Эрдоған НАТОга аъзо давлатлардан террорга қарши курашни талаб қилди

1422
0

Эрдоған НАТОга аъзо давлатлардан террорга қарши курашни талаб қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Литвада бўлиб ўтган НАТОга аъзо давлатлар лидерлари саммити ортидан уюштирилган матбуот анжуманида баёнот берди. Анжуманда Эрдоған “Террор” мавзусида сўз юритар экан, НАТО таркибидаги иттифоқчилардан террорга қарши кураш олиб боришларини талаб қилди. Шунингдек, у НАТО таркибидаги баъзи давлатларнинг Туркия наздида ашаддий террорчи ташкилотлардан саналган ПКК (Курдистон Ишчилар Партияси) ва унинг Суриядаги қаноти ЙПГ (Сурия демократик кучлари) билан алоқаларини танқид қилди.

“Бирдамлик – бу нафақат биз, балки барча иттифоқчилар томонидан ўзлаштирилиши керак бўлган тамойилдир. Баъзи иттифоқчиларимизнинг Сурияда ПКК-ЙГП билан ўрнатган алоқалари Иттифоқнинг бирлигига зарар етказмоқда. Ушбу ёндашувнинг ҳеч қандай мантиқий изоҳи йўқ. Сўнгги йилларда бошимиздан кечирган оғриқларга қарамай, терроризмга қарши кураш ҳақида ҳамон гапириб ўтиришимиз аламлидир. Биз 40 йилдан бери сепаратистик терроризмга қарши курашиб келаётган давлатмиз. Ҳозиргача террор ташкилотларининг ҳужумлари сабабли минглаб фуқароларимиз ҳаётдан кўз юмди. Нима бўлишидан қатъий назар терроризмга қарши кураш бизнинг бурчимиздир. Бундан буёғига барча иттифоқчиларимиздан террорга қарши қатъий курашни кутиб қоламиз”, дея террорга қарши курашга алоҳида урғу берди Эрдоған.

Изоҳ: Эрдоған ўз баёнотида таъкидлаганидек, Туркия ҳукумати ПКК ва унинг Суриядаги қаноти бўлган ЙПГ террорчи ташкилотларини ўзи учун асосий хавф деб билади. Бироқ, қизиғи шундаки, террорга қарши курашда Туркиянинг иттифоқчиси бўлган НАТО таркибидаги айрим давлатлар мана шу ПКК ва унинг Суриядаги қаноти ЙПГ террорчи ташкилотларини қўллаб қувватлаб келади. Ҳатто НАТОнинг асосчиси ва Туркиянинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Америка ҳам ўзининг ушбу террорчи ташкилотлар билан иттифоқдошлигини очиқ тан олади. Туркия президенти Оқ уйда меҳмон бўлиб турган пайтда АҚШ расмийлари мазкур ташкилотарни ўзининг ҳамкори эканлигини Эрдоғаннинг ўзига ҳам айтган эди. Американинг 5000 юк машинаси ва самалётлар орқали  ЙПГ учун қурол-яроқлар ва ҳарбий анжомлар юбориши ва Эрдоғаннинг АҚШга қарата “Эй Америка! Сен бизнинг дўстимизмисан ёки террористларнинг дўстимисан?!”, деб юборгани ҳаммага маълум. Ҳатто айнан мана шу саммит ўтказилаётган кунларда ҳам Америка тарафидан юборилган тахминан 100та ҳарбий техникадан иборат ҳарбий анжомлар ЙГПнинг назорати остида бўлган минтақага етиб келди. Бу ҳақида Анадўли ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Туркия террорга қарши курашда НАТО таркибида АҚШ ва Европа давлатлари билан иттифоқдош бўлса-ю, бироқ улар Туркияга таҳдид солаётган ПКК\ЙПГ террор ташкилотларини қўллаб-қувватлаб турса, бу иттифоқдошликни қандай изоҳлаш мумкин?! Демак бу ҳолат, Туркия ҳукумати Америка учун номигагина иттифоқдош эканлигини, аслида эса Американинг хизматкори эканлигини тасдиқлайди. АҚШ бошчилигида салибчи ғарб давлатлари томонидан ташкил этилган НАТО таркибида халқи мусулмон бўлган ягона давлат бўлган Туркия шу кунгача НАТО иттифоқидан заррача ҳам яхшилик кўрган эмас. НАТО таркибида Америкадан кейин энг катта қўшинга эга бўлган Туркия давлати 70 йилдан ортиқ давр мобайнида фақат НАТОнинг ифлос манфаатларига хизмат қилиб келди. Мисол учун, НАТО сафида туриб, Афғонистонда шармандали вазифаларни бажарди. НАТО кучларига ўз ерларидан ҳарбий базалар ва аэродромлар очиб бериш билан унинг Шом заминидаги қонли ҳужумларига ёрдам берди. НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс 2014 йил 9 октябрда «Мен Туркиянинг Афғонистон ва Косовадаги ролини ҳамда афғон кучларига машқ ўргатиш, кўмак ва маслаҳат бериш бўйича келажакда бажарадиган ролини юксак баҳолайман. Умид қиламанки, Туркия НАТОнинг хавфсизлигимизни ҳимоя қилишда асосий таянч бўлиб қолиши йўлида биз билан ҳамкорлик қилишда давом этади”, дейишгача борган эди.

Аслида энг катта хорлик азизликни Аллоҳнинг ҳузуридан эмас, Унинг душманларининг ҳузуридан излашдир. Уларнинг ҳузурида хорликдан бошқа нарса йўқ. Тўрт аср давомида халифаликни ўз бағрида асраган, оламдаги биринчи давлат мақомига кўтарилган ва енгилмас қўшинга эга бўлган Туркиянинг бугунга келиб, азизлик ва улуғликни Аллоҳнинг душманларидан кутишнинг ўзи ҳақиқий хорликдир. 

Агар Туркия аввалги азизлик ва улуғворлик мақомига қайтишни истаса, НАТО, БМТ ва булардан бошқа Исломий ўлкаларга тама кўзи билан қарайдиган халқаро муассасаларга таянмасдан, Ёлғиз Аллоҳга суяниши ва Исломга қайтиши лозим. Унинг олдида бундан бошқа йўл йўқ. Зеро, у узоқ асрлар давомида фақат Ислом билангина азизу мукаррам бўлиб келди. Демак, Туркия бир лаҳза ҳам вақтни бой бермай, ҳозирни ўзидаёқ НАТО блокини тарк этиши, Европа иттифоқига кириш учун ялиниш у ёқда турсин, агар Европа иттифоқининг ўзи чақирса ҳам, уни қатъиян рад этиши, бунинг ўрнига Исломий Умматнинг ажралмас бир қисми бўлган ўз халқи билан биргаликда Исломий ҳаётни қайтариши лозим. Ана шундагина Туркия аввалги азизлигини қайта тиклаши ва бутун Умматни азизликка олиб чиқиши мумкин.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here