Тожикистон Президенти Хитой бош штаб бошқармасининг раҳбари билан учрашди

489
0

Тожикистон республикаси президенти Имомали Раҳмонов Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, хусусан тожик аскарларини ҳарбий машғулотдан ўтказиш ҳамда хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш истагида эканлигини билдирди. Худди шу мақсадда президент Раҳмонов музокаралар учун Тожикистонга келган Хитой халқ озодлик армияси Хитой бош штаб бошқармасининг раҳбари ва Хитой халқ республикаси марказий ҳарбий қўимитасининг аъзоси Фанг Фингҳуни қабул қилди.

Тожикистон президенти матбуот бўлими томонидан берилган баёнотга кўра, Раҳмонов учрашувда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлардан мамнун эканлигини билдирган. Раҳмоновнинг таъкидлашича, ҳарбий таълим, хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш борасида Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурий масалалардан биридир.

Тарафлар учун долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва шу кунгача томонлар ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш мавзулари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар хусусан Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачилик (яъни Исломнинг кучайиши) таҳдидларига қарши ҳамкорликда кураш олиб бориш масаласида ҳам фикр алмашишди.

Фанг Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан ҳам учрашди. Мудофаа вазирлигидан берилган баёнотга кўра, учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ва Тожик офицерлариларига ҳарбий таълим бериш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувдан сўнг Фанг Хитойнинг молиявий қўллаб-қувватлаши билан қурилган пойтахт Душанбедаги “Офицерлар уйи”га ташриф буюрди. Хитой 5 қаватли бино қуриш учун 2012 йилда Тожикистонга 1,5 миллион доллар грант топширган эди. “Офицерлар уйи”нинг тез орада ишга тушиши кутилмоқда.

Айни пайтда, Президент Раҳмонов Хитойнинг терроризм ва хавфсизлик масалалари бўйича махсус вакили Чинг Гопинни ҳам қабул қилди. Раҳмонов Хитой давлатини иқтисодий ривожланиш ва хавфсизлик масалалари бўйича Тожикистонга ёрдам қўлини чўзган ишончли ҳамкор ва яхши қўшни деб таърифлади. Учрашувда Афғонистондаги вазият, иқтисодий ривожланиш ва тарафларни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here