Назарбоев яна бир қонун лойиҳасини имзолади

443
0

  Қозоғистон Мажлиси 2014 йилнинг 4 июн куни бўлиб ўтган йиғилишида “Экстремизм ва терроризмга қарши кураш масалалари бўйича Қозоғистон республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.

  Бугун, 3 ноябр куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мазкур қонун лойиҳасини имзолади. Янги қонун лойиҳаси бўйича эндиликда ҳукуматга қарши фикр билдирган ёки Аллоҳга иймон келтириб, Аллоҳ нозил қилган қонунлар асосида яшамоқчи бўлган “экстремист ва террористларни” янада кенг ва кучли равишда таъқиб қилиш ва узоқ муддатга қамоққа ташлаш имкони пайдо бўлди.

  Сўнги ойлар мобайнида Назарбоев ташаббуси билан Қозоғистон жиноят кодекисига янгидан-янги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

  Ҳар қандай халқаро қонун ва меъёрларни менсимай Россия томонидан Қримни аннексия қилиб олиниши Қозоғистон президентини халоватини ўғирлаб қўйди. Чунки, Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош бўлган шимолий минтақаларида русийзабонлар кўпчиликни ташкил этади ва Россия истаган вақтда “ўз фуқароларини ҳимоя қилиш” баҳонаси билан бу ерда ҳам тартибсизликлар келтириб чиқариши ва ўзи истаган вақтда бу минтақаларни ҳам “референдум” йўли билан ўз ҳудудига қўшиб олиши мумкин бўлади. Буни олдини олиш учун эса Назарбоев жазо чораларини кучайтирмоқда.

  Аввалроқ, 7 апрел куни Қозоғистон Жиноят кодекси ўзгартириш киритилган эди. Янги қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра эндиликда Қозоғистон ҳудудий яхлитлигини ноқонуний ўзгартиришга чақириқлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши назарда тутилган.

  Кейинчалик 7 май куни яна бир қонун лойиҳаси қабул қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича эндиликда Қозоғистонда “шов-шув кўтариш” ва “тартибсизликлар” келтириб чиқарувчи ёлғон хабарларни қасддан тарқатгани учун озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди.

  Агар тарқатилган ёлғон хабар туфайли жамоат тартиби бузилса ёки зарар етказилса, у ҳолда айбдор шахсни энг кам иш ҳақини 1000 баробари миқдорида жаримага тортилади, бу эса деярли икки миллион танга дегани. Агар ёлғон хабар ўзаро тил бириктириб олган гуруҳ томонидан тарқатилса, у ҳолда иш анча жиддий бўлиб – фитначиларни етти йилгача қамоққа ташлашлари мумкин. Агарда жиноят фавқуллотда ҳолатда ёки оммавий тадбирлар вақтида содир этилса, айбдорлар 10 йилга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

  Эл-юрт манфаати йўлида эмас, балки ўз хавфсизликларини таъминлаш мақсадида инсонлар томонидан ўйлаб топилаётган барча қонунлар фақатгина золим ва зўравонларнинг мавқеларини янада мустахкамлашга хизмат қилади холос.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here