ЙЎЛ

2292
0

بسم الله الرحمن الرحيم

ЙЎЛ

         ўзгартириш воқелиги ва унинг асослари

Маълумки, инсон фақат бугунги куни учунгина яшамайди. Балки бу дунё ҳаётидаги келажагига тааллуқли бўладими ёки дунё ҳаётидан кейинги ҳаётига тааллуқли бўладими, ҳеч фарқсиз, яқин ёки узоқ келажаги ҳақида ўйлайди, фикрлайди.

Инсон воқелиги шундай бўлгани учун инсон ўзи яшаётган воқеликка асло рози бўлмайди. Агар воқелик ёмон бўлса уни яхшилашга, воқелик яхши бўлса уни янада яхшироқ қилишга, интилади. Агар ҳаёти асосланадиган асос бузуқ бўлса тўғри асосни топишга ҳаракат қилади. Шунинг учун инсонни ўтмишига ачинаётганини ва доимо келажакка кўз тикаётганини, унга ошиқаётганини кўрамиз.

Ўзгартириш ҳақида фикрлаш ҳаёт учун зарурдир. Зеро, ўзгартириш ҳаракат демакдир. Чунки ҳаёт ривожланиш ва ҳаракатда намоён бўлади. Шунинг учун ҳар бир уммат, ҳар бир шахс ўзгартириш ҳақида фикрлаши ва унга ҳаракат қилиши керак. Ўзгартириш ҳақида фикрламаслик бир миллатни йўқ бўлиб кетишига, шахсларини эса тарқоқ бўлишига олиб боради. Чунки воқеликка бўйсуниб қолиш энг хатарли офат ва энг катта мусибатдир.

Ўзгартириш ҳақида фикрлаш фақат ўз аҳволларини ўзгартириш зарурлигини ҳис қилаётган инсонлардагина мавжуд бўлмай, балки борлиқда ўзгартиришни тақозо этаётган ҳолат бор экан, у ҳам мавжуд бўлаверади. Шу туфайли киши фақат аҳволи ёки жамияти, халқи, уммати аҳволини ўзгартириш ҳақида ўйлаш билан чекланмай, балки бошқаларни ҳам ўзгартириш ҳақида ўйлайди. Бунга сабаб инсонда «инсонийлик хусусияти» яъни «ўз навини сақлаб қолиш» туйғуси – нав ғаризаси бор. Бу туйғу инсонни ўзининг юртида бўладими ёки халқи, уммати орасида бўладими ёки бошқа юртларда бўладими ҳар бир инсонга аҳамият беришга ундайди.

Ҳар бир инсонда ўзгартиришга интилиш бўлсада, бироқ ҳар турли шароитлар, вазиятлар ва омиллари ҳам борки улар бу интилишни сусайтиради, ҳатто тўхтатиб қўяди, Ёки аксинча бу интилишни куч билан олдинга ундайди. Бунга сабаб ўзгартириш машаққатли, қийин иш бўлиб улкан ҳаракатларни, катта қурбонликларни талаб қилади. Шу туфайли бу ишга кучли, иродали, ўткир ақлли, ниҳоят даражада сезгир бўлган инсонларгина қодир бўладилар. Шу билан бир қаторда одамларнинг, яъни омманинг ҳақларига, ҳукумронлигига эга бўлишиб, уларни елкаларига миниб олганлар ўзгартиришга қарши турадилар. Сусткашлар, дангасалар, заифлар ўзгартиришни ёқтирмайдилар. Чунки ўзгартириш иши  муросасиз кураш олиб бориладиган ишлар жумласидандир.

Ўзгартиришга интилиш кўнгил тўридан келиб чиқсада, ҳаёт воқелари унга ундасада, бироқ ўзгартиришни режалаштириб беришга ҳар бир инсон қодир эмас. Бунга фикрий етакчи инсонларгина қодир. Бундай кишилар бошқаларни ишонтириш ёки мажбурийлик билан ўзгартириш йўлида юришга ундайдилар.

Ўзгартиришга интилиш ҳар бир ннсоннинг қалбида бўлиши яққол кўриниб сезилиб туриши билан бирга унинг кучли ёки заифлиги турлича эканлиги ҳамда ундовчи омиллари, мақсадлари ва ғоялари бир шахсда бошқасиникидан фарқли экани ҳам маълум. Баъзи инсонларни ўзгартиришга бор кучлари билан интилаётганларини ва шиддатли тошқин сув, кучли бўрон кучи билан ўзгартиришга ҳаракат қилаётганларини кўрсак, баъзилари эса бечора гадой каби ночорлик билан ўзгартиришга чақираётганларини, касал тошбақа каби ўзгартиришга қимирлаётганини кўрамиз. Баъзи инсонлардаги ўзгартиришга интилиш фақат бир умматнинг ёмон воқелигини эмас, балки оламни гўзал ҳолатга ўзгартиришга йўналтирилганини кўрсак ва бунга ундаётган нарса — Аллоҳни рози қилиш ёки олий қийматлар эканлигини кўрсак, баъзилардаги ўзгартиришга интилиш тирикчилнкни ширинроқ луқмасига эга бўлиш ёки ўткинчи ҳайвоний шаҳватларни қондиришдан нарига ўтмаётганини, ўзгартиришга ундаётган нарса — худбинлик эканини, мақсади эса арзимас, беҳуда эканлигини кўрамиз.

Ўзгартиришга ундаётган нарсаларни ундан кўзланган мақсад ва ғояларни ўзгартиришни кучли ёки заифлигини ҳар хил, ихтилофли бўлишига сабабчи омилларни диққат билан текшириб кўрсак, унга таъсир кўрсатаётган кўплаб омиллар борлигини кўрамиз. Бу омилларнинг энг асосийси фикрий англаш (яъни хато тушуниб етишдир)дир. Буни шундай шарҳлаймиз:

Инсон қачонки воқелик бузуқлигини ёки ёмонлигини ёки кўнгилдагидек яхши эмаслигини билсагина ўзгартириш ҳақида фикрлайди. Бундай билиш эса воқеликни бузуқлигини ҳис қилиш сезиш билан ҳосил бўлади. Чунки фикрий жараён (яъни фикрлаш) учун воқеликни ҳис қилиш, сезиш  асосий шартдир. Инсон бирор нарсани ёки унинг бирор аломатини ҳис қилмас экан, у нарсани билиши ёки тушуниши мумкин эмас. Бузуқлик ҳам воқелик бўлиб, унинг ҳис қилинадиган аломатлари борлигидан инсон бу воқеликни ўзгартириш ҳақида фикрлаши пайдо бўлиши учун бу воқеликни ва унинг бузуқлигини ҳис қилиши зарур. Демак, воқеликни бузуқлигини ҳис қилса, уни англаб етади. Қачонки воқеликни бузуқлигини англаса уни ўзгартириш ҳақида фикрлай бошлайди.

Бироқ маълумки, бузуқликни ёки улуғворликни, ботирлик ёки қўрқувни, обрў-эътиборга путур етказувчи нарсани ҳис қилиш билан музнинг совуқлиги ва асалнинг ширинлиги, қалампирнинг аччиқлиги каби моддий нарсаларни ҳис қилиш ўртасида фарқ бор. Бунга сабаб шуки: барча инсонлар моддий нарсаларни ҳис қилиш учун керакли бўлган сезги аъзоларига эгадирлар. Гарчи бу сезги аъзоларини ҳис қилиш даражаси инсонлар ўртасида бир хил бўлмай озгина тафовутли бўлсада, бироқ бузуқлик, яхшилик, ёмонлик, шон-шараф каби моддий бўлмаган нарсаларни ҳис қилиш эса инсонга булар устидан қандай ҳукм чиқаришни белгилаб берувчи собиқ фикр (яъни олдиндан берилган маълумот)га муҳтож бўлади. Шундан келиб чиқиб, моддий нарсаларни ҳис қилишни  ҳиссий идрок, билиш  деб, моддий бўлмаган нарсаларни ҳис қилишни эса  фикрий ҳис қилиш  деб номланган.

Инсонлар ўртасида фикрий тафовут (яъни фикрлашда фарқ) бўлганлигидан уларнинг фикрий ҳис қилишларида ҳам тафовут бўлиши табиийдир. Масалан, бир одамда маълум бир нарса ҳақида собиқ фикр бўлгани учун уни бузуқлигини кўра олса, бошқа одамда бундай собиқ фикр йўқлигидан уни бузуқлигини кўрмайди. Баъзи инсонлар зулм қилинаётганини осонлик билан ҳис қилсалар, бошқалар эса буни ҳис қилмайдилар ёки ҳис қилишлари жуда қийин кечади. Фикрий тафовут ва ихтилофга кўра инсонлар моддий бўлмаган ишларни ҳис қилишлари яъни фикрий ҳис қилишларида бир бирларидан фарқ қиладилар. Инсонлар фикрий ҳис қилиш жиҳатидан уч тоифага бўлинадилар:

Ўткир ҳис қилувчилар. Бундай инсонлар бузуқликни ёки унга ўхшаган ҳолатни тез ҳис қиладилар.

Оддий ҳис қилувчилар. Улар бузуқликни ҳис қилишлари учун бир оз ҳаракат қилишга муҳтож бўладилар.

Ўтмас ҳисли одамлар. Бундай одамлар ўшандай фикрий ҳис қилишлари билан бузуқликни ҳис қилишлари учуи катта ҳаракатга муҳтож бўладилар.

Шу туфайли ҳис қилиш вужудга келиши учун, сўнгра ўзгартириш ҳақида фикрлаш юзага келиши, кейин эса ўзгартиришга ҳаракат қилишлари учун англаш ва собиқ фикр зарур. Бузуқликни ёки бузуқ воқеликни ҳис қилиш нақадар кучли бўлса, ўзгартиришга ҳаракат қилиш ҳам шунча кучли бўлади.

Бироқ, бузуқликни ёки бузуқ воқеликни англаб етишни ўзи ўзгартириш учун ҳаракат қилишга етарли эмас. Балки бунга қўшимча равишда бузуқ воқеликни ўрнини босувчи алтернатив воқеликни ҳам билиш, англаш зарур. Бу эса англаш-билиш масаласидаги иккинчи қийинчиликдир. Биринчи қийинчилик  бузуқ воқеликни англаб етиш ҳамда ўз навбатида бузуқликни ҳис қилиш бўлса, иккинчиси бу бузуқ воқелик ўрнини босувчи воқеликни билишдир. Бундай хулосамизга сабаб: ўзгартириш иши мақсадсиз, беҳуда иш бўлиб қолмасин, балки мақсадли ва аниқ бир ғояга йўналтирилган бўлсин.

Мана шу туфайли фикрий англаш ўзининг икки қийинчилиги (яъни воқеликни англаш ва бузуқ воқеликни ўрнини босувчи воқеликни билиш) билан ўзгартиришнинг асоси ҳамда фикрлаш жараёнига таъсир кўрсатувчи муҳим омилдир. Инсоннинг фикрий англаши-билиши ортиб борган сари фикрий масалаларни ҳис қилиши ҳам ортиб боради, ривожланади, ниҳоят даражада ўткирлик даражасига етади. Бу хулосани изоҳлаш учун қуйидаги мисолни келтирамиз: ҳукмронлик ва улуғлик сутини эмиб, иззат-икром ва ҳурмат-эътибор муҳитида вояга етган шахс билан хорлик ва тубанлик сутини эмиб, хўрланиш ва таҳқирланиш ботқоғида тарбия топган шахсни олиб келиб иккаласини бир хилда хўрланса, икковининг реакцияси бир хил бўладими ёки турлича бўладими? Биринчи шахс ҳам хорликни иккинчи шахс қабул қилгандек қабул қиладими? Бундай муносабатга қарши иккаласининг исёни бир хил даражада бўладими? Табиийки буни жавоби аниқ, яъни биринчи шахс собиқ билими-англаши туфайли ва ҳурмат-эътиборга ўргангани натижасида хорликни қабул қилмайди. Иккинчиси эса асло жунбушга келмайди. Чунки у хорланиш ва таҳқирланишга ўрганиб кетган. Дунёга келгандан бери хорликда яшайди. Хорлик инсоннинг шарафига зид иш эканини билмаган. У хорланиш ва таҳқирланиш ҳаётнинг ажралмас бир қисми деб биладиган эшакка ўхшайди. Шу туфайли ҳаётни хорликсиз тасаввур эта олмайди. Унинг ҳолати қоронғу зиндон деворлари ичида, қамоқда туғилиб ўсган инсоннннг ҳолатига ўхшайди. Бундай инсон зиндондан-қамоқдан ташқарида зиндон шароитларидан кўра фойдаланишга афзал шароитлар бўлиши мумкинлигига ишонмайди, уни тасаввур қилиши ҳам қийин. Зиндонни зиндон деб аташга кўнмайди. Чунки у зиндондан бошқа ерни билмайди ва ўзи туғилиб ўсган зиндонни яшаш учун табиий жой деб билади.

Биринчи ҳур инсон эса, хўрлаш унинг қонини қайнатиб юборади. Чунки у бу сўзнинг маъносини жуда яхши ҳис қилади. Аслида инсонни хорлаш эмас, балки ҳурмат-эҳтиром қилиш, улуғлаш кераклигини билади.

Хулоса шуки, ўзгартириш муқаррар иш. Ҳар бир инсон ўзидаги ўзгартиришга интилишни ҳис қилади. Бироқ бу интилиш инсонлар ўртасида турлича бўлиб, мақсадлари ҳам ҳар хилдир. Мана шундан ўзгартириш ҳаракатини кучидаги тафовут юзага келади. Буларнинг барчасини асоси  бузук воқеликни ва унинг ўрнини босувчи воқелик борлигини фикрий англашдир. Шунинг учун муфаккирлар, ўткир ҳис қилувчи инсонлар собиқ омилларни (фикрларни) етарли даражада англаб етишлари ва одамларни ўзгартириш учун ҳаракат қилишга рағбатлантириш, ундаш учун уларда фикрий ҳис қилишни вужудга келтиришга интлишлари зарур. Бу ишни эса ҳукмрон воқеликнинг бузуқлигини тушунтириш орқали ва бузуқ воқеликни ўрнини босувчи воқеликни тушунтириб бериш орқали ҳамда бу воқеликни гўзал суратда, ёрқин тасвирда кўрсата олиш билан амалга оширилади. Бусиз бирорта ўзгартирувчи ҳаракат муваффақият қозона олмайди. «Зулм исённи келтириб чиқармайди. Балки зулмни ҳис килиш исённи туғдиради».

Юқорида айтилган гаплардан ўзгартиришнинг асосий омиллари маълум бўлади. Яъни бузуқ воқелик ҳақида собиқ фикрий англаш бўлсагина ўзгартириш ҳақида фикрлаш ёки унга интилиш юзага келиши мумкин, Юқорида ўтган гапларга қаттиқ эътибор бериш зарур. Бироқ шу ўринда яна бир қанча ишлар ҳам борки ўзгартириш жараёнига киришишдан олдин уларни билиб қўйиш керак. Булар:

а) ўзгартириш иши қийин, машаққатли иш бўлиб, унга кучли умматлар, халқлар ва шахсларгина қодир бўладилар. Аммо тубан умматлар, қўрқиш ва уятиш эгаллаб олган дангаса шахслар то ўзларини ўзгартирмагунча ўзгартириш ишига қодир бўлмайдилар.

 إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ

— „…Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас… ”            [13:11]

б) ўзгартириш иши шунчаки ўзгартириб қўйиш бўлмаслиги, балки аломатлари аниқ, белгиланган мақсад учун бўлиши керак.

Воқеликни қандайдир янги воқеликка ўзгартириш эмас, балки олдиндан маълум янги воқеликка ўзгартириш лозим. бу янги воқелик бизнинг ҳозирги ҳолатимизда мавжуд воқеликка, унинг барча салбий томонларига зид бўлган, ундан кўра тараққий этган, умматга обрў-эътиборини, бахт-саодатини, хотиржамлигини кафолатлайдиган янги воқелик бўлиши лозим.

в)  ўзгартириш иши ҳар қандай дуч келган йўл билан эмас, балки одимлари белгиланган  режа асосида,  равшан  йўл орқали бўлиши керак. Токи ҳаракат мобайнида зое кетмаслик, мақсаддан бошқа   томонга   кетиб   қолмаслик  таъминлансин. Шунинг учун «ўзгартириш учун шайтон билан иттифоқ тузиш», деган гапга қўшилишимиз аҳмоқликдир. Чунки шайтонни борар жойи жаҳаннамдир. Шунинг учун шунчаки ўзгартириб қўйиш тентакликдир. Чунки умримиз зое кетгандан ёмғирдан қочиб дўлга йўлиққанимиз, сароб ортидан югурганимиз маълум бўлади.

Демак, ишга киришишдан олдин ғоя ва йўл аниқ-тиниқ белгиланган бўлиши керак. Акс ҳолда тўғри йўлда кетаяпмиз деб ўйлаб, ер шарини айланиб чиққан, юриб-юриб ерни думалоқ эканлигига ишонч ҳосил қилган ғофил кимсалар қисмати бизнинг бошимизга тушади.

г)  мақсадга эришиш ва кўзланган ғоя рўёбга чиқиши учун жиддий фикрлаш ҳамда жиддий ҳаракат қилиш ўта муҳимдир.

Жиддий фикрлаш шундайки шунчаки беҳуда эмас, аниқ мақсад учун фикрлашдир. Фикрлаш бу мақсадни амалга ошириш учун ҳаракатларни ишлаб чиқараётган бўлса, бундай фикрлашда жиддийлик борлигини билдиради, Жиддий ҳаракат қилиш эса қилинаётган ҳаракат кўзланаётган ғоя даражасида бўлишидир. Демак, ўзгартириш ҳақида фикрлаш шунчаки фикрлаш бўлмай, балки жиддий бўлиши яъни аниқ бир ғояни рўёбга чиқариш учун бўлиши керак. Ўзгартириш учун қилинаётган ҳаракат жиддий бўлиши яъни сарфланаётган сайи ҳаракатлар кўзланган ғоя даражасида бўлиши керак.

Тўлиқ равшан бўлиши ва ёрқин тасаввур қилиниши керак бўлган юқоридаги баъзи ишлардан хулоса қилиш мумкинки: ўзгартириш жараёнига киришишдан олдин ўзгартиришдан кўзланган ғояни ва бу ғояга олиб борувчи йўлни ҳамда бу йўл хавф-хатар ва қийинчиликлар билан ўралганини, ўзгартириш иши жиддийликка ва сабр-матонатга муҳтожлигини, ўзгартириш ишини уммат тақдирини ҳал қилувчи масала деб ҳисоблашга муҳтожлигини билиш зарур. Муфаккирлар воқеликни бузуқлигини тушунтириш орқали, унинг ёмонлигини фикрий ҳис қилдириш орқали, бу воқелик ўрнини босувчи воқеликни тушунтириш орқали умматга ўзгартириш зарурлигини тушунтириш билан бирга ўзгартириш йўлига киришганларга юқорида айтилган ҳақиқатларни тушунтиришлари керак.

Аҳмад Атыйат

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here