Россия иқтисоди кредитлар туфайли “портлаши” мумкин

665
0

Россия иқтисоди кредитлар туфайли портлаши мумкин

 Россия аҳолиси катта миқдорда кредит олгани 2021 йилда мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Россия иқтисодиёт ривожланиши вазири Максим Орешкин айтиб ўтди.

 “Мавжуд вазият шундайки, ундан оғриқсиз ҳалос бўлишнинг энди иложи йўқ. Келинглар, муаммони ўзимиздан узоқлаштириб, уни янада катталаштирмайлик”, – деди вазир. Орешкиннинг сўзларига кўра, 2022 йилга қадар мамлакат иқтисодида кредитлар туфайли “портлаш” бўлади.

 Аввалроқ Россия марказий банки ва иқтисодиётни ривожлантириш вазирлиги ўртасида аҳолининг қарздорлиги ошиб бораётгани борасида баҳс кетган эди. Марказий банкнинг таъкидига кўра, иқтисодиётни жадаллаштирадиган ягона омил маиший ва автомобил кредитларидир.

 Аммо Орешкин бу қарашларни қабул қилмайди. Унинг сўзларига кўра кредитлар кўпайиб бориши бозорда “ёрилажак пуфак” ҳолатини юзага келтиради. Вазирнинг таъкидлашича, айни вақтда аҳолининг кредитлашуви ҳажмини камайтириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

 Путин бошқаруви даврида Россия иқтисоди абгор ҳолатга келди. Умумий мулк Путин атрофидаги бир ховуч олигархлар қўлида тўпланиб, оддий халқ турмуш даражаси йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Бу олигархлар умумий мулк ҳисобидан орттирган жиноий бойликларини ҳориж давлатларига олиб чиқиб кетишмоқда.

 The Guardian нашри 2017-йили қўлга киритган ҳужжатларга кўра, 2010-2014- йилларда Россиядан 20 миллиард долларга яқин пуллар чиқариб кетилган. Бироқ мазкур иш устида 2014- йилдан буён иш олиб бораётган тергов маълумотига кўра, “ювилган” пулларнинг умумий миқдори 80 миллиард долларга етиши мумкин. Нашрнинг суриштирув билан боғлиқ манбаси маълум қилишича, пуллар ёки ўғирланган ёки криминал йўл билан кирган. Схемага 500 га яқин одам, жумладан, олигархлар, москвалик банкирлар, шунингдек, Федерал хавфсизлик хизматига алоқадор ёки унда ишловчи кишилар жалб этилган.

 Юқоридаги маълумотлар фақат бир ҳорижий нашр томонидан қўлга киритилиб ошкор этилганларидир. Ошкор бўлмаган йўллар билан Россиядан қанча пул олиб чиқиб кетилганини фақат таҳмин қилиш мумкин холос. Оддий аҳоли ҳаёт кечириш, эҳтиёжларини қодириш учун давлатдан кредит олиш мажбур бўляпти ва шу орқали қарз ботқоғига ботиб боряпти. Олинган кредитларни қайтариш вақти келганида, барқарор даромад манбаи йўқлиги туфайли фуқаролар буни адо қила олмаяпти. Одатдагидек, Россиядаги иқтисодий инқироз ва салбий оқибатлар учун яна одамлар айбдор бўлиб қоляпти.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here