Муҳосабанинг вожиблиги

632
0

Мусулмонларнинг халифа устида шўро ҳуқуқи бўлгани каби ҳокимларнинг ишлари ва тасарруфларини ҳам муҳосаба қилишлари вожибдир. Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло ҳокимларни муҳосаба қилиб туришни фарз қилди. Агар улар фуқаронинг ҳуқуқларини поймол қилсалар ёки ўз бурчларида бепарволик қилсалар ёхуд бирор ишларда лоқайд бўлсалар ёки Ислом аҳкомларига зид иш қилсалар ё Аллоҳ нозил қилган нарсадан ўзга нарсалар билан ҳукм юритсалар, Аллоҳ мусулмонларга уларни муҳосаба қилиш ва ўзгартиришни қатъий буюрди. Муслим Умму Салама (р.а)дан ривоят қилишича, Пайғамбар (с.а.в) шундай дедилар:

«سَتَكُونُ أُمَرَاءُ، فَتَعْرِفُونَ وَتُنْكِرُونَ، فَمَنْ عَرَفَ بَرِئَ، وَمَنْ أَنْكَرَ سَلِمَ، وَلَكِنْ مَنْ رَضِيَ وَتَابَعَ» قَالُوا: أَفَلاَ نُقَاتِلُهُمْ؟ قَالَ: «لاَ، مَا صَلُّوا»

«Яқинда амирлар бўлади. Бас, сизлар (уларнинг қилаётган ишларини) биласизлар ва (баъзиларини) инкор қиласизлар. Ким билса, ундан халос бўлибди. Ким инкор қилса, саломат бўлибди. Лекин ким рози бўлиб, эргашса…». Айтишдики, улар билан жанг қилмаймизми? «Йўқ, модомики намоз ўқир эканлар». Намоз бу ерда Ислом билан бошқаришдан киноядир.

Мусулмонлар ва энг аввало Умар дастлаб Абу Бакрнинг муртадларга қарши урушишга қасд қилганларини инкор қилишган.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ (с.а.в) вафот этиб, Абу Бакр (р.а) халифа бўлгач ва арабларнинг кофир бўладигани кофир бўлгач, Умар (р.а): Одамлар билан қандай жанг қиласиз, Пайғамбар (с.а.в):

«أُمِرْتُ أَنْ اُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لا إِلَهَ إِلاّ اللَّهُ، وَأَنَّ مُحَمَّداً رَسُولُ اللَّهِ، وَيُقِيمُوا الصَّلاَةَ، وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّيْ دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلاّ بِحَقِّهَا وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللَّهِ»

«Одамлар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бергунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар шундай қилсалар, мендан жонлари ва молларини сақлаб қоладилар. Фақат олинадиган ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳга (ҳавола)», деганлар-ку, деди. Шунда у: Аллоҳга қасамки, намоз билан закотнинг орасини ажратганлар билан албатта жанг қиламан. Чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ (с.а.в)га бериб келган улоқни менга бермайдиган бўлишса, бермаганликлари учун жанг қилган бўлардим, деди. Умар (р.а) Аллоҳга қасамки, бу фақатгина Аллоҳ унинг қалбини очиб қўйганидан эди. Бас, унинг ҳақлигини билдим, деди».

Шунингдек, Билол ибн Рабоҳ, Зубайр ва бошқалар Умарнинг Ироқ ерини жангчиларга тақсимлаб бермаганини инкор қилишган. Шунингдек, бир аъробий Умарнинг айрим ерларни қўриқхона қилганини инкор қилган. Негаки Абу Убайда «Амвол»да Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрдан – ўйлашимча – у отасидан ривоят қилади: «Бир аъробий Умарнинг олдига келиб: Эй амирул мўминин, биз жоҳилият даврида юртимиз учун жанг қилганмиз. Ислом даврида эса унинг устида мусулмон бўлганмиз. Нега уни қўриқхона қиляпсиз? – деди. Шунда Умар узоқ ўйланиб қолди. Чуқур хўрсиниб, мўйловини бурай бошлади. У бирор ишни ўйлаб қолганда мўйловини бураб, хўрсина бошларди. Аъробий ундаги ҳолатни кўргач, яна ҳалиги гапини қайтара бошлади. Шунда Умар: Мол – Аллоҳнинг молидир. Бандалар эса Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ йўлида зиммамга олган нарса бўлмаганда эди, бир қарич ерни ҳам қўриқхона қилмаган бўлардим, деди». Умар умумий мулкка қарашли айрим ерларни мусулмонларнинг отлари учун қўриқхона қилганди. Шунингдек, бир аёл унинг маҳрларни тўрт юз дирҳамдан оширишдан одамларни қайтарганини инкор қилиб: «Бу сенинг ҳаққинг эмас, эй Умар, Аллоҳ Субҳонаҳунинг:

}وَءَاتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنطَارًا فَلاَ تَأْخُذُوا مِنْهُ شَيْئًا{

– „… аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар!“,    [4:20]

деганини эшитмаганмисан?», деди. Шунда Умар: «Аёл тўғри топди, Умар хато қилди», деди.

Шунингдек, Али (р.а) Усмон (р.а)нинг амирул мўминин бўлиб турганида ҳаж билан умрани бирга адо қилиш борасидаги сўзларини рад қилди. Аҳмад саҳиҳ ривоят билан Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилади: «Биз Жуҳфада Усмон билан бирга эдик. У кишининг ёнида Шом аҳлидан бир гуруҳ одамлар бўлиб, ораларида Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий ҳам бор эди. Шунда таматтуъ ҳажи (ҳаж билан умрани бирга адо қилиш) ҳақида сўз кетганда, Усмон: Ҳаж билан умра – иккиси ҳаж ойларида бирга қилинмаса баркамол бўлади. Қанийди, шу умрани кечиктириб, байтуллоҳни икки марта тавоф қилсангиз – яхшироқ бўларди. Зеро, Аллоҳ яхшиликка имкон берган-ку, деди. Бу пайтда Али ибн Абу Толиб водийнинг ичида туясини ўтлатиб юрганди. Усмоннинг гапи етиб бориши билан Усмоннинг олдига келиб: Расулуллоҳ (р.а) жорий қилган суннатга ва Аллоҳ Ўз Китобида бандаларига берган рухсатга қасд қилиб, улардан одамларни қайтариб, танг ҳолга солмоқчимисиз, ахир бу – ҳожатманд ва олисда яшайдиганлар учун-ку…? – деди. Шунда Усмон одамларга қараб: Мен қайтардимми? Мен қайтарганим йўқ. Балки бу – менинг раъйим, холос. Ким хоҳласа олсин. Хоҳламаса тарк қилсин, деди».

Шунинг учун Уммат мажлисида шўро ҳуқуқи бўлгани каби, унинг зиммасида муҳосаба қилиш вожиблиги ҳам бор.

Юқоридагилардан маълум бўладики, шўро билан муҳосабанинг фарқи бор. Чунки шўро қарор қабул қилинмай туриб, раъй олиш ёки уни тинглаш бўлса, муҳосаба қарор қабул қилингандан ёки ижро этилгандан кейин эътироз билдиришдир.

 (“Халифалик давлати жиҳози” китобидан).

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here