Халқни гиж-гижлашдан кимга фойда

558
1

Халқни гиж-гижлашдан кимга фойда

 Маълумки, Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида 13 октябр куни вафот этган Қанигул Сотволдиеванинг ерга берилиши бир қанча талаш-тортишувлар келтириб чиқарган эди. Бунга асосий сабаб Қанигул Сотволдиевани Ислом динидан воз кечиб, христиан динининг баптист оқимига ўтиб кетганлиги бўлган. Маҳаллий мусулмонлар ўз динидан воз кечган аёл жасадини мусулмонлар қабристонига қўйилишига қаршилик билдиригани сабабли унинг жасади мусулмонлар қабристонидан қайта қазиб олиниб христианлар қабристонига қўйилган эди. Бироқ, христианлар қаршилиги ортидан жасад иккинчи марта қазиб олинган ва Олабуқа қишлоғидаги қабристонга дафн этилган, аммо яна маҳаллий аҳоли қаршилиги сабабли учинчи марта қайта қазиб олиниб, яширинча дафн этилгани тўғрисида ОАВ хабар қилган эди.

 24 октябр куни “АКИpress” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази директори Жанар Асқар қизининг маълум қилишича, Олабуқа тумани Ичик ишлар бўлимининг 10-бўлим ходимлари маҳаллий аҳолини Қанигул Сотволдиева жасадини қайта қазиб олишга гиж-гижлашган.

 “Унинг укаси бизга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Укасининг маълум қилишича, ИИВ 10-бўлим ходимлари уларнинг уйига маҳаллий ҳукумат вакиллари ва имом билан келиб, марҳуманинг яқинлари ўз эътиқодларидан воз кечишса жасадни маҳаллий қабристонга кўмишлари мумкинлигини айтишган. Яқинлари рози бўлишганидан сўнг имом жаноза намозини ўқиган ва жасад дафн қилинган”,- деди Жанар Асқар қизи.

 Адвокатнинг қайд қилишича, жасад христианлар қабристонига дафн этилганидан сўнг 10-бўлим ходимлари маҳаллий аҳолини гиж-гижлашганлиги натижасида улар марҳума яқинларини жасадни бошқа қабристонга дафн этишга мажбур қилишган.

 “Улар жасадни Ўрикли (Оруктуу) қишлоғига қайта дафн қилиш учун қабрни очишларига тўғри келган. Жасадни кўмишаётганида маҳаллий аҳолидан ҳеч ким қарши бўлмаган. Аммо жасад кўмилганидан сўнг 10-бўлим ходимлари яна аҳолини бунга қарши қўзғашган. Натижада Ўрикли қишлоқ аҳолиси жасадни кўмилишига қарши чиқишган ва маҳаллий имомни олиб келиб жасадни қайта қазиб олиш ва олиб кетишга мажбур қилишган. Бу вақт мобайнида 10-бўлим ходимлари марҳуманинг яқинлари эътиқодларини масхаралаб туришган. Яқинлари милициянинг руҳий босими остида жасадни Олабуқа қишлоғига олиб бориб кўмишган. Орадан икки кун ўтиб яна ўша 10-бўлим ходмлари қўнғироқ қилиб, Олабуқа қишлоқ аҳолиси жасадни кўмилишига қаршилик қилишаётганини айтишган. Аммо яқинлари учинчи марта жасадни қайта кавлаб олишдан бош тортишган. Шундан сўнг 10-бўлим ходимлари жасадни ўзлари қазиб олиб номаълум томонга олиб кетишган. Биз ҳозирга қадар Сотволдиеванинг жасади қаерда эканлигини билмаймиз”,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

 Матбуот анжумани қатнашчилари Бош прокурор, Жогорку Кенеш ва президентга мурожаат йўллаб, 10-бўлим ходимлари жиноий жавобгарликка тортишини сўрашди.

 “Улар ўзларини 10-бўлим ходимларидеб таништиришди, аммо гувохномага қарашга имкон беришмади. Уларнинг бу ҳаракатлари ЖКнинг 263, 299 ва 316-моддаларига тушади”,- деди Жанар Асқар қизи.

1 COMMENT

  1. Динидан воз кечип, жасад хам сарсон болипти. Охиратни айтмай куявер инглиз.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here