Туркиянинг Асадга нисбатан позицияси ўзгариши мумкин

536
0

Туркиянинг Асадга нисбатан позицияси ўзгариши мумкин

Туркия ҳукуматининг Сурияга нисбатан, хусусан Асадга нисбатан сиёсатида ўзгариш юз бераётгани айтилмоқда. Маълумки, Туркия ҳукумати Сурия қўзғолони бошланган илк пайтлардан буён президент Асаднинг лавозимидан кетиши шартлигини таъкидлаб келади. Бироқ маркази Лондонда жойлашган Ашшарқ ул-Авсат газетасининг хабар қилишича, Сурия ўтиш даври ҳукумати таркибида Асаднинг ҳам иштирок этиши Туркия тарафидан тасдиқланиши мумкин. Газетанинг ёзишича, Туркия ташқи  ишлар вазирлигига қарашли бир манба Асад режимининг келажаги ҳақидаги позициясидан воз кечишларини билдирган.

Манбага кўра, агар АҚШ ва Россия бошчилигидаги халқаро кучлар бундай қарорни тасдиқлайдиган бўлса, Туркия ҳам олти ойдан ошмайдиган ўтиш даври мобайнида Асаднинг мансабида қолишини тасдиқлаши мумкин.

Адолат ва тараққиёт партиясидан депутат Салчук Ўздагнинг “ваҳдат” газетасида чоп этилган фикри ҳам Асаднинг мансабида қолишига ишора сифатида изоҳланмоқда.

“Туркиянинг Сурияга нисбатан энг муносиб сиёсати Суриянинг бутунлигидир. Баъзан ўйланиб ҳайрон қоласан киши, бунчалик чуқур зиддиятлар мавжуд бўлган ўлкада диктаторликни мана шу зиддиятлар келтириб чиқармаяптими? Ундай бўлса, бир темир мушт бўлмас экан, бир-бирларини ейишга тайёр жамиятни бошқариш ўта мушкул”, “Диктатор кераклигини билдириб қўйиш учун зиддиятлар атайин уюштирилади, деган баъзиларнинг гаплари ноўриндир. Яқин Шарқдаги мазҳабчилик можароси янги эмас. Асад оиласидан олдин ҳам бу зиддиятлар бор эди”, дейди Салчук Ўздаг.

“Асаднинг ҳомийси Россия эканлигига қараганда, Асадга нисбатан муносабатларнинг ўзгариш эҳтимоли бор. Аслида Асад Туркиянинг яхлитлигига таҳдид эмас эди. Аксинча, ўтрадаги яхши муносабатлар туфайли Сурия Ҳатайдаги даъволаридан воз кечган эди. Муносабатлар ёмонлашгач, Сурия халқи кўп нарса йўқотди, Туркиянинг ҳам боши террордан чиқмай қолди”, дея қўшимча қилади Ўздаг.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ҳам Сурия ҳукуматига қарши туриш учун айтарлик сабаб йўқлигини билдирди.

“Ироқ, Миср ва Сурия билан муносабатларимизнинг ёмонлашуви учун деярли сабаб йўқ, аксинча муносабатларни такомиллаштириш учун бир қанча сабаблар мавжуд” деди Туркия Бош вазири.

Бинали Йилдиримнинг мазкур баёноти ўтган беш йил давомида музлаб қолган Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатларини қайта жонлантириш йўлидаги илк қадам сифатида баҳоланмоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here