Ҳидоятга йўллашдаги гўзал йўл охир замонда айрим амалдан яхшироқдир

838
0

بسـم الله الرحمن الرحيم

Ҳидоятга йўллашдаги гўзал йўл охир замонда айрим амалдан яхшироқдир

Даъватчининг иши ҳозирги даврда асосан ҳато фикрларни очиб бериш, ҳамда исломий ҳақиқатларни ва унинг ҳукмларини инсонларга тушунарлик қилиб баён қилишдан иборат. Шу ишни олиб боришда ҳам Исломнинг аниқ кўрсатмалари бор. Ибн Масъуднинг мавқуф ҳадисида келади:

«اعْلَمُوا أَنَّ حُسْنَ الْهَدْىِ، فِى آخِرِ الزَّمَانِ، خَيْرٌ مِنْ بَعْضِ الْعَمَلِ»

«Билингларки (гапиришдаги) гўзал йўл охир замонда айрим амалдан яхшироқдир».

Даъватчи ўзига қарши фикрдаги суҳбатдоши билан олиб борган мунозара – баҳсдир.

Шариатда мунозарадан ҳақиқатнинг юзага чиқарилиши ва ботилнинг ботиллиги кўрсатилиши мақсад қилинади. Аллоҳ Таоло айтади:

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا

„(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг суҳбатларингизни эшитур“. [58:1]

Бу оятда Аллоҳ Таоло суҳбатдошига қулоқ солиши ва уни эшитиши жуда аҳамиятли эканини айтиш билан бирга мунозарани суҳбат деб номлаб, уни ҳар икки тарафнинг ўз ҳужжатини ёки ўзи ҳужжат деб ҳисоблаган нарсасини келтириш деб белгилади. Ундан мақсад ўз фикри ва йўналишини қувватлаш ва рақибининг ҳужжатини бекор қилиб, уни тўғрилик ва ҳақиқат деб билган тарафига олиб ўтишдир. Аммо ундан ҳақ эшитиб туриб ундан юз ўгириш оғир гуноҳ. Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд(р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар(с.а.в): «Кимнинг қалбида бир зарра мисқолича кибр бўлса, жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Ахир одам кийимининг, пойабзалининг чиройли бўлишини хоҳлайди-ку?!», деди. Айтдиларки: «Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр эса ҳақдан норози бўлиш ва одамларни менсимасликдир». Ҳар қандай шаръий ҳукмни билганда, унга эътироз билдириш, ғижиниш ёки уни қабул қилишда иккиланиш иймонга зиддир. Аллоҳ Таоло айтади:

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ

„(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингиз Йўли-динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!“. [16:125]

قُلْ هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ إِنْ كُنتُمْ صَادِقِينَ

„(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!»  [2:111]

Пайғамбар с.а.в Макка мушриклари билан, Нажрон насоролари билан, Мадина яҳудийлари билан мунозаралар қилганлар. Даъватчи эзгуликка чорлаб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, адаштирувчи фикрларга қарши курашиб борар экан, қайси бир жойда мунозара услуби зарур бўлиб қолса, ўша жойда мунозара вожибга айланади. «Бир вожиб бир нарсасиз амалга ошмаса, ўша нарсанинг ўзи ҳам вожиб бўлиб қолади» деган қоидага асосан шундай бўлади. Баҳсдаги тартибни билмасдан туриб баҳслашиш мақсаддаги натижаларга олиб бормайди. Мусулмон олимларнинг мунозара қонунлари ва одоблари хусусидаги тавсияларини қуйида айрим қўшимча билан келтирамиз.

  1. Аллоҳдан тақво қилишни биринчи навбатга қўйиш. Унга яқин бўлишни мақсад қилиш. Унинг буйруғини бажариб, розилигига эришишни умид қилиш. Аллоҳ учун, Унинг дини учун, ўзининг рақиби учун насиҳатни ният қилиш. Чунки дин насиҳатдир.
  2. Рақибини ютиш, мот қилиш эмас, ҳақиқатни юзага чиқариш ва ноҳақлигини кўрсатиб беришни ният қилиш. Шофеий айтади: «Ким билан гаплашмай, ҳар доим унинг муваффақият қозонишини, тўғри бўлиб чиқишини, Аллоҳ томонидан унга ҳифзу ҳимоя бўлишини хоҳлаганман. Ким билан гаплашмай, ҳар доим Аллоҳ ҳақиқатни менинг тилимдан баён қиладими, унинг тилидан баён қиладими, мен учун фарқи бўлмаган». Ибн Уқайл айтади: «Ҳақиқатни юзага чиқариш мақсад қилинмаган ҳар бир мунозара эгасининг ҳалокатидир».
  3. Фахрланиш, обрў топиш, нимагадир эришиш, талашиб-тортишиш ва риёни мақсад қилмаслик. Мажлисда рақибидан устун бўлишга интилмаслик. Пайғамбар(с.а.в) шундай деганлар: «Илмни олимлар олдида фахрланиш учун ҳам, нодонлар билан тортишиш учун ҳам, мажлисларда ўзиларни яхши кўрсатиш учун ҳам ўрганманглар, ким шундай қилса, дўзах, дўзах».
  4. Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбарга раҳмат ва салом айтиш билан бошлаш. Аллоҳдан Ўзи рози бўладиган ишга муваффақ қилишини сўраш.
  5. Гапни қисқа қилиш, енгил, ҳамма маънони ўзида жамлаган, балоғатли гапириш. Кўп гапириш издан чиқиш ва хатога олиб бориб қўйишнинг устига тингловчини малол ҳам олдириб қўяди. Рақибига маълум нарсаларда гапни чўзиб юбормаслик. Мунозара мавзуига халал бермайдиган қисқагина қилиб айтиб ўтиш.
  6. Рақиби билан ҳар иккиси мурожаат қиладиган аслга келишиб олиши керак, яъни баҳсни асоси, келтириладиган ҳажжатлар қандай бўилиши тўғрисида келишиб олиш. Бу нарса кофир билан мунозара қилинганда фақат ақлий бўлади. Мусулмон билан эса ақлий ҳам, нақлий ҳам бўлиши мумкин. Ақлий ишларга ақл мурожаат қилинадиган асл бўлиши мумкин, аммо шаръий ишларда бу асл фақатгина нақл бўла олади, холос. Аллоҳ Таоло айтади:

فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ

„Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз“, [4:59]

яъни Қуръон ва Суннатга. Мунозара далил ёки шубҳа билан бўлади. Уларсиз мунозара шовқин солиш ва тартибсизликдан бошқа нарса эмас. Шубҳага ибн Ақил «Йўналишни ҳақиқат бўлмаса ҳам ҳақиқат суратида хаёллантириш шубҳадир», деган таърифни беради. Ибн Ҳазм шовқин солишни «Бир ёки бир неча масалаларни ноҳақликка олиб борадиган бузуқ, ботил ҳужжат билан, бўяб кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, сафсатадир», деб таърифлайди. Ибн Ақил айтади: «Илм аҳлининг энг севимли йўли ҳужжат ёки шубҳа асосида гапиришдир. Шовқин солиш эса мунозара аҳлининг тартибсизлигидир». Шовқин солиш бу далил ёки шубҳасиз мунозара қилишдир, дейиш ҳам мумкин.

  1. Баҳс қилинадиган мавзуъда келишиб олиш, то баҳсдан аниқ ҳулоса чиқмагунча ўша мавзуъдан бошқасига чалғимаслик, чунки кўпинча суҳбатдош ўзини мағлуб бўлганига ақли етиб қолганда мавзуъни бошқа томонга буриб юбориш билан вазиятдан чиқишга уринади. Кофир билан шариатнинг фарълари хусусида мунозара қилинмайди. Чунки у шариатнинг аслига иймон келтирмайди. У билан тўрттагача уйланиш, аёлнинг гувоҳлиги, жизя, мерослар, ароқнинг ҳаромлиги ва бошқа фаръий масалаларда тортишилмайди. У билан далиллари ақлий бўлган диннинг асллари борасидагина мунозара қилинади. Чунки мунозарадан мақсад ботилдан ҳаққа, залолатдан ҳидоятга олиб ўтишдир. Бу нарса эса уни куфрдан иймонга олиб ўтиш билангина амалга ошади. Шунингдек, насроний билан буддия ёки яҳудиянинг ноҳақлиги хусусида мунозара қилинмайди, чунки баҳсдан мақсад суҳбатдошини ҳаққа етаклаш бўлиш керак. Бу ва шунга ўхшаш мавзулардаги гаплар умуман мунозара ҳисобланмайди. Чунки насроний буддий ёки яҳудий эмаски, унинг ноҳақлигидан ҳаққа олиб ўтилса, у билан мунозара фақат унинг ўзининг ботил ақидаси хусусида бўлиб, ундан мақсад уни ақидага – Исломга олиб ўтиш бўлади. Шунинг учун ҳам келишган мавзуимизда гаплашамиз, ихтилоф қилган мавзуимизни тарк қиламиз, дейилмайди. Чунки биз мунозара қилишга буюрилганмиз. Мунозара эса фақат ихтилофли мавзулардагина бўлади. Насроний ёки капиталист мусулмон билан буддия ёки коммунизм ёки социализмнинг қабиҳ эканига иттифоқ қилишиб, шу атрофда гаплашсалар, бу гап мунозара ҳисобланмайди. Бу нарса мусулмоннинг гарданидаги мунозара йўли билан Исломга олиб ўтиш деган вожибни соқит қилмайди, оқламайди. Шунингдек, кофирлар билан келишган жойларимиз хусусида гаплашиб, ихтилофли жойларимизни қиёматга қўйиб қўямиз, ўшанда Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаганича ҳукм қилади, ўртамизни ажрим қилиб беради, деб ҳам айтилмайди. Чунки биз ихтилофли ишларда мунозара қилишга буюрилганмиз, уни қилмасак гуноҳкор бўламиз. Тўғри, дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳукм – ёлғиз Аллоҳники. Лекин биз Аллоҳнинг иши билан устимизга юклатилган вазифани аралаштириб юбормаслигимиз керак. Бундай қилиш масъулиятсиз жоҳил кимсанинг ҳужжатидир, ҳужжати эмас, ҳеч бир далили ҳам, шубҳаси ҳам бўлмаган шовқин солишидир.
  2. Овозини олдидагилар эшитадиган даражадан юқори кўтармаслик. Рақибига қараб бақирмаслик. Ҳикоя қилинишича, Абдуссомад исмли Бану Ҳошимлик бир киши Маъмуннинг олдида гапириб, овозини кўтариб юборди. Шунда Маъмун: «Эй Абдуссомад, овозингни кўтарма. Тўғрилик қопиб гапиришда эмас, топиб гапиришдадир», деди.
  3. Рақибини менсимай, ерга урмаслик. Рақибнинг шовқинига сабр қилиб, унга нисбатан ҳалим бўлиш, унинг тойилишларини кечириш. Фақат агар у нодон бўлса, у билан мунозара қилишга чек қўйилади. Саркаш, ўзимники тўғри дейдиганлар билан мунозара қилинмайди. Чунки бундайлар бошқанинг гапини олмайдилар. Қизиққонлик ва зажр (бақириш)дан сақланиш. Ибн Сирин: «Қизиққонлик нодоннинг тахаллусидир», деган. Бу гапда мунозарадаги қизиққонлик назарда тутиляпти.
  4. Ўзидан кўра билимлироқ одам билан мунозара қилганда хато қиляпсан, гапинг нотўғри, дейилмайди. Агар биров мана бундай деб қолсачи, эътироз билдирсачи, қабилида гапирилади. Ёки йўл сўрагандек қилиб, мана бундай дейилса, тўғри бўлаверадими, деб гапирилади. Илм ва илм аҳлини менсимайдиган одам билан ёки мунозара ва мунозарачиларни менсимайдиган нодонларнинг кўз олдида мунозара қилмаслик. Молик айтади: «Кишининг илмга итоат қилмайдиган одам олдида илмни гапириши илмни хорлашидир».
  5. Рақиб келтираётган далилларни яхшилаб тушуниб олиш керак. Шунда уни рад қилиш имкони туғилади. У гапини тугатмай туриб, гапириб юбормаслик керак. Ибн Вахб Моликнинг, тушунмай туриб, жавоб беришдан фойда йўқ, рақибнинг сўзини бўлиб қўйиш одобдан эмас, деганини эшитганман, дейди. Агар рақибнинг ўзи уришқоқ, саркаш, шаллақи бўлса, аслида, у билан мунозара қилмаган маъқул. Мунозара асносида унинг шундайлиги очилиб қолса, насиҳат қилинади. Олса олди, олмаса гаплашмай қўя қолинади.
  6. Юзини рақиби томонига қаратмоқ. Мунозарачини менсимасдан атрофдагиларга аланглаб турмаслик керак. Хоҳ у келишаётган бўлсин, хоҳ келишмаётган бўлсин. Агар рақибнинг ўзи шундай қилса, насиҳат қилинади. Тийилмаса мунозара тўхтатилади.
  7. Фазовий каналлар ва умумий мажлислар каби хавфли жойларда мунозара қилинмайди. Аммо агар динида мустаҳкам бўлиб, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаса, қамалиш ёки ўлдирилиш деган нарсаларни бўйнига олиб қўйган бўлса, бемалол ҳақ гапни айтиб, мунозара қилаверади. Ўзидан қўрқса, амир ёки султоннинг олдида ҳам жим туриш маъқул. Агар ўзини Ҳамза билан бирга бўлишга тайёрлаб олган бўлса, гапиргани яхши. Чунки қўрққан одам дадил гапирмасдан, дин ва илмни айбли қилиб кўрсатиб қўйиши мумкин. Салафлардан Аҳмад, Молик кабиларнинг ва ҳозиргилардан Қаззофий суннатни инкор қилган пайтда у билан мунозаралар қилганларнинг тутган ўринларини бир эслайлик.
  8. Ёмон кўрадиган одами билан мунозара қилмасин. Ёмон кўриш у тарафиданми, рақиби тарафиданми, фарқи йўқ.
  9. Рақибининг тилидан чиққан ҳақ гапни олишдан бўйин товламаслик. Чунки ҳақиқатга қайтиш ботилдан довдираб юришдан яхшироқдир. Шундай қилса, гапни эшитиб, унинг энг яхшисига эргашувчилар тоифасидан бўлади.
  10. Жавобни чалкаштирмаслик. Бу нарса саволга мутобиқ бўлмаган жавоб қайтариш билан бўлади. Масалан, сўровчи Саудия Ислом давлатими, деб сўраса, жавоб берувчи, у ердаги ҳукм Исломийдир, дейди. Мана шу жавоб чалкаштиришдир. Тўғри жавоб эса ҳа ё йўқ ёки билмайманларнинг бири бўлади.
  11. Аниқ кўриниб турган нарсани инкор қилмаслик. Бундай қилиш ўзни катта олишдир. Масалан, кофирларнинг мусулмонларга душманлигини инкор қилиш ёки мусулмонлар диёрларидаги мавжуд тузумлар Ислом билан ҳукм юритмайдиган куфр тузумлар эканини инкор қилиш.
  12. Умумий бир гапни гапириб, кейин унинг тафсилотига ўтганда унга зид гапни айтмаслик. Масалан, Америка Ислом ва мусулмонларга душман деб туриб, орқасидан Америка фаластинликларга давлатларини тиклаб олишларида ёрдам беряпти, чунки у адолат ва эркинлик тарафдори дейиш ёки Америка Ироққа уни диктаторликдан, зулмдан озод қилиш учун кирди, дейиш.

Ғариб.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here