Россия Манасга сармоя ётқизмоқчи

514
0

file42195438_841d0c97Федерал божхона хизматининг етакчиси Андрей Беляников бошчилигида Россия давлат делегацияси Қирғизистонга келди. Россия ва Қирғизистон расмийлари учрашув ўтказиб, “Манас” ҳаво базасига сармоя ётқизиш бўйича меморандумга имзо чекишди.

Россия давлати “Манас” ҳаво базасига бир миллиард доллар инвестиция ётқизишни ваъда қилмоқда. Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Жоомарт Оторбаевнинг озодликка билдиришича, ҳозирча сармоянинг шартлари ва акцияларнинг улушлари устида келишув бўлган эмас.

“Манас аэропортида биз хаб уюштиришимиз керак. Хорижий ўлкаларнинг самалётлари кўпроқ учиб-қўнишлари биз учун фойдали. Манасдан АҚШ ҳарбий базаси чиқиб кетмоқда. Биз бу ердаги ҳарбий самалётларининг ўрнига оддий фуқаролар ташувчи самалётларни қабул қилишимиз керак. Россия катта давлат, унинг авиакомпаниялари ҳам кўп. Улар бизнинг аэропортимиз орқали қанчалик кўп учишни йўлга қўйса, келди-кетди кўп бўлса бизнинг бюджетга шунчалик кўпроқ даромад тушади. Шунинг учун Россия бизга керак”, деди Жоомарт Оторбаев.

Отурбаев Москванинг Ўшдаги халқаро аэропортни ҳам янги таъмирдан ўтказиб бериш нияти борлигини қўшимча қилди.

“Ўш аэропортини янгидан қурамиз деган ниятимиз бор. Чунки бу аэропортнинг келажаги бор. Бишкекдаги Манас аэропортининг ялпи бозордаги кўлами 2 миллион бўлса, Ўш аэропортининг ялпи бозордаги кўлами 15 миллионни ташкил қилади. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг яқинлигини ҳисобга олсак, бу аэропортнинг кeлажаги порлоқ. Аммо бу аэропортни бошдан-аёқ янгидан қуришимиз керак. Баткен аэропортини ҳам ривожлантиришимиз лозим. Буларнинг барчаси учун инвестиция керак бўлади. Шунинг учун биз “Роснефть” компанияси билан келишимларни имзоладик. Насиб этса, шу асосда лойиҳалар тайёрлаб парламентга тақдим қиламиз”, деди у.

Норасмий маълумотларга қараганда, Москва Манас аэропортининг 51% акциясини талаб қилмоқда. Шу боис баъзи экспертларнинг фикрича, Россия Манас аэропортига тўлиқ эга бўлиб қолади. Ҳатто қирғиз самалётлари ҳам Россиянинг қош-қовоғига қарашга ва учиб-қўнганлиги учун Россияга пул тўлашга мажбур бўлади.

Манас аэропортини Россияга бериш ёки бермасликни парламент ҳал қилади. Қирғиз парламенти “йирик миқдорда инвестиция ётқизади”, деган умид билан “Қирғизгаз”ни бир долларга Россияга сотилишига розилик берган эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here