Рамазон жавобгарликлар ва биринчи даражали устувор вазифалар ойидир

467
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Рамазон жавобгарликлар ва биринчи даражали устувор вазифалар ойидир

Устоз Холид Саид

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Фаластин

заминидаги матбуот бўлими аъзоси

Индивидуаллик ва худбинликка қарши кураш Исломнинг мабда сифатидаги алоҳида муҳим сифатидир. Чунки Ислом кишини шахсий ишларини қилиш, ўзини ислоҳ этиш ва турмуш тарзини тартиблаштиришга чақириш билан бир қаторда, уни бошқаларга диққат-эътибор қаратишга ва ўз жамиятида атрофдаги инсонларнинг манфаатига ҳам қайғуришга буюрган. Ҳатто бошқаларга диққат-эътибор қилиш барча инсониятни ўз ичига олади. Чунки Ислом оламий рисола бўлиб, инсониятни жаҳолат ва залолат зулматидан ҳидоят ва яхшилик нурига олиб чиқишга қаратилган.

Муборак Рамазон ойида жуда кўп манзаралар намоён бўлади. Бу манзаралар мусулмонларни айни шу нарсалар ҳақида тафаккур қилиб, онгли равишда ўйлаб кўришга ундайди. Токи, бу нарса мусулмонларга ўз воқеликларини ўзгартиришга ёрдам берсин, натижада мусулмонлар ўз ролларини адо этиб, уммат сифатида зиммаларига юкланган масъулият-жавобгарликларни бажарсинлар. Мусулмон киши тор индивидуаллик чопонини эгнидан ечиб, ўзининг улуғ кўҳна Умматнинг бир бўлаги эканини англаши учун бошини бепоён осмонга кўтаромоғи идрок ва онгнинг дастлабки белгиларидан ҳисобланади.

Росулуллоҳ ﷺнинг

«كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»

«Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан жавобгарсиз», деган сўзлари ҳар бир жавобгарлик ва унга алоқадор ишларга асос ҳисобланади. Бу жавобгарликлар давлатнинг ҳукмдори ёки халифада гавдаланувчи ҳокимият пиллапояларининг энг юқорисидан бошланиб, секин-аста пастга тушаверади ва биттама-битта ҳар бир шахс ва эркагу аёлни ўз ичига олади.

Чунки масъулият-жавобгарлик ўз даража ва йўналишлари бўйича турли хил бўлгани боис, улар бажарилаётган пайтда биринчи даражали устувор вазифалар ўртага чиқиши табиий. Шунинг учун мана шу устувор вазифаларни тартиблаштириб олиш учун ўлчов ва меъёр бўлиши керак. Чунки устувор вазифа масаласи инсоннинг нафс-ҳавосига ва истакларига ташлаб қўйилмайди. Шу сабабдан мусулмон киши наздидаги устувор вазифаларни тартиблаштириб бериш учун Аллоҳ Таолонинг

أَجَعَلْتُمْ سِقَايَةَ الْحَاجِّ وَعِمَارَةَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ كَمَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَجَاهَدَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ لَا يَسْتَوُونَ عِندَ اللَّهِ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

«(Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни – Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлар(нинг амалларига) тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» [Тавба 19]

деган каломи келган. Ушбу калом иймон келтириб, жиҳод қилишни ҳожиларга сув бериш ва хизмат қилиш, Масжидул Ҳаромни обод этиш амалларидан аввал қилинадиган амал эканини белгилаб берди ва устувор вазифани аниқ-тиниқ тарзда баён қилди. Чунки фарзлар нафллардан аввал туради, усул фуруъдан аввал туради.

Бугунги кунда мусулмонларнинг воқелигига назар ташланса, муаммолар жуда кенгайиб, ечимлар аралаш-қуралаш бўлиб кетгани аён бўлади. Шу боис, улар бошдан кечираётган муаммолардан саломат чиқиб олиш учун устувор амал-вазифаларни тартиблаштириб олиш лозим. Устувор вазифалар рўйхатининг бошида Исломни татбиқ этиш ҳамда мусулмонлар учун уларни бирлаштирадиган ва умматлар ўртасидаги уларнинг ўрни ва ўзлигини белгилаб берадиган битта давлатни барпо этиш масаласи турибди. Шунинг учун Рамазонда ва бошқа вақтларда ҳам фақатгина Қуръон ўқиш ва чиройли тиловат қилиш амалларига эътибор бериб, аммо Қуръон аҳкомларининг бекор қилинишига ва чегаралари топталишига эътибор бермаслик мутлақо номақбулдир. Намозни барпо этиш фарзи билан Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар орқали ҳукм юритишнинг фарзи ўртасини, рўза тутиш фарзи билан халифа сайлаш фарзи ўртасини, ҳаж фарзи билан жиҳод фарзи ўртасини ажратиш умуман қабул қилинмайдиган нарса. Чунки Аллоҳнинг аҳкомлари бир-бирига боғланган ҳолда, шахс, жамият ва давлат ҳаёти учун ечимларни бериш учун нозил бўлган.

Ислом олиб келган эътиқод, ўлчов ва аҳкомлар учун ижро этувчи орган сифатида давлатнинг мавжуд бўлиши Исломда жуда муҳим саналади. Татбиқни ибодат ва ахлоқ каби инсоннинг шахсий ҳолатига тааллуқли аҳком ва муолажаларга чеклаш Исломнинг аксар аҳкомларини бекорга чиқаради. Фақатгина ибодат ва ахлоқ кабиларга чеклаб қўйилса, бошқа аҳкомларга, масалан, иқтисодий ва ижтимоий муомалалар, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод, ташқи сиёсат, жазо чоралари, таълим тизими, ўқув дастурларини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа кўплаб масалаларга тааллуқли аҳкомларга қандай амал қилинади? Яна булардан бошқа кўплаб аҳкомлар борки, улар Ислом аҳкомларининг бешдан тўрт қисмини ташкил қилади. Булар давлат йўқ бўлганлиги сабабли барчаси татбиқсиз-бекор бўлиб қолади-ку. Набий ﷺ марҳамат қилганлар:

«كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ، كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ لا نَبِيَّ بَعْدِي، وَسَيَكُونُ بعدي خُلَفَاءُ فَيَكْثُرُونَ»، قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا؟ قَالَ: «فُوا بِبَيْعَةِ الْأَوَّلِ فَالْأَوَّلِ، وَأَعْطُوهُمْ حَقَّهُمْ، فَإِنَّ اللَّهَ سَائِلُهُمْ عَمَّا اسْتَرْعَاهُمْ»

«Бану Исроилга пайғамбарлар сиёсат юргизарди. Қачон бир пайғамбар ҳалок бўлса, ортидан бошқа бир пайғамбар келарди. Мендан кейин эса пайғамбар йўқ. Халифалар бўлади ва улар кўпайиб кетади. Шунда: бизга нимани буюрасиз? – дейишган эди, айтдиларки: биринчисининг, фақатгина биринчисининг байъатига вафо қилинглар ва уларнинг ҳақларини беринглар, зеро Аллоҳ улардан фуқарони қандай бошқарганлари ҳақида сўрайди».

Росулуллоҳ ﷺнинг қуйидаги ҳадисларида келганидек, давлат вужудини сақлаш Ислом динининг олий мақсадларидан бирига айлантирилганлиги давлатнинг мавжуд бўлишининг муҳимлигини янада зиёда қилади:

«إِذَا بُويِعَ لِخَلِيفَتَيْنِ، فَاقْتُلُوا الآخِرَ مِنْهُمَا»

«Агар икки халифага байъат қилинса, кейингисини ўлдиринглар». Яна бундай деганлар:

«مَنْ أَتَاكُمْ وَأَمْرُكُمْ جَمِيْعٌ عَلَى رَجُلٍ وَاحِدٍ، يُرِيدُ أَنْ يَشُقَّ عَصَاكُمْ، أَوْ يُفَرِّقَ جَمَاَعَتَكُمْ، فَاقْتُلُوهُ»

«Кимда-ким барчангизнинг ишингизни битта киши бошқараётган ҳолингизда келиб, бирлигингизни бўлишни ёки жамоатингизни парчалашни истаса, уни қатл қилинглар». Бу масала бугунги кунда жамоалар, шахслар ва уламолар сифатида барча мусулмонлардан ўз воқеликларини ва битта вужудда бирлашишга нақадар муҳтожликларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

Мусулмонларнинг энг асосий масалаларидан бири бўлган Фаластин масаласи борасида устувор вазифаларни белгилашда муаммо юзага келган. Зеро, ҳукмдорлар Умматни адаштирувчи ҳаракатларни амалга ошириб, Фаластинни озод этиш йўлидан чалғитишга уринишмоқда. Шунингдек, мақсад ва ғояга олиб бормайдиган иккиламчи ишлар билан унинг энергиясини тугатишга ҳаракат қилишяпти.

Сохта васийлик соҳиби бўлган анави Иордания режими асосий эътиборини Ақсо масжидини таъмирлашга, гилам ва жойнамозларини янгилашга қаратган. Эрон режими бўлса, «Қуддус гвардияси», деб аталмиш бирикма тузиб олиш ва ҳар йили Рамазон ойининг охирги жумасини Қуддус куни қилиб нишонлаш орқали Масжидул Ақсони зое кетказмоқда. Марокаш режими Қуддус қўмитасига раислик қилаётганини даъво қилаётган бўлса, Турк режими ҳеч қандай маъноси йўқ, Фаластинга таъсири ҳам бўлмайдиган қизил чизиқларни ўрнатмоқда… У Ақсо масжидини кишанлардан ечиш ва бутун Фаластинни озод қилиб, уни яҳудийлар ифлослигидан тозалаш учун жиддий ҳаракат қилиш ўрнига, мана шундай қизил чизиқлари билан Умматни адаштириш ва чалғитишни қасд қилмоқда.

Мусулмонлар азоб чекаётган бошқа минтақаларга келсак, масалан, Хитойдаги уйғурлар, Мьянма (Бирма)даги роҳингалар, Ҳиндистон ва Африкадаги мусулмонлар каби, ҳукмдорлар уларга нусрат-ёрдам бериш, зулмдан қутқариш ва оқизилаётган қонларини тўхтатиб, номусларини ҳимоя қилиш ўрнига, уларни чалғитиш ҳамда хайрия ишлари ва инсонпарварлик ёрдамлари билан энергияларини тугатиш орқали компасни бошқа томонга буриб юборишга ҳаракат қиляпти. Гарчи бу ишлар гўзал ва чиройли ишлар бўлса-да, бироқ мусулмон биродарларимизнинг азоб-уқубатларига барҳам бериш учун тўғри йўл эмас.

Шунинг учун, бугунги кунда мусулмонлар ўзларининг устувор вазифаларини Аллоҳ севадиган ва рози бўладиган тарзда тартиблаштириб олмоқлари ҳамда ҳукмдорлар ва уларнинг тарафдорларининг мусулмонларни адаштириб, қинғир йўлларга етаклашларига йўл қўймасликлари лозим. Зеро, рўза Умматнинг бирлигига гувоҳлик бераётган бўлса, қиёмул лайллар қайта кўтарилиш ва уйғониш учун чақирмоқда. Бас, шундай экан, эй мусулмонлар, бу йилги Рамазонингизни Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг Суннатини татбиқ қиладиган, орангизда Аллоҳнинг ваъдаси ва Росулининг башоратларини рўёбга чиқарадиган давлатсиз ўтаётган рамазонларнинг охиргиси қилинг ва аввалги тарихингизни қайтариб, бутун оламга қайта эзгулик ва зиё улашинг.

Роя газетасининг 2023 йил 5 апрел чоршанба кунги 437-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here