Ўзбекистонда ҳорижда бўлиб қайтганлар устидан назорат кучаймоқда

575
0

загруженное (5)

Тошкент шаҳаридаги участка нозири бўлган милиция ходимларига, уларга ажратилган ҳудудларда яшовчи ва 2002 йилдан 2013 йилгача бўлган вақт оралиғида бир маротаба бўлса ҳам ҳорижда бўлиб қайтган шахсларни рўйхатга олиш вазифаси юклатилди. Рўйхатга, улар қўшни ёки узоқдаги давлатларда бўлганликларидан қатъий назар, барча фуқаролар киритилиши шарт. МХХ томонидан келган буйруққа асосан, милиция ходимлари фуқароларга ҳорижга чиқишдан мақсади ва кутиб олувчи томон ҳақида маълумот берувчи тушинтириш хати ёзиб бериш вазифасини юкламоқдалар.   

 Ўзбекистон “мустақил” бўлган 22 йилдан ошиқ вақт мобайнида Каримов бошчилигидаги ҳукумат оддий халқни сиёсий ва иқтисодий зулмлар исканжасида ушлаб келяпти ва бу зулмларни янада кучайтириш учун янгидан янги усулларни ўйлаб топмоқда. Бугунги кунга келиб эса Каримов ва унинг атрофида ҳокимият учун кураш борган сари авж олиб, бу курашда имкон қадар шов-шувларсиз ва тўполонларсиз ҳокимиятни эгаллаш жуда муҳимдир. Ўзбекистон ичида юрган ҳар бир фуқаро тўлалигича давлат назорати остида бўлиб ҳукумат бу ишда МХХ, ИИВ, маҳалла фуқаролар йиғини ва посбонлардан унумли фойдаланиб келмоқда. Матбуот, радио ва телевидения ҳам фақатгина ҳукумат томонидан рухсат берилган ва “миллий ва маънавий қадриятларимизга” мос бўлган хабарларнигина ёритиши мумкин.

Ҳорижда юрганлар ёки бўлиб қайтганлар эса оз бўлсада муқобил ахборотдан хабадор бўлиш, дунёда рўй бераётган сиёсий ўзгаришлар ва ходисалар ҳақида маълумот олиш ҳамда ўзлари яшаган воқелик билан бошқа давлатлардаги ҳаёт даражасини таққослаб кўриш имконига эга бўлиб қоладилар. Бу нарса эса, агар ўзбекистонликлар озгина ақл ишлатиб, воқелик ҳақида фикр юритсалар “кўзлари очилиб” ўзларини устиларида содир бўлаётган зулмларни ҳис қилиб қолишлари мумкин. Ҳукуматга эса бу керак эмас. Шунинг учун ҳам ҳукумат ҳорижда юрганларни  имкони борича ўз назорати ва қўрқув остида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Сўнги пайтларда Ўзбекистон телеканаллари орқали Россия, Қозоғистон ва Корея давлатларида ишлаб келган бир қатор ўзбекистонликларни мазкур давлатларда “ноқонуний диний уюшмаларга аъзо бўлганлик ва бу ташкилотларнинг DVD дискларини тарқатганлик”да айбланиб узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган суд жараёнларини намойиш қилиниши тез-тез кузатилмоқда. Ҳатто шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, Россияда бир неча йил ишлаб, Ўзбекистонга қайтган фуқаролар ҳеч қандай сабабсиз қамоққа олиниб, соҳта айбловлар билан озодликдан маҳрум этилишди. Буларнинг барчаси четга иш излаб чиқиш мақсадида бўлган одамларни қалбига қўрқув ҳиссини солиш мақсадида қилинганлиги сир эмас.

Ўзбек халқи устида шунча зулм ва қатоғонларни содир этган Каримовнинг бугунги кунга келиб хавфсизлиги ва ҳокимияти барқарорлиги савол остида қолмоқда, агар Ўзбекистонда ҳам “Араб баҳори”га ўхшаш ходиса содир бўладиган бўлса нафақат Каримов, балки халқ устида кўнгли тусаган ишларни содир этган куч тизилмалари ҳам халқ нафратининг биринчи нишони бўлишлари аниқ. Шунинг учун ҳам Каримов ва куч органлари халқни бошини кўтаришига йўл қўймалик учун имкониятларидаги барча воситаларни ва макр-ҳийлаларини ишга солмоқдалар. Халқимизда “иштонсизни ҳадиги чўпдан” деган гап бежизга айтилмаган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here