АҚШ Конгресси аъзоси: Россияга нисбатан санкцияларни янада кучайтириш керак

450
0

АҚШ Конгресси аъзоси: Россияга нисбатан санкцияларни янада кучайтириш керак

 АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси аъзоси Адам Шифф “ABC” телекомпаниясига берган  интервьюсида, “Америка маъмурияти томонидан Россияга нисбатан киритилган санкциялар етарли эмас ва қўшимча чеклов чораларини қўллаш лозим”лигини айтиб ўтди.

 “Биз янада кўпроқ нарса қилиш керак, деган фикрдамиз, – деди Конгресс қуйи палатасидаги разведка бўйича қўмита аъзоси саналувчи Шифф. – Тўғрисини айтсам, биз (Конгрессда) қабул қилинган чоралар Россияни босиб туришда етарли эмас, деб ҳисоблаймиз ҳамда келажакда санкциялар янада кучайтирилиши мумкин. Буни ҳар икки партия ҳам қўллаб-қувватлашига гувоҳ бўласиз”.

 Шиффнинг таъкидлашича, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Барак Обама маъмурияти томонидан Москвага нисбатан киритилган санкцияларни бекор қилишга қарор қилса, у Конгресснинг “кескин реакцияси”га дуч келади. Шиффнинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда кўплаб демократ ва республикачилар Россияга қарши “жиддий санкциялар пакети”ни қўллаш учун ҳаракат қилишади.

 Аввалроқ, амалдаги АҚШ маъмурияти расмий вакиллари махсус ташкил этилган брифингда Трамп инаугурациядан сўнг Россияга қарши санкцияларни қийинчиликсиз бекор қилиши мумкинлигини тан олишганди.

 Маълумот ўрнида, АҚШ 29 декабр куни бир қатор Россия компаниялари, Федерал хавфсизлик хизмати ва мамлакат Қуролли кучлари бош штаби бош бошқармасига нисбатан санкциялар киритилиши ҳақида маълум қилган эди. Шунингдек, Америка ҳукумати 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди. Вашингтон бу қадамларни Америка сиёсий ташкилотларига уюштирилган хакерлик ҳужумлари билан боғлаган.

 Москва эса киберҳужумларга алоқаси йўқлигини бир неча бора маълум қилган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков янги санкцияларга изоҳ бераркан, улар “тажовузкорликдан дарак бериши”ни таъкидлаб ўтди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here