Ғарбда исломофобия кучаймоқда

468
0

Кейинги пайтларда Европа давлатлари орасида Исломофобия яна қайта жонлангани кузатилмоқда. Германиянинг Дресден шаҳрида юзага келган “Ғарбнинг Исломийлашувига қарши ватанпарвар европаликлар” номли янги жамоий ҳаракат ўтган ойда ўзининг намойишларини 200 киши билан бошлаган эди. Бу ҳаракат тарафидан 22 декабр куни ташкил қилинган намойишда эса 17 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Улар ҳар душанба куни намойишларини давом эттириши айтилмоқда.

Германияда тарқатиладиган хабарлар устида ўтказилган тадқиқотдан шу нарса маълум бўлдики, Германиянинг машҳур ахборот агентликлари ўтган йилда Христиан динига оид католик ва протестант оқимлари ҳақида тарқатган хабарларга қараганда мусулмонлар ҳақида жуда кўп хабар тарқатган. Аммо мусулмонлар ҳақидаги хабарларнинг деярли ҳаммаси салбий маънода тарқатилган. Ўтган ҳафта жамоатчиликка намойиш қилинган “Media Tenor” номли ташкилот тарафидан тайёрланган тадқиқотга “эътиборнинг энг паст нуқтаси” номи берилди. Ғарбда мусулмонлар даражасининг бундай ҳолга тушишига ИШИД ташкилоти сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Германия матбуотида Ислом ҳақида хабар тарқатиладиган бўлса биринчи ўринда террор, уруш, халқлар аро низо қўзғаш тилга олинади. “Media Tenor” ташкилотининг сиёсий тадқиқотлар етакчиси Кристиан Колмер ИШИД сабабли Исломнинг номи даҳшатли ҳолатга тушганлигини олға суради. Колмернинг таъкидлашича, ИШИД сабабли Ислом ва мусулмонлар жамоатчилик кўз ўнгида ёмонлик тимсолига айланиб бормоқда.

Ғарб давлатларида исломофобия ортгани сари мусулмонлар ва улар ибодат қиладиган масжидлар ҳам тез-тез ҳужумга учраяпти. Швеция полицияси хабар тарқатишича, Эскилстуна шаҳрида масжид сифатида фойдаланиб келинган бинога айнан ибодат пайтида атайин ўт қўйилган. Масжид ичкарисида намоз ўқиётган кишилардан бир қанчаси ёнғиндан жароҳат олиб шифохонага ётқизилди. Полиция сўзчисининг айтишича, ҳодиса устидан “атайин ўт қўйиш” сифатида тергов ишлари бошланган, бироқ ҳозирча ҳеч ким айбдор сифатида қўлга олинмаган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here