуруҳнинг келиши билан муаммо тубдан ечилиб кетмайди. Ҳар қандай етакчи шахс кўп ўтмай Акаев, Бакиев, Атамбаев, Жеенбековнинг йўлига тушиб олади. У ҳам, ташқи қарзларни тўлаш учун стротегик жойларни сотишга мажбур бўлади. Атрофидаги кучли гуруҳларни рози қилиш учун коррупцияга йўл беради. Бюджетни тўлдира олмай қолганида ташқи давлатлардан ҳар хил ёлғон баҳоналар билан қарзлар олишга мажбур бўлади. Бу оламий бошқарув системасининг ўзгармас механизми бўлиб, ҳеч ким инкор қила олмайдиган ҳақиқатдир! Демак фақат сиёсий шахслар, янги очкўз нафслар ўзгаради холос!

Абдураззоқ Мўъмин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here