Жапаров Путиндан Тожикистон билан чегара масаласини ҳал қилишда ёрдам сўради

246
0

Жапаров Путиндан Тожикистон билан чегара масаласини ҳал қилишда ёрдам сўради

 Хабар: Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путиндан Тожикистон билан чегарани делимитация қилиш масаласини ҳал қилишда ёрдам сўради. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов маълум қилди.

 Остонада бўлиб ўтган учрашувда уч давлат раҳбарлари чегара масаласи бўйича очиқ мулоқот қилди. Жапаров Путиндан бу масалани ҳал қилишда ёрдам беришни сўради, чунки буни ўзимиз ҳал қилишимиз тобора қийинлашиб бормоқда”, – деди Иманқулов.

 Иманқуловнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси раҳбари бу ҳақда ўйлаб кўришга, ҳужжатларни кўтаришга, томонлар имкониятларини кўриб чиқишга ва баҳо беришга ваъда берган.

 “Россияда чегаралар масаласини ҳал қилишга ёрдам берадиган архив ҳужжатлари ва хариталар бўлиши мумкин”, – дея қўшимча қилди хавфсизлик кенгаши котиби.

 Изоҳ: Азалдан бир Уммат вакиллари бўлиб келган яхлит Туркистон мусулмонларига “миллат” ва “ватан” деган хатарли тушунчани сингдириб, уларни беш республикага бўлиб ташлаб ўрталарига сунъий чегараларни тортилишига айни шу худосиз коммунистлар давлати СССР сабабчи бўлган. Ушбу ботил режим республикалар ўртасида сунъий чегаралар тортаётган вақтда улар ўртасида доимий келишмовчилик ва зиддиятларни пайдо қилиш ва шу орқали ўз таъсир доирасида ушлаб туриш осон бўлиши учун чегараларни худди шахмат тахтасидаги катаклар каби тортиб чиқди.

 СССРдан мустамлакаларини мерос қилиб олган Россия айни шу чегара муаммоларидан минтақа давлатларига босим ўтказиш, уларни ўз измига солишда қурол сифатида фойдаланиб келмоқда. Масалан, 2014-йили Қирғизистон ҳукумати “Манас” аэропортидан АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юборгунга қадар ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишни пайсалга сола бошлаган вақтларда қирғиз-тожик чегарасида давомли зиддиятлар авж олган ва бир йилда қирғиз-тожик чегарасида 32 та можаро содир бўлган эди… 2021-йил апрел ойи охири, май ойи бошида содир бўлган навбатдаги чегара можаросида иккала томондан 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 250 дан зиёд киши жабрланди. Бу йилги чегара можароси эса аввалгиларга нисбатан энг қонлиси бўлиб, ҳар икки томондан юздан ортиқ қурбон бўлишига, юзлаб инсонлар жароҳатланишига сабаб бўлди.

 Агар Россиянинг розилиги бўлмаса минтақадаги иқтисоди энг ночор, энг қашшоқ бўлган икки республиканинг бир-бирига қарши уруш олиб бориши, бирини иккинчиси ҳудудига бостириб кириб гранатомёт ва пулемётларни қўллаган ҳолда уруш олиб бориши мумкин эмас. Энди эса минтақадаги барча нотинчликлар сабабчиси ва уюштирувчиси бўлган Россия чегараларни белгилашда икки давлатга ёрдам бермоқчи, воситачи бўлишга тайёр эмиш.

 Аслида, ақидаси, дини, пайғамбари, қибласи бир бўлган икки қардош халқ ўз ўрталаридаги муаммоларни ҳал қилишда куфрдан ёрдам сўрашлари, куфрни ҳакам қилишлари шаръан жоиз эмас. Агар бу икки қардош халқ ўрталарида муаммолар бўлмаслиги, яна аввалгидек бир Уммат вакили, ўзаро биродар бўлиб яшашни исташса куфр томонидан ўрталарига тортилган чегарани йўқ қилишлари, Ислом ақидаси ва дини асосида бирлашишлари лозим. Муаммонинг бундан бошқа йўли мавжуд эмас.

Абдураҳмон Одилов      

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here