Зўравонлик демократия қонунлари билан эмас, Ислом ҳукмлари билан бартараф этилади
Қирғизистонда оиладаги зўравонлик туфайли бир кунда икки келин ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, ҳатто Жогорку Кенешда ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирда бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қатор таклифлар ўртага ташланиб, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаётгани ҳақида кўплаб фикрлар билдирилмоқда.
ОАВ хабарига кўра, 4 апрел куни Бишкекнинг чекка қишлоқларидан бирида уч фарзанднинг онаси бўлган 34 ёшли келин собиқ эри томонидан ўлдирилган. Полиция гумонланувчини ҳибсга олди ва экспертиза тайинлади. Ўша куни полиция Иссиқкўлда 57 ёшли эркак ўзи билан бирга яшаган аёлни ўлдирганликда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили 13 минг 104 оилада зўравонлик ҳолати қайд этилган. Бу 2022 йилга нисбатан 32,6 фоизга кўпдир. 2021-2022 йилларда мамлакатда 20 нафар аёл оиладаги зўравонлик туфайли вафот этган.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари оиладаги зўравонлик кўпайишини аёллар ҳуқуқларининг етарлича ҳимояланмагани билан боғлайди. Шунинг учун улар Ғарбда синовдан ўтган қонунларни таклиф қилмоқдалар. Чунки зўравонликни бартараф этиш давлатнинг вазифаси бўлса-да, давлат буни тўхтатишга ожизлик қиляпти.
Аслини олганда Ғарбнинг ўзи бу муаммонинг гирдобида қолган бўлиб, ундан чиқиш йўлини топа олмай сарсон. Чунки Ғарб давлатлари ҳам Қирғизистон сингари инсон онгидан келиб чиқадиган демократик қонунлар асосида бошқарилади. Шу боис аёлларга нисбатан зўравонлик камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Масалан, “The Diplomat” нашри дунёда аёлларнинг қарийб 35 фоизи жинсий ва бошқа зўравонлик турларини бошдан кечираётгани ҳақида ёзди. Бу рақам жинсий тегажоғлик статистикасини ўз ичига олмайди. АҚШда ҳар дақиқада 20 киши оилавий зўравонликка дучор бўлади. Маълум қилинишича, бу мамлакатда ҳар куни 1900 нафар қиз зўрланади. 2017 йилда ҳар уч кунда бир аёл эрлари, қариндошлари ёки бирга яшовчилар томонидан ўлдирилган. Бундан ташқари, ҳар йили бир миллион қиз аборт қилдиради. “USA Today” маълумотига кўра, Голливудда ишлайдиган аёлларнинг 94 фоизи жинсий тажовузга учраганини билдиришган. Францияга келсак, 4 миллион француз аёллари, яъни француз аёлларининг 12 фоизи ҳаётида камида бир марта зўрланганлигини айтган. Ҳар уч кунда эса, бир аёл ўз шериги томонидан ўлдирилади. Германияда ҳар 5 дақиқада камида бир аёл жинсий ёки бошқа зўравонликка дучор бўлади. Ҳар уч кунда бир аёл эри, оиласи ёки ҳамкасби томонидан қўлланилган зўравонлик туфайли вафот этган. Айниқса, пандемия даврида бу рақамлар янада ортди.
Маълумки, аёлларга нисбатан зўравонликнинг асосий сабаби ҳозирда қўлланилаётган капиталистик қонунлардир. Аниқроғи, “эркинлик” ниқоби остида Ғарб томонидан бизга сингдирилган “қадриятлар” аёлларнинг таҳқирланишига сабаб бўлмоқда. Зеро, демократия аёлларни эркаклар билан тенглаштириш баҳонасида табиатан заиф бўлган аёлларга эркаклар билан бир хил масъулият юклайди. Аёлларни эркаклардан мустақил ва эркин қилиш (гендер тенглиги) баҳонасида уларни аёлларга мос бўлмаган соҳаларга жалб қилинди. Натижада оилада барқарорлик йўқолди. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўз бурчларини унутишганлиги учун оилада низолар кучаймоқда. Демак, юқоридан маълум бўлганидек, капитализм (демократия) тузуми аёллар дуч келадиган зўравонликни бартараф эта олмайди. Аксинча, бу муаммолар ана шу мафкура туфайли юзага келмоқда ва аёллар Ғарбнинг бу “эркинлиги”дан ҳимоя қилинишга муҳтождир. Буни Ғарб расмийларининг баёнотлари ҳам тасдиқлайди. АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтоннинг сўзларига кўра, “аёллар умумий ишчи кучининг 40 фоизини, қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг 43 фоизини ва дунёдаги талабаларнинг ярмини ташкил қилади. Шундай экан, аёлларнинг иқтисодий салоҳиятини сиқувга олиш ҳар қандай давлат учун тайёр пулдан воз кечиш билан баробар”. Клинтоннинг бу сўзлари капитализм ҳақиқатини яққол акс эттириб турибди. Бошқача айтганда, капитализмнинг дунёқараши аёлларга уй бекаси сифатида эмас, балки ишчи кучи сифатида қарайди.
Аммо Ислом жамиятида зўравонлик кам учрайдиган ҳодисадир. Хусусан ор-номус сифатида бизга берилган аёллар ва келажак авлод сифатида болаларга нисбатан зўравонлик қилиш қабул қилиб бўлмайдиган жиноятдир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“ Улар билан тинч-тотув яшанглар ” (Нисо: 19). Расулуллоҳ ﷺ мусулмонларни аёлларига зўравонлик қилишдан огоҳлантириб:
لَا يَجْلِدُ أحدُكم امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا في آخِرِ الْيَوْمِ
— Сизларнинг орангиздан бирортангиз ўз хотинини қулдек уриб, сўнг кечки пайт у билан жинсий алоқа қилмасин! (Бухорий ривояти).
Ислом аёлларга уй бекаси ва ҳимоя қилиниши шарт бўлган номус сифатида қарайди. Ана шу дунёқарашга асосланиб, эркак ўз хотини ва маҳрамларини ҳимоя қилади. Шу билан бир қаторда, шариат оиладаги эркак ва аёлнинг табиатига кўра ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берган. Аёл оилада фарзанд дунёга келтириш, уни кўкрак сути билан боқиш, тарбиялаш каби ўзининг табиий вазифасини бажаради. Бу масъулиятни адо этиш учун вақтини, меҳнатини сарфлайди. У бу йўналишдаги ҳукмларни ўрганади ва қўлидан келганича уларга амал қилишга ҳаракат қилади. Бу ҳукмларни бажаришдаги синовларга сабр қилади. Эркак кишининг эса, табиати кучли ва меҳнатга қодир бўлиб, у оила аъзоларининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашдан жавобгар. Шунингдек у ўз вазифасидан вақти ортса, уй ишларида хотинига ёрдам бериши суннатдир. Демак, гендер тенглиги баҳонасида эркаклар масъулиятини аёлларга юклаш бугунги кунда кўриб турганимиздек бошбошдоқлик ва муаммоларни келтириб чиқароқда. Масалан, аёл киши давлатни бошқариш билан бирга уй бекаси ролини ўз зиммасига олиши мумкин эмас. Чунки ҳар бир ишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Бу борада Расулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤول عَنْ رَعِيَّتِهِ الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَهُوَ مَسْؤولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْؤولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا
“Ҳар бирингиз бошқарувчисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан масъулдир. Имом бошқарувчидир ва у ўз фуқароси борасида масъулдир. Киши бошқарувчидир ва ўз қўл остидагилардан масъулдир. Аёл эрининг уйи ишларини бошқарувчидир ва ўз қўл остидагилардан масъулдир…”.
Аллоҳ Таоло уларнинг ҳар бирига мана шу масъулиятни бажарганига яраша ажр ваъда қилди. Абдураҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:
إِذَا صَلَّتِ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتِ
“Агар аёл беш вақт намоз ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, ўз номусини ҳимоя қилса ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан киришни хоҳласанг, киравер”, дейилади” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Аёл кишининг асосий вазифаси уй бекаси ва оналик масъулияти бўлса-да, шариат унга, шахс сифатида эркаклар қатори илм талаб қилиш, бойлигидан закот бериш ва даъват қилиш каби ишларни фарз қилган. Бундан ташқари, у шахсий ва жамоат жойларида ўзи учун ишлаши, харид қилиши ва ҳоказо ишларни бажариши жоиздир. Шариат аёл киши учун бу ишларни тақиқламайди ва бу ишлар унинг уй бекаси бўлишига ёки оналик вазифасини бажаришига зарар етказмайди. Ислом давлати фойдани эмас, балки ҳалол ва ҳаромни ўлчов қилган. Шу сабабли, ишлашни хоҳлайдиган аёлларга маълум соатларда ишлашлари учун шароит яратиб берилади. Масалан, Усмонли халифалиги даврида аёлларнинг иқтисодий соҳада фаол иштирок этгани маълум. Тарихий маълумотлар шуни кўрсатадики, аёллар деҳқончилик, боғдорчилик ерлари ва кўчмас мулкларга эга бўлиш орқали улардан тушган даромадни ўзлари ишлатган. 18 асрда Ҳалабдаги суд маълумотларига кўра, мулкни сотиш билан боғлиқ аёлларга оид ишлар 63 фоизни ташкил қилган. Маълумки, Ислом динининг аёлларга нисбатан уй бекаси ва ҳимояланадиган номус сифатидаги дунё қараши уларнинг иқтисодий фаолиятига зарар етказмайди. Аксинча, ҳар қандай вазиятда ҳам, фаровон яшашини кафолатлайди. Шунингдек Ислом оила ҳаётини меҳр-муҳаббат устига қуради. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً
“Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир” (Рум: 21).
Статистик маълумотларга кўра, оиладаги низоларнинг 70 фоизи ичкиликбозликдан келиб чиқади. Аёлларга нисбатан зўравонликларнинг аксарияти шу ичкилик билан боғлиқ. Бироқ, ҳеч бир партия зўравонликни камайтириш усули сифатида спиртли ичимликларни тақиқлашни таклиф қилган эмас. Маълумки, Ислом дини маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилишни тақиқлайди. Аллоҳ Таолонини ичкиликни ҳаром қилган оятини тадаббур қиладиган бўлсак, спиртли ичимликларни ҳаром қилиниши аёлларга нисбатан зўравонликни сезиларли даражада камайтиргани аён бўлади. Демак, Исломдаги ҳар бир ҳукм ҳаётда татбиқ этилиши биланоқ зўравонлик ва оилавий муаммолар гўзал тарзда ҳал бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини жамият фаровонлиги учун оиланинг мустаҳкамлигига ҳамиша алоҳида эътибор берган. Бинобарин, аёлларнинг ва умуман жамиятнинг фаровонлиги Ислом динини ҳаётга татбиқ этилишига боғлиқдир.
Туркистон