Алимов: “Россия ва Хитой – Марказий Осиёнинг икки қаноти”

631
0

Алимов: Россия ва Хитой Марказий Осиёнинг икки қаноти

 Самарқандда “Валдай” мулоқот клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилмоқда. “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизлик чақириқлари олдидан кўп томонлама ҳамкорлик” мавзусида ўтказилаётган бу конференцияда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тожикистонлик собиқ бош котиби ҳам қатнашди. У Россия ва Хитойни минтақа учун икки муҳим мамлакат деб атади.

 “Минтақа мамлакатлари учун Россия ва Хитой энг ишончли ҳамкорлар ҳисобланади. Парвозга шайланаётган Ўрта Осиёнинг қанотлари айнан Россия ва Хитой. Минтақа мамлакатлари ўзаро ҳамкорлик орқали ривожланиши мумкин. Охирги йилларда мамлакатлар ўртасидаги тижорат ҳажми ўсиб бормоқда. Хитой ва Россия минтақанинг доминантлари эмас, мавжуд ҳамкорлардир.

 Россия, Хитой ва минтақадаги 5 та мамлакатнинг ўзаро товар айланмаси бир йилда 20 фоизга, яъни 25-27 миллиард долларга ошди. Таққослаш учун АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,7 миллиард долларни ташкил қилади. Гап таққослашда ҳам эмас, ҳамма ўз ҳамкорини ўзи топади.

Эришилган ютуқлардан ҳаволаниб, тўхтаб қолиш эмас, ишончли ҳамкорлар билан ишлашда давом этиш керак”,- деди Алимов.

 Изоҳ: 2004 йили Россиянинг Новгород шаҳрида ташкил этилган “Валдай” россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон сифатида маълум. Самарқандда бўлиб ўтган навбатдаги конференцияда ҳам “экспертлар” Россия қуввати, ЕОИИнинг имконият ва истиқболлари ҳақда фикр юритиб, минтақа давлатлари учун энг мақбул йўл Россия бошчилигидаги ЕОИИга аъзо бўлиш эканлигига алоҳида эътибор қаратишди. Экспертлардан бири, Россия Фанлар академияси Е.М.Примаков номидаги халқаро ташкилотлар ва глобал сиёсий тартибга солиш сектори халқаро сиёсий муаммолар бўлими илмий ходими Алексей Куприянов, “СССР қулаганидан кейин йўқ бўлиб кетган улкан иқтисодий базани тикламоқчимиз”, -деди.

 Аслида ҳам Россиянинг ЕОИИ ташкил этишдан кўзлаган мақсади, СССРдан мерос қилиб олган мустамлакаларини яна қайта ўзининг иқтисодий таъсири остига олиш ва ўзида ишлаб чиқарилган, маънан эскирган махсулотлари учун бозор очишдан иборат эди. Шу сабабли ҳам ЕОИИга аъзо бўлган давлатлар ичида фақат Россиянигина савдо баланси ижобий бўлди. Қолган республикалар эса ташкилотга аъзоликдан фақат зарар кўриб келишмоқда. Минтақада нузуф талашаётган Хитойнинг мақсади эса минтақадаги давлатларни қарз ботқоғига ботириш орқали ўзининг иқтисодий экспансиясини кенгайтиришдан иборат. Россия ва Хитой давлатлари минтақа давлатлари учун икки қанот эмас, аксинча, қанотларини қайирадиган қонҳур чангаллардир.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here