Россия АҚШ учун таҳдид эмас

505
0

АҚШ давлат котиби Жон Керри Россияни Америка миллий хавфсизлиги учун таҳдид сифатида кўрмайди. Бу ҳақида АҚШ ташқи ишлар вазирлигининг сўзчиси Марк Тонер кунлик матбуот брифингида маълум қилди.

Куни-кеча АҚШ президенти Барак Обама тарафидан давлат бош штаб бошқармаси раҳбарлигига номзод қилиб кўрсатилган генерал Жозеф Данфорд Россиянинг Америка миллий хавфсизлиги учун катта таҳдид эканлигини олға сурган эди. Брифинг чоғида Марк Тонердан бу ҳақида сўралганда, у Жон Керри бу борада Жозеф Данфорд билан ҳамфикр эмаслигини билдирди.

“Очиқчасига айтадиган бўлсак, давлат котиби Керри Россияни ҳам, Хитойни ҳам АҚШ хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрмайди”, деди сўзчи Марк Тонер.

Тонер АҚШ билан Россия ўртасида баъзи масалаларда зиддият мавжуд бўлишига қарамай, бу икки давлат муҳим масалалар устида ҳамкорлик қилаётганига диққатни жалб қилди. Сўзчининг таъкидлашича, Керри асосий таҳдид Исломчилардан деб билади.

“Минтақада юз бераётган ҳодисалар туфайли Россия билан АҚШ ўртасида қатъий келишмовчиликлар мавжуд. Аммо биз бунга таҳдид сифатида қарамаймиз”, деди у.

АҚШ бош штаб раҳбарлигига номзоди кўрсатилган генерал Жозеф Данфорд ўтган куни қуролли кучлар қўмитасининг йиғилишида Россияни АҚШ хавфсизлиги учун таҳдид сифатида баҳолаган эди.

“Агар АҚШнинг хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган давлат ҳақида баҳс юритадиган бўлсак, мен сизга Россияни кўрсатишим мумкин. Россияга бир эътибор берсангиз, унинг ҳаракатлари фақат ташвиш уйғотишдан бошқа нарса эмаслигига гувоҳ бўласиз”, деган эди Жозеф Данфорд.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here