Муқаллид ва муттабе ҳақидаги саволга жавоб

526
0

Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан (фиқҳий)

Имом Нававий (Imam Annawawy)нинг муқаллид ва муттабе ҳақидаги саволига жавоб

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Аллоҳ сизга куч-қувват ва сиҳат-саломатлик ато этсин

Қадрли амирим ва биродарим, саволимга жавоб беришга вақт топасиз, деган умиддаман.

Савол шуки, сизнинг «Тайсирул вусул илал усул» китобингизда ушбу иборани ўқидим: «Савол: Муқаллид муайян бир масалада тақлид қилган бўлса, кейин ундан қайтиб, ўша масалада бошқа мужтаҳидга тақлид қилса бўладими? Бу саволга жавоб тарзида шуни айтишимиз мумкинки, муқаллидга нисбатан шаръий ҳукм – ўзи тақлид қилган мужтаҳиднинг истинбот қилган шаръий ҳукмидир. Бу эса иш қуйидагича бўлишини англатади: Агар муқаллиднинг амали ўзи тақлид қилган масалага боғланган бўлса, ўша тақлид қилаётган масаладан қайтиб, бошқасига тақлид қилиши мумкин эмас. Чунки у ўша масала тўғрисидаги бир шаръий ҳукмга риоя қилиб, амал қилиб бўлди». Иқтибос тугади. Шу ерда менда савол пайдо бўлди: мисол учун, араб тилини билмайдиган омий киши имом Шофеий роҳимаҳуллоҳдан битта шаръий ҳукмни, масалан, намозни олса ва унга амал қилса, сўнг бошқа бир мужтаҳиднинг, масалан, имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг рус тилига таржима қилинган китобидаги намоз ҳукмини ўқиса-да, сўнг имом Шофеийнинг раъйини тарк қилиб, имом Моликнинг раъйини олмоқчи бўлса, бу унга шаръан жоиз бўладими? Бошқача ибора билан айтадиган бўлсам, араб тилисиз таржиҳ қилиш тўғри бўладими? Яъни, далиллар араб тилисиз шаръий далил деб эътибор қилинмайдими? Мен нима учун бу саволни беряпман, гап шундаки, менинг минтақамда жуда кўп мусулмонлар бир неча масалаларда ўзлари илгари амал қилган мужтаҳиднинг раъйларини тарк қилиб, ўша масалалар ҳақидаги бошқа бир мужтаҳиднинг раъйларига амал қилмоқдалар! Бир вақтнинг ўзида, улар на араб тилини биладилар ва на шаръий илмларни! Оят ва ҳадисларни рус тилида ўқишади-да, ўша рус тилидагиларни шаръий далиллар, дея даъво қилишади! Тушунишим ва бошқаларга ҳам тушунтиришим учун жавобингизни кутаман! Аллоҳ сизни кўп яхшиликлар ила мукофотласин ва Ўзи куч-қувват ва сиҳат-саломатлик ато этсин!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Бу масала қуйидагича:

Агар бир мусулмон – масалан, Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича намоз ўқиш каби – аҳкомлардан бирида муайян бир мазҳабга тақлид қилаётган бўлса, кейин буни ўзгартирмоқчи бўлиб, Шофеий мазҳаби асосида намоз ўқишни хоҳласа, бу жоиз эмас. Аммо қуйидагиларга риоя қилса, жоиздир:

  • Бу иш шаръий таржиҳга (далилини афзал, деб билишга) асосан бўлиши лозим. Янги ҳукм унинг учун енгил ва осон бўлгани ёхуд унинг ҳавои нафсига мос келгани учун бўлмаслиги керак. Чунки у ҳавои нафсига эргашишдан қайтарилган. Аллоҳ Таоло айтади:

 فَلَا تَتَّبِعُوا الْهَوَى 

«Ҳавои нафсга эргашмангиз» [Нисо 135]

Аллоҳ Субҳанаҳу яна бундай деган:

 فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ 

«Бордию бирор нарса ҳақида талашиб қолсангиз, у нарсани Аллоҳ ва Росулига қайтарингиз!» [Нисо 59]

Яъни муқаллид наздида Аллоҳ ва Росули рози бўладиган таржиҳга мурожаат қилиш лозим. Бу эса, ҳавои нафс ва эҳтиросдан узоқдир. Таржиҳ қилмасдан, икки мазҳабдан бирини танлаш – ҳавои нафс ва эҳтиросдан келиб чиқиб танлаш бўлиб, Аллоҳ ва Росулига мурожаат қилишнинг зиддидир.

Муқаллид бир мужтаҳидни бошқа мужтаҳиддан ёки бир ҳукмни бошқа ҳукмдан таржиҳ қиладиган таржиҳотлар талайгина. Уларнинг энг муҳим ва энг авлоси қуйидагича: илмлилик, тушуниш ва одиллик. Масалан, муқаллид ўзи илмли ва одил, деб билган кишини таржиҳ қилади-танлайди. Зеро, гувоҳдан ҳам гувоҳлик қабул қилинаётганда одиллик шарт қилинади. Таълимда шаръий ҳукмни кўрсатиб бериш – мана бу шаръий ҳукм, дея гувоҳлик бериш ҳисобланади. Шунинг учун шаръий ҳукмни олаётганда таълим берувчининг одил бўлиши шарт қилинади. Демак, истинбот қилаётган кишининг одил бўлиши ундан ҳам муҳимроқдир. Шунинг учун биз мужтаҳиддан ёки таълим берувчидан шаръий ҳукмни олаётганимизда, унинг одиллик билан сифатланган бўлиши сўзсиз шартдир. Ким Шофеийни олимроқ ва унинг мазҳабини кўпроқ тўғри, деб билса, демак, у ўз эҳтироси асосида Шофеий мазҳабига хилоф бўлган бирор мазҳабни олиши жоиз эмас. Энди, далилининг афзаллиги кўриниб қолса, ўзининг мазҳабига хилоф бўлган ўша кейинги мазҳабни олиши лозим бўлади. Бу ерда таржиҳ қилиниши лозим ва бу таржиҳ – албатта эҳтирос ва ҳавои нафс асосида бўлмаслиги керак. Муқаллид мазҳабларни ҳар бир масалада ўзига кўпроқ ёққанига қараб танлаши жоиз эмас!

  • Шаръий ҳукмни билишда одамлар икки турга бўлинади: мужтаҳид ва муқаллид, учинчи турдагиси йўқ. Чунки аслида, киши ё ўз ижтиҳоди билан етиб борган нарсани олиши керак ёки бошқасининг ижтиҳоди етиб борган нарсани олиши керак. Иш фақат шу иккисидан нарига ўтмайди. Шунга асосан, демак, мужтаҳид бўлмаган ҳар бир киши, қай турда бўлмасин, албатта муқаллид бўлади. Чунки тақлиддаги масала – киши ҳукмни ўзидан бошқасидан олишидир, бунда нариги одамнинг мужтаҳид бўлиши ёки бўлмаслигининг аҳамияти йўқ. Мужтаҳид ҳам – ўзи ижтиҳод аҳлидан бўла туриб – битта масалада ўзидан бошқа мужтаҳидларга тақлид қилиши жоиздир. Бундай ҳолда, у айни масалада муқаллид бўлади. Шунга кўра, муқаллид ҳам битта ҳукмда мужтаҳид бўлиши мумкин, бўлмаслиги ҳам мумкин.
  • Мужтаҳид ижтиҳод қилишга қодир шахсдир. Бунда араб тилини етарли даражада билиши, Қуръон ва Суннатдан етарли даражада илмга эга бўлиши ҳамда солиштириш, жамлаш ва таржиҳ қилиш билан далилларни етарли даражада қандай муҳокама қилишни билиши, кейин эса, аҳкомларни истинбот қилишга қодир бўлиши шарт қилинади. Ушбу мужтаҳид, агар бирор масалада ижтиҳод қилса ва ижтиҳоди бирорта ҳукмга олиб борса, у ижтиҳоди олиб борган ҳукмга зид равишда бошқа мужтаҳидга тақлид қилиши жоиз эмас. У ушбу масалада ўз гумонини тарк этиши ёки гумонига амал қилишни тарк қилиши жоиз эмас. Фақат маълум ҳолатларда жоиз. Бу ҳолатларнинг энг муҳимлари қуйидагича: мужтаҳидга ўзи таянган далилнинг заифлиги ва бошқа мужтаҳиднинг далили эса, кучли экани кўринса, ўз ижтиҳоди олиб борган ҳукмни дарҳол тарк этиб, далили кучли ҳукмни олмоғи лозим бўлади. Ўз ижтиҳоди олиб борган аввалги ҳукмда қолмоғи унга ҳаромдир.

Буларнинг барчаси мужтаҳид бир масала устида ўзи ижтиҳод қилиб, ижтиҳоди бирор ҳукмга олиб борган ҳолат ҳақида эди. Энди, мужтаҳид бирор масала устида илгари ижтиҳод қилмаган бўлса, бундай ҳолда, унинг бошқа мужтаҳидларга тақлид қилиши ва айни масала устида ижтиҳод қилмаслиги жоиз. Чунки ижтиҳод қилиш фарзи айн эмас, балки фарзи кифоядир. Шунинг учун мужтаҳид бирор масаланинг шаръий ҳукмини илгари билган бўлса, бу масала устида ижтиҳод қилиши шарт эмас. Балки у айни масалада ижтиҳод қилиши ҳам, бошқа мужтаҳидларга тақлид қилиши ҳам мумкин.

Яъни мужтаҳид бир раъйдан бошқа бир раъйга таржиҳ, яъни далилнинг қуввати асосида кўчади, ҳукмни ўзи истинбот қилган бўладими ёки бошқа мужтаҳид истинбот қилганми, фарқи йўқ.

  • Мужтаҳиднинг тақлиди воқеси мана шу. Мужтаҳид бўлмаган киши эса, у икки турлидир: муттабе ва омий. Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга кўчмоқчи бўлса, иккаласи учун ҳам маълум шартлар бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эҳтирос ва нафс-ҳавога қараб ёки осонлигига қараб кўчмаслиги керак. Балки муттабе ва омий учун бўлган қуйидаги шаръий таржиҳ асосида кўчиши лозим:
    • Муттабе шаръий қонунчиликда эътиборга олинувчи баъзи илмларга эга бўлган кишидир. Бу илмлардан баъзилари:

а)   Муттабе араб тилини муносиб равишда билиши лозим. Яъни у билан маълум даражада араб тилида гаплашиш-тушуниш мумкин бўлсин, Қуръони Каримни арабча ўқий олсин, ҳадис ўқиганда унинг арабча маъносини тушуна олсин. Бу – унинг ҳадисдаги ҳар бир сўзни тушуниши шартлигини англатмайди, балки баъзи арабча сўзлар маъносини сўраб билиши ва излаб топиши ҳам мумкин.

б)   Муттабе ҳадислардаги мутавотир, саҳиҳ, ҳасан ва заифларнинг нима эканини таржима орқали бўлса ҳам, муносиб равишда билиши лозим. Шунингдек, унда саҳиҳ ҳадис китоблари борасида илм бўлиши керак. Масалан, Бухорийдаги ёки Муслимдаги ҳадисни кўрганда унинг саҳиҳлигини билсин. Термизийдаги бирор ҳадисни ўқиб қолса, Термизий уни ҳасан ҳадис, деб айтган бўлса, бунинг маъносини тушунсин. Бинобарин, заиф ҳадисдан саҳиҳ ва ҳасан ҳадиснинг фарқи қандай бўлишини билсин… ва ҳоказо.

Муттабе бир раъйдан бошқа раъйга далилини билиб кўчади. Чунки у далилини билиб эргашган ҳукм далилини билмасдан эргашган ҳукмдан афзалдир. Агар у бир мазҳабга далилини билмаган ҳолда тақлид қилган бўлса, сўнг бошқа бир мазҳабнинг далиллари билан танишса, ўша далилини билган мазҳабга эргашади, далилини билмаган мазҳабни тарк қилади.

Бошқача ибора билан айтганда, муттабе бир раъйдан бошқа раъйга таржиҳ билан кўчади. У далилини билган ҳукмга эргашиб, далилини билмаган ҳукмни тарк қилади.

  • Энди, омийга келсак, у шаръий қонунчиликда эътиборга олинувчи баъзи илмларга эга бўлмаган кишидир. У араб тилини деярли билмайди, Китобу Суннатдаги далилларни тушунмайди. Аллоҳ Субҳанаҳуга домласидан ўргангани бўйича ибодат қилади… Бу каби инсон ҳар қандай масалада бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга кўчмайди, фақат таржиҳ билан кўчиши мумкин. Омийнинг таржиҳи ўзи тақлид қилаётган кишига – унинг тушунчаси, тақвоси ва яхши муомаласига қараб – ишонишидир. Ўша ишончига қараб, масжид имомига ёки ўз отасига ёхуд масжидда одамларга Қуръон ўқишни ўргатаётган кишига тақлид қилиб, ўшалар каби, масалан Шофеий мазҳаби бўйича намоз ўқиб юраверади. У бундай ҳолатда бошқа мазҳабга – юқорида айтиб ўтганимиздек – фақат таржиҳ билан кўчади. Яъни, унинг таржиҳи – аввал эргашаётган масжид имоми ёки ўз отасидан илмли бўлган бошқа бир кишини учратиб қолиши ва уни аввал эргашаётган кишиларидан кўра тақволироқ ва одилроқ деб билишидир. Мана шу унинг таржиҳидир. Энди, бу киши Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича намоз ўқиса, омий у кишини бошқалардан олимроқ ва тақволироқ, деб билса… шунингдек, ўша кишининг Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича ўтаётган дарсларига қатнаб юрса… натижада бу киши унинг ишончидан жой олиб, ундан кўнгли таскин топса, бундай ҳолда ушбу омий инсон намозида Шофеий мазҳабидан Абу Ҳанифа мазҳабига – айни ишонч ва кўнгил таскин топгани учун – кўчиши мумкин.

Бошқача ибора билан айтганда, омий бир раъйдан иккинчи раъйга таржиҳ билан кўчади. Омийнинг таржиҳи шуки, у тақво ва одиллигига ишонадиган, илми ва тушунчасидан кўнгли тўлган, уни кўчадиган мазҳабига элтадиган кишини таниши-учрашишидир. Агар қалби хотиржам бўлса, бошқа мазҳабга кўчиши жоиз.

  • Бу айтганларимиз – кишининг амали бир мужтаҳидга тақлид қилишга боғланган бўлса ва у иккинчи бир мужтаҳид мазҳабига кўчишни истаса, таржиҳ қилиши зарурлиги ҳақидаги гаплардир. Бу – аввал бир мужтаҳидга далилини билмай эргашиб келаётган бўлса, кейинроқ далилини билиб олиш билан бўладими ёки ўрганишлиги натижасида, кейинги мужтаҳиднинг далили аввал тақлид қилиб келганидан кўра, кучлироқ эканига ишонч ҳосил қилиш билан бўладими, фарқи йўқ. Аммо кишининг амали бирор масалада мужтаҳидга тақлид қилишга ҳали боғланмаган бўлса ва у илк бор тақлид қилаётган бўлса, у ҳолда, далиллари ва илмига қониққан бирор бир мужтаҳидга тақлид қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, битта масаладаги тақлид – шу масала, унинг шартлари ва рукнлари борасида битта мужтаҳидга бўлиши лозим. Мисол учун, намозда – унинг шартлари ва рукнлари битта мужтаҳиддан олиниши керак. Яъни, унинг таҳорат, қиём ва рукулари битта мужтаҳиддан олинади… Намозни Абу Ҳанифадан, таҳоратни эса Шофеийдан олинмайди. Балки, масаланинг ҳаммаси битта мужтаҳиддан олинади. Аммо намоз, рўза ва ҳаж каби масалалар ҳар хил бўлса, буларнинг барчасини битта мужтаҳиддан олиш жоиз, ёхуд рўзани битта мужтаҳиддан, намозни бошқа бир мужтаҳиддан олиш ҳам жоиз ва ҳоказо.

  • Энди, шулардан келиб чиқиб, сизнинг саволингизга жавоб берадиган бўлсам, демак, бу араб тилини билмайдиган биродарлар ўзларини муттабе деб ўйлашяпти. Шунинг учун далилларни таржима орқали ўқиб, шунга биноан улар аввалги мазҳабларидан кейинги мазҳабга кўчиб юришибди. Ўзларини далилни билиш кифоя бўлган муттабемиз, деб ҳисоблашгани учун шундай қилишяпти. Бироқ, модомики улар араб тилини билмас эканлар, уларнинг воқеси бунга тушмайди. Шу боисдан, ўз мазҳабини тарк этиш ва бошқа мазҳабга кўчиш учун таржима етарли эмас! Улар омий каби таржиҳ қилишлари керак. Яъни улар учун араб тилини биладиган ва унга далилни араб тилида ўқиб бериб, изоҳлаб, ушбу мазҳабнинг рожиҳроқ эканини унга баён қилиб берадиган бирор кишини топишлари керак. Агар мана шундай кишининг илми ва тушунчаси борасида кўнгли таскин топса, шундагина мана шу ишонч асосида таржиҳ қилган мазҳабга кўчиши жоиз бўлади. Яъни мазкур биродарлар, ўзларининг аввалги мазҳабларидан янги мазҳабга кўчишни истасалар, модомики араб тилини билмас эканлар, уларга таржимани ўқиш кифоя қилмайди. Балки, шу таржимага қўшимча, омий каби таржиҳ қилишлари лозим бўлади.

Айни масалада менинг раъйим шу, валлоҳу аълам ва аҳкам.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта

15 жумодул-аввал 1439ҳ

1 феврал 2018м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here