3 июл кунининг 17:00 соатида, яъни берилган 48 соатлик муҳлат тугагач, армия томонидан ўз лавозимидан олинган Миср президенти Муҳаммад Мурси қуролли кучлар ва сиёсатчилар тарафидан илгари сурилган “йўл харитасини” рад этди ва мамлакатда рўй берган ҳолатни “ҳарбий тўнтариш” деб атади.
“Мен президент сифатида барча мисрликларни бу ҳарбий тўнтаришга тинчлик ила қаршилик қилишга чақираман”, – деди у ва “йўл харитасини” ишлаб чиққанларнинг бу ишга ваколати йўқлиги ва натижада бу харита ноқонуний эканлигини белгилади.
Мисрнинг Олий Конституцион суди раиси Адли Мансур мамлакатга вақтинча раҳбарлик қилмоқда. Муҳаммад Мурси, маълумотларга кўра, хавфсиз жойга, ҳарбий разведка қароргохига олиб ўтилган.
Мурсининг лавозимдан олинишлигига боғлиқ, мамлакатда тартибсизликларнинг янги тўлқини авж олиб кетди. Мисрнинг турли шахарларида Мурси тарафдорлари билан қаршилар ўртасида тўқнашувлар бошланганлиги ҳамда биринчи қурбонлар ҳақида маълумотлар кела бошлади. Мерса-Матрухда Мурси тарафдорлари ҳарбийларга ҳужум қилишган, ҳарбийлар уларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлган. Бу ерда тўрт одамнинг ҳалок бўлганлиги ҳақида маълумот бор.
Тўқнашувлар Қоҳира ва Александрияда ҳам бўлмоқда. Пойтахтнинг Робиа ал-Адавия масжиди атрофида ўқ товушлари эшитилмоқда. Мамлакат жанубида, Асуанда ғазабланган «Мусулмон биродарлар» тарафдорлари атрофни вайрон қилмоқда ва машиналарни пачақламоқда. Эл-Фаюм шахрида ҳам тарафдорлар ва қаршилар ўртасида отишмалар бошланиб кетди.