Ҳукумат қаёққа қараб кетяпти?

452
0

Ҳукумат қаёққа қараб кетяпти?

 Икки кундан буён жамоатчилик ичида қизғин мунозарага, одамларни икки гуруҳга бўлинишига сабаб бўлган ходисани кўриб қуйидаги масал эсимга тушиб кетди:

Бир ўрмонда болта пайдо бўлиб дарахтларни кеса бошлабди. Ўрмон аҳли унга чора тополмай донишманд Эман ҳузурига борибдилар.

– Болта деганларинг нимадан ишланган? — деб сўрабди Эман воқеадан огоҳ бўлгач.

– Болта деганимиз темирдан ишланган, — деб жавоб қилишибди.

– Дастаси-чи, дастаси ҳам темирми?- деб сўрабди Эман.

– Йўқ, дастаси темир эмас, ёғочдан.

– Эҳ, аттанг, дастаси ўзимиздан экан, энди болтани тўхтатишнинг ҳеч қандай иложи йўқ, – деган экан донишманд Эман.

Ҳа, бир халқ ёки давлатни парчаланиб, йўқ бўлиб кетишига, йиллар давомида босқинчи давлатлар зулми остида эзилишида арзимас маблағ ёки амал эвазига босқинчи давлат фойдасига ишлаб берган халқ ичидан чиққан хоинлар муҳим рол ўйнашган. Тарихдан маълумки, куфр давлатлари исломий Халифалик давлатини йўқ қилишда ҳам айнан мана шу услубни ишга солишди, яъни “сопини ўзидан чиқаришди”.

 Куфр давлатлари ўз сақофатларидан таъсирланган бир Уммат фарзандларини турли жинсу миллатларга ажратиб юборадиган миллатчилик тушунчаларини сингдиришди. Турк ёшларидан иборат “Ёш турклар жамияти” номли бир жамият тузиб, Францияга олиб бориб ўқитишди. Улар Франциядан қайтишгач бу жамият “Иттиҳод ва тараққий партияси” номини олди. Бу партия ўша вақтдаёқ мутлақ эркинликларни ва давлат юритиш учун исломий дастурдан ўзга бир дастур бўлишини талаб қилдилар. Мана шу талабнинг ўзи исломий эътиқодни парчалаш ва Ислом тузуми билан ҳукм юритишдан чекинишга кифоя қилар эди. Мана шу партияни вужудга келтириш билан мусулмон фарзандларининг ўзидан Ислом Умматини парчалаш ва Ислом тузумини йўқ қилиб юбориш учун хизмат қиладиган шахсларни вужудга келтиришди.

 Кофирлар шунинг ўзи билан кифояланиб қолмади, балки араб ёшларидан ҳам “Ёш араблар жамияти” номли жамият тузди. Уларга ҳам ғарб маданиятини ўргатиб, дилларига араб миллатчилиги оғусини қўйишди. Бу ёшлар ватанга қайтишгач, мусулмон фарзандлари ёрдами билан Усмоний давлатдан қутулиш учун хизмат қиладиган махфий жамиятлар тузишга киришиб кетдилар. Ўша вақтда араб ёшлари билан турк ёшлари ўртасида кураш бошланди. Униси араблиги билан фахрланса, буниси турклиги билан ғурурланар эди. Иккиси ҳам Исломсиз бирор кун ҳам азиз бўлмаганлигини мутлақ эсдан чиқарган эди. Биринчи жаҳон уруши бошланганда араблар инглиз ва французлар тарафида, турклар эса немислар тарафида туришди. Уруш мусулмон давлатининг парчаланиши, бирлигининг йўқолиши, Ислом халқларининг бўлиниб кетиши ва оқибат натижада ҳаммасининг мустамлакага айланиб, кофирларга қарам бўлиб қолиши билан ниҳоясига етди. Шундай қилиб кофирларнинг асл хоҳишлари рўёбга чиқди қолди. Натижада эса, ҳимоясиз ва давлатсиз қолган мусулмонлар мана қарйиб бир асрдирки куфр зулми остида нола қилиб келишмоқда.

 Бугун жамият ичида икки хил фикрни пайдо бўлишига Германия канцлери Ангела Меркелнинг Қирғизистонга уюштирадиган расмий сафари олдидан пойтахт Бишкекни “безашга” киришиб кетган ҳукуматнинг мехмон “шарафига” илган баннерлари сабаб бўлди. 12 июл куни пойтахтнинг бер нечта жойида пайдо бўлган, бир томонига миллий кийимдаги қизлар, иккинчи томонига эса ҳижобланиб, юзини ўраган қизлар сурати акс этган остига эса “Қаёққа кетяпмиз, бахтиқаро халқим?” деб ёзилган баннерлар пайдо бўлди. Бу баннерлар ким томонидан илингани ва ким томонидан молиялаштирилганини ҳатто шаҳар маъмурияти ҳам аниқ билмайди.

 Қирғизистон ҳукумати нима қилаётгани, дўст киму душман кимлигини аниқ фарқлаш даражасига етмай, арзимас грант ва ёрдам пулларни олиш илинжида дуч келган куфр давлатига ялтоқланиб, улар томонидан қўйилган талабларни сўзсиз бажаришга тайёр бўлиб қолган кўринади. Ёки жамият ичидан чиққан хоинлар аҳолининг 85 фоизини ташкил қилувчи мусулмонлар туйғулари билан ўйнашиб, жамият ичида фитна қўзғаш орқали хожаларининг топшириғини бажаришмоқда. Расмий ҳукуматнинг эса уларга қарши туришга қурби етмай қолган.

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here