Бишкекда КХШТ саммити бўлиб ўтади

744
0

Бишкекда КХШТ саммити бўлиб ўтади

 28-ноябр куни Бишкекда бўлиб ўтадиган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) саммитида Қирғизистоннинг ташкилотга раислик вазифаси якунига етади. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаев маълум қилди.

 Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон раислиги даврида устивор вазифа сифатида, ташкилотда хавфсизлик масалалари, инқирозий вазиятларни изга солиш, ҳарбий ва иқтисодий масалалар, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратган.

 Бишкекда бўлиб ўтадиган саммитда халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади. Бир қатор ҳужжатлар имзоланиб, ташкилотнинг 2020-йил учун бюджети тасдиқланади.

 “Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти” минтақавий ташкилот бўлиб, “тинчликни сақлаш, коллектив асосда минтақавий ва глобал хавфсизликни мудофаа қилиш” каби ниқоб остида Россиянинг минтақадаги ҳарбий таъсирини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

КХШТ таркибида 26 минг доимий ҳарбий ва 4 мингдан ортиқ тинчликпарвар аскарлардан иборат 10 батальон бор. Булардан 3 батальон Россияга, икктаси Қозоғистонга, қолган аъзоларга биттадан батальон тегишли. Ҳаво кучларидан 10 ҳарбий самолёт ва 14 вертолёт Қирғизистондаги Россия авиа базасида жойлашган.

 Ўзбекистон таклифига биноан 2005-йили қабул қилинган битимга мувофиқ, КХШТ аъзо давлатлардан ташқарида ҳам давлат тўнтаришига қарши ҳарбий операцияларни амалга ошириши мумкин. Бу ўз навбатида Арманистон-Озорбайжон ва Қирғизистон-Ўзбекистон ўртасидаги можароларда иштирок этиш имконини беради.

 Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, КХШТ минтақада асосан икки вазифани бажаради. Биринчиси, бу ташкилот Россияга ўзининг собиқ мустамлакаларидаги таъсирини сақлаб, унинг манфаатларини кафолатлаб беради. Бу ўз навбатида минтақага бошқа державаларни ҳарбий аралашувига тўсиқ қўяди. Иккинчиси, халқаро карвон билан бирга “терроризм” баҳонаси остида минтақадаги мусулмонларга қарши курашади. Аниқроғи, Исломни тўлиқ татбиқ қилишга ҳаракат қилган мусулмонларни синдиришни кўзлайди.

 Бундан ташқари, Россия минтақадаги ҳарбий базалари – Қирғизистон ва Тожикистонда жойлашган базалари ҳамда Қозоғистонда махфий сақланаётган ҳарбий қурол-яроқлари орқали ўз таъсирини сақлаб туради.

 Мумтаз Моварауннахрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here