БМТ: Африка шохи мамлакатларида очлик инқирози миллионлаган инсонларнинг ҳаётига хавф солмоқда

3411
0

БМТ: Африка шохи мамлакатларида очлик инқирози миллионлаган инсонларнинг ҳаётига хавф солмоқда

Африка шохи мамлакатларида миллионлаб одамларни очлик ўз домига тортмоқда. Бу ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон Озиқ-овқат дастурининг Африка минтақаси бўйича директори Майкл Данфорд матбуотга берган баёноти чоғида огоҳлантирди. Дунфорднинг таъкидлашича, минтақада озиқ-овқат ва энергия нархларининг юқорилиги билан бир қаторда қурғоқчилик ва сув тошқини ҳамда Судандаги тўқнашувлар мавжуд вазиятга салбий таъсир кўрсатиб, очлик инқирозига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат дастури минтақага фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун 810 миллион доллар кераклигини эълон қилди. Бошқа томондан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, изма-из келган инқирозлар миллионлаб инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўйганига диққат қаратиб, халқаро ҳамжамиятдан Африка шохи мамлакатлари учун зудлик билан ёрдам сўраб мурожаат қилди.

“Инқироз фалокатга айланиб кетмаслиги учун унинг олдини олишга ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Агар шошилинч ва катта маблағ ажратилмаса, операциялар тўхтаб қолади ва натижада одамлар ҳалок бўлади”, деди Гутерреш Африка шохи мамлакатлари учун маблағ йиғиш тадбирида сўзлаган нутқида.

Изоҳ: Африка шохи мамлакатлари таркибига, Африка қитъасининг шимолий шарқида жойлашган Судан, Жанубий Судан, Сомали, Эритрея, Эфиопия, Кения, Уганда ва Жибути давлатлари киради. Аслини олганда бу давлатлар улкан ер ости ва усти бойликларига эга давлатлардир. Олтин, кумуш, олмос, уран, мис, нефт, газ, олтингугурт, никел, вольфрам, темир, қўрғошин, титан, платина, базалт, хром, слюда, марганец, калий тузи, кварц қуми, трона, кианит, диатомит, оҳақтош, графит, полиметалл, флюорит, табиий сода, каолин, гипс, асбест, туз, пьезокварц, тантал, ниобий, қалай, уранторий, мармар, гипс, фосфорит, кобальт, полиметалл рудалар, ниобий, цирконий, апатит, асл тошлар, марварид, коралл тошлари каби қимматбаҳо маъданлар Африка шохи мамлакатларида беҳисоб мавжуддир. Булардан ташқари чорвачилик, ўрмончилик, балиқчилик ва деҳқончилик учун кенг имконияларга эга. Шундай бўлишига қарамай, бу мамлакатларнинг аҳолиси очлик инқирози гирдобида қолиб, БМТнинг садақасига кўз тикиб ўтиришини қандай изоҳлаш мумкин?!

Ҳатто бу табиий бойликлар у ёқда турсин, керак бўлса, биргина Суданнинг унумдор ерлари нафақат Африка шохи мамлакатларини, балки Испаниядан тортиб, Индонезиягача чўзилган бутун Ислом географиясини озиқ-овқат ва қишлоқхўжалиги маҳсулотлари билан бемалол, мўл-кўл таъминлашга қодир. Исломий олам бекорга Суданга «озиқ-овқат савати» деб ном берган эмас. Аммо воқеликка қаралса, бугунги кунда Суданнинг ўзи нон кризисидан азият чекмоқда. Бунинг сабаби нимада?!

Албатта бу ҳолат капиталистик тузумнинг муваффақиятсизлигини яққол намоён қилмоқда. Чунки халқларни мустамлака қилиш ва бойликларини талон-тарож қилиш очкўз капиталистик тузумнинг табиатидандир. Бугунги кунда Африка қитъаси Капиталистик тузумнинг намоёндалари бўлган Америка ва Европанинг мустамлакаси остида қолган. Улар юқорида номлари келтирилган қимматбаҳо маъданларни хомашё сифатида ташиб кетишади. Сўнг ортидан, ўз бойликларидан маҳрум бўлиб, очлик ёқасига келиб қолган халқ учун “тимсоҳ кўз ёшлари”ни тўкиб, ўзларича жон куйдиришган бўлишади.

Шундай экан, Африка аҳолисини оғир иқтисодий аҳволдан қутқариш БМТ каби АҚШнинг истагига кўра ҳаракат қиладиган ташкилотларнинг ёрдам чақириқлари билан бўлмайди, аксинча, бу ёрдамлар Африка аҳолисини яна-да қул қилиш учун хизмат қилади. Ахир Африканинг бойликларини ташиб кетиш учун сунъий урушларни чиқариб, уни шу аҳволга солган Америка ва Европанинг ўзи эмасми?!

Бу ва бу каби муаммолар фақат ва фақат Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш билангина ҳал бўлади. Тарихда Халифалик давлати соясида бўлган Африка аҳолиси азизлик ва хотиржамликда ҳаёт кечирди. Мусулмонлар ҳам, зиммийлар ҳам очарчилик нималигини билишмади. Масалан, Яҳё ибн Саид Африкада шариат аҳкомлари татбиқ қилинган замонлар ҳақида шундай ривоят қилади: «(Халифа) Умар ибн Абдул-Азиз мени закотларни йиғиб келиш учун Африкага юборди. Мен уларни йиғиб олдим. Сўнг закот оладиган камбағаллар борми, деб сўраганимда бирон камбағални ҳам, бу закотларни олишга ҳақли бўлган бирон муҳтож одамни ҳам тополмадим».

Ҳа, Исломни татбиқ этиш шарофати билан ҳаёт шундай гўзал бўлган эди. ИншаАллоҳ яқинда тикланиб, Исломни татбиқ этажак Халифалик давлатида ҳам ҳаёт яна шундай гўзал бўлади. Халифалик давлати соясида ҳамма – мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаган зиммийлар ҳам – иқтисодий фаровонлик, хотиржамлик, кенгчилик неъматидан баҳраманд бўладилар.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here