ЕОИИ муаммолар гирдобида

3137
0

ЕОИИ муаммолар гирдобида

 Хабар: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 25-май куни Москвада бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи форумида ЕОИИ тузилмаси ичида Россия ва Беларус иттифоқ давлати “феномени” мавжудлигига эътибор қаратди ва ҳамкасбларни мамлакатлар интеграциясининг турли даражаларини муҳокама қилишга таклиф этди.

 “Жаҳон сиёсий тарихида ноёб прецедент ёки феномен – ягона сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданий, гуманитар макони билан “икки давлат – бир мамлакат” формуласи бўйича давлатни яратиш ҳодисаси. Ягона иттифоқ ҳукумати, ягона иттифоқ парламенти ва мени кечириб қўясиз, ҳатто ядро қуроли ҳам ҳозир иккита давлатга битта”, – деди Тўқаев.

 У шунингдек, “Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон билан интеграциянинг бошқа даражаси ҳам мавжуд ва биз бу реаллик билан ҳисоблашишимиз керак: бундай шароитда қандай ишлаймиз. Бу концептуал масала. Ўйлайманки, биз ушбу иқтисодий форумда мазкур муаммони муҳокама қилишимиз керак”, – дея қайд этди қозоқлар президенти.

 Экспертларга кўра, Тўқаев бу гаплари билан ЕОИИнинг ҳозирги форматининг келажаги йўқлиги ва у узоқ яшай олмаслиги ҳақидаги фикрни дипломатик оҳангда билдириб қўйган.

 Саммитда Тўқаев ҳар доимгидек ўзининг “лекин”ларини билдирди. Тўқаев ЕОИИ доирасида бир эмас, иккита иттифоқ борлиги ва бу ғалати эканлигини билдирди. Яъни ЕОИИ доирасида иккига бўлиниш, иккита жамоа борлиги ва бу зиддиятлар келтириб чиқараётганига эътибор қаратди. Ва, “Евросиё иқтисодий иттифоқи – бу энг аввало, иқтисодий бирлашма”, дея урғулаб қўйди.

 Изоҳ: Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкил топганидан бери фақат Россия манфаатлари йўлида хизмат қилиб келмоқда, аслида Путиннинг ташкилот тузишдан шу мақсадни кўзлаган эди. Фақат Путин бу ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзига содиқлигидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу аъзога қўшимча имконият ва шароитлар яратиб бериб келмоқда. Масалан, Путин ва Лукашенко ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб турган пайтда Путин ташкилотда Қозоғистон учун алоҳида мақом жорий этиб, имкониятлар яратиб берган ва бу ташкилотга аъзо бошқа давлатлар, жумладан, қирғиз ҳукумати эътирозларига сабабл бўлган эди. Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаров 2022-йил феврал ойида Евросиё тараққиёт банкининг барча маблағлари фақат Қозоғистон ва Россиядаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга кетётганидан шикоят қилган ва ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг май ойида ўтказиладиган йиғилишида бу масалани кўтаришни режалаштираётганини маълум қилиб:

 “Мазкур инқирозга қарши институт Россия ва Қозоғистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун эмас, балки Арманистон, Қирғизистон ва Беларус каби давлатларнинг иқтисодиётини тенглаштириш учун ишлаши керак ва бу Россия президенти Владимир Путин томонидан бир неча бор таъкидланган. Биз бу масалани кун тартибига олиб чиқамиз. Ҳамкасбларим мени қўллаб-қувватлайди деган умиддаман. Ҳозир эса 99 фоиз маблағ Қозоғистон ва Россияни қўллаб-қувватлашга кетяпти”, – деган эди.

 Путин ва Тўқаев ўртасидаги бундай илиқ муносабатлар 2022-йил феврал ойига қадар давом этди. Маълумки, 2022-йил январ ойида Қозоғистонда қонли воқеалар ўрин олган ва Тўқаев шошилинч тарзда Путиндан КХШТ тинчликпарвар кучларини мамлакатга киритишни сўраган эди. Қозоғистондаги халқ намойиши бостирилганидан сўнг Тўқаев КХШТ тинчликпарвар кучларини зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетиши ҳақидаги кутилмаган баёнотидан сўнг Путин билан ўрталарига совуқчилик туша бошлади. Бундан ташқари, Тўқаев Россиянинг Украинага қарши бошлаган босқинчилик урушида бетараф позицияда қолиши камлик қилганидек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Петербург иқтисодий форумидаги чиқишида, Путиннинг олдида, унинг мамлакати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслигини айтганидан сўнг муносабатлар янада совуқлашди.

 Бунинг акси ўлароқ, Белорусдаги халқ намойишларига қадар ЕОИИ ва КХШТни танқид қилиб келган Александр Лукашенко ўз ҳокимиятин сақлаб қолишда Путин кўмагини олгач, Путин томонга оғиб кетди. Ҳатто, Россиянинг Украинага қарши тажовузини қўллаб-қувватлаш билан кифояланиб қолмай, ўз мамлакати эшикларини рус босқинчилари Украинага зарба беришлари учун очиб ва ҳатто Россия ядро қуролларини мамлакатга жойлаштиришга ҳам розилик берди. Натижада Лукашенко ЕОИИда Путиннинг “ўнг қўли”га айланди ва ташкилотда алоҳида “мақомга” эга бўлиб турибди. 

 Маълумки, ташкилотнинг қуввати ва таъсири таъсисчи давлатнинг халқаро сиёсатда тутган ўрни ва қудратига боғлиб бўлиб, агар таъсисчи давлат кучли ва қудратли бўлса, ташкилот ҳам таъсир кучига эга бўлади. Давлат кучдан қолиб боргани сари ташкилот ичидаги келишмовчилик ва зиддиятлар ҳам кучайиб боради ва охир оқибат ташкилот заволга юз тутади. Бугунги кунда Россия халқаро сиёсатда яккаланиб қолиб, Украина ботқоғига ботиб боргани сари унинг етакчилигидани ташкилотлар ичида ҳам келишмовчиликлар кучайиб бормоқда. Бу нафақат ЕОИИ, балки КХШТ ичида ҳам содир бўлмоқда. Масалан, 22-май куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван олдида КХШТдаги иштирокини тўхтатиш масаласи турганини маълум қилиб: “Арманистоннинг КХШТдан чиқиши ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, ташкилотнинг мавжуд мажбуриятларини назарда тутяпман. Бу масала кун тартибидан ташқарида деб айтмаган бўлардим. Чунки муҳокама қилинадиган масалалар бор экан, бу масала ҳам кўриб чиқилиши шарт”, – деди. Демак, Россия ҳолдан тойиб боргани сари унинг етовидаги ташкилотларнинг кейинги тақдири савол остида қолади.

 Абдураҳмон Одилов 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here