Хитой Жалолободда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга оширмоқда

760
0

Хитой Жалолободда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга оширмоқда

 Жалолобод вилоятида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш бошланди. Лойиҳа доирасида, бугундан бошлаб Бишкек – Ўш ва Жалолобод – Балиқчи автомобил йўлларида назорат камера-комплексларини ўрнатилувчи ҳудудлар олдиндан текширилди. Текширувни Хитойнинг “Snenzhen Sunwin” компанияси вакиллари ва ИИВ ходимлари олиб боришди.

 Хабар қилинишича, назорат камера-комплекслари Жалолобод вилояти ҳудуди орқали ўтган Бишкек – Ўш автомобил йўлидаги 32 жойга, Жалолобод – Балиқчи йўлидаги 4 жойга, Жалолобод шаҳридаги кўчаларнинг 12 жойига ўрнатилади.

 Эслатиб ўтамиз, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга оширишни Хитойнинг “Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd” компанияси Россия компаниясидан икки баробар кам нарх таклиф қилиб ютиб олди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг биринчи босқичи жорий йил февралда бошланиб, унда Россиянинг “Вега” компанияси 35 миллион долларга 110та назорат камера-комплексини ўрнатган.

 Қирғизистон ташқи қарзининг ярмига яқини, аниқроғи, 1,7 миллиард долларини Хитойдан олгани маълум. Шу туфайли, Хитой мамлакатдаги иқтисодий манфаатларидан ташқари, эндиликда ахборот курашида ҳам одим ташлай бошлади. Бунга Россиянинг иқтисодий жиҳатдан заифлашиб бориши кенг имконият пайдо қилмоқда. Буни юқоридаги каби стратегик лойиҳада хитой компанияси рус компанияларини ортда қолдиргани ва темир йўл қуришда Россия билан муросага келиши тасдиқлаб турипти.

 Бунга қадар Хитой Қирғизистонда юзни танийдиган камералар тизимини ўрната бошлагани хабар қилинган эди. Хитой мазкур лойиҳа орқали бугунги кунда Шинжонда амалга ошираётган қатағон сиёсатини эртага Қирғизистонда ҳам давом эттиришни кўзламоқда. Хитойнинг бу каби “хавфсизлик” назорати сабабли бугун Шинжондаги лагерларига уч миллионга яқин уйғур, қозоқ, қирғиз, дунган миллатидаги мусулмонлар ташланди. Бу лагерларга чет элда қариндошлари борлар, хитой тилини билмаганлар, хитой қонунларини билмайдиганлар, исломий қадриятларни маҳкам ушлаганлар ташланади. Уларга мажбурий тарзда хитой тили, қонунлари, инқилобий қўшиқлар ўргатилади ҳамда дини, чет элдаги қариндошларидан воз кечиш талаб қилинади

 Шунинг учун ҳам биз Хитой компанияларига инвесторлар деб эмас, балки Хитой босқинчилигининг бир қисми сифатида қарашимиз, шунингдек, Хитойдан келаётган хавфни кўра олишимиз зарур.                             

 Мумтоз Маворауннахрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here