АҚЛ ФАҚАТ ЎЗ ЎРНИДА ИШЛАШЛИГИ ФАРЗ

682
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

АҚЛ ФАҚАТ ЎЗ ЎРНИДА ИШЛАШЛИГИ ФАРЗ

Ҳукмга алоқадор баҳсларнинг энг муҳими, энг афзали ва баён қилиниши зарур бўлгани – бу ҳукм чиқариш ҳуқуқига ким эгалигини, яъни, ким ҳукм чиқарувчи эканини билиб олишдир. Чунки, ҳукм чиқарувчининг кимлиги билиб олингач, ҳукм ва унинг турлари билинади. Бу ерда ҳукм чиқарувчидан мурод ўзининг қўл остидагиларига ўз ҳукмини ўтказувчи салтанат соҳиби эмас, балки, феъллар ва нарсаларга ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга бўлган зот ким эканлигидир. Чунки, борлиқда ҳис қилинган нарсалар фақат инсоннинг феъллари ёки шу феълларига алоқадор нарсалар бўлади ҳалос. Инсон шу коинотда яшовчи жонзот сифатидаги баҳс мавзуси экан, ҳамда ҳукм чиқариш ҳам инсон учун ва унга алоқадор экан, демак, ҳукм инсоннинг феълларига ва унга алоқодор нарсаларга чиқарилиши керак. Чунки инсон ҳар бир нарсага ёки ҳар бир ишга қандай муносабатда бўлишидан аввал ўша вокеъликни тўғри ечиб олиши, ҳамда тўғри ёндошишида иҳтиёрли ва икки дунё баҳти ҳам, ҳалокати ҳам шу танлашда тўғри ҳулоса чиқаришига боғлиқ. Акс ҳолда у адашиб, олиш керак нарсани олмайди, ташлаш керак бўлган нарсага яқинлашади. Энди, бу нарсаларга ҳукм чиқаришга ягона ҳақли зот ким? Аллоҳми, инсоннинг ўзими? Бошқача айтганда, шариатми, ақлми? Чунки, Аллоҳнинг ҳукмини шариат баён қилса, инсонни ҳукм чиқарувчи қилган нарса ақлдир. Хуллас, ҳукм чиқаргувчи ким? Шариатми, ақлми? 

  Аммо ушбу ҳукмнинг мавзуси, яъни феъллар ва нарсалар устидан ҳукм чиқариладиган нарса  чиройли (яқинлашиш) ва ҳунук (қочиш)ликдир. Чунки ҳукм чиқаришдан мақсад бирор иш қаршисида инсоннинг муносабатини аниқлашдан иборат; инсон шу ишни қилсинми ёки қилмасинми? Ёки қилиш, қилмасликда ихтиёрлими? Ҳамда инсоннинг ўз феълларига алоқадор нарсалар қаршисидаги муносабатини ҳам тайинлаб бериш лозим; у бу нарсаларни оладими ёки тарк этадими? Ёки олиш, олмасликда ихтиёрлими? Инсоннинг бундай муносабатини тайинлаш унинг нарсага чиройлими, хунукми ёки чиройли ҳам, хунук ҳам эмасми деган қарашига боғлиқ. Шунинг учун, бу ўринда талаб этилган ҳукм чиройли ва хунукликдир. Демак, “чиройли” ёки “хунук” деб ҳукм чиқаришда бу иккиси(ақл ва шариат)дан ташқари учинчиси йўқ бўлганлиги боис, бу ақлнинг ишими ёки шариатникими? – шуни яхши ечиб олиш асосий масала бўлиб қолмоқда. Бунинг жавоби шуки, феъллар ва нарсаларга ҳукм чиқариш уч жиҳатдан бўлади:

  1. Уларнинг воқеъси нима эканлиги томонидан
  2. Уларни инсон табиатига ва фитрий майлларига мос келиши, мос келмаслиги томонидан
  3. Шу ишни қилганига мақтов, қилмаганига мазаммат, ёки мақтов ҳам, мазаммат ҳам қилинмаслиги, яъни шу ишга савоб ёки жазо борлиги ёки савоб ҳам, жазо ҳам йўқлиги томонидан

Бу – нарсаларга ҳукм чиқаришнинг уч жиҳатидир; биринчиси, уларнинг воқеъси нималиги. Иккинчиси, улар инсон табиатига мос келиши ёки келмаслиги. Учинчиси, савоб ва жазо ёки мақтов ё мазаммат жиҳати.

Аммо, нарсаларга ҳукм чиқаришда биринчи ва иккинчи жиҳатдан, яъни уларнинг воқеъси нима эканлиги ва улар инсон табиатига мос келиши, келмаслиги, буларнинг барчасида ҳукм чиқаришга инсон ҳақли, яъни бу шариатнинг эмас, ақлнинг ишидир. Ушбу икки жиҳатда феъллар ва нарсаларга ақл ҳукм чиқаради. Бу икки жиҳатнинг бирортасида шариат ҳукм чиқармайди. Чунки бу ишларга шариатнинг дахли йўқ, негаки илм чиройли, жаҳолат хунук. Уларнинг воқесидан яъни илмдан камолат ва жаҳолатдан ожизлик кўриниб туради. Шунингдек, бойлик чиройли, камбағаллик хунук. Чўкаётган одамни қутқариш чиройли ва бировнинг молини ноҳақ олиб қўйиш хунук каби. Чунки инсон табиати зулмдан нафратланади, ҳалокатга юз тутганга ёрдам беришга мойил бўлади. Шунингдек, ширин нарса чиройли, аччиқ нарса хунук ва ҳоказо. Буларнинг барчаси инсон ҳис қиладиган нарсанинг воқеъига боғлиқ бўлганлигидан ақли уларни идрок этади ёки инсоннинг фитрати ва табиатига боғлиқ бўлиб, инсон ундан туйғуланади ва ақли идрок этади. Шунинг учун  бу нарсаларга шариат эмас, балки ақл чиройли ва хунук, деб ҳукм чиқаради яъни мазкур икки жиҳатда феълларга ва нарсаларга ҳукм чиқариш ҳуқуқи инсонга берилади. Бу ўринда инсонни ақли ишлайдиган ўринлар, ақлини ишлатиш фарз бўлган мавзулардир. Бу ўринларда ақл ишлаши билан Аллоҳ Таоло яратган нарсаларни инсон учун қанчалар зарур эканини тушуниб етади. Демак, бу икки жиҳатда ҳукм қилувчи инсондир. Аллоҳ Таоло ақлини ишлатмаганларни шундай сифатлайди:

وَمَثَلُ الَّذِينَ كَفَرُوا كَمَثَلِ الَّذِي يَنْعِقُ بِمَا لَا يَسْمَعُ إِلَّا دُعَاءً وَنِدَاءً صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لَا يَعْقِلُونَ

   Куфр йўлидаги кимсаларни  мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларнинг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, улар ақл қилмайдилар.[2:171] .

Аммо, феъллар ва нарсаларга дунёда мақтов ва мазаммат, охиратда эса, савоб ва жазо жиҳатидан ҳукм чиқариш инсон учун эмас, бу мавзуъ шубҳасиз, ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққи. Яъни, бу ҳуқуқ ақлники эмас, шариатникидир. Масалан, иймон чиройли, куфр хунук, тоат чиройли, маъсият хунук, урушда ёлғон гапириш чиройли, тинчлик холатда кофир ҳокимга ҳам ёлғон гапириш хунук ва ҳоказо. Бу борадаги ақл эмас, ягона ҳукм чиқарувчи шариат эканлигининг боиси шундаки, ақл ҳис, воқеъ, собиқи маълумот ва миядан иборат бўлиб, ҳис ақлнинг юзага келишидаги асосий омилдир. Чунки, ақл нарсаларга(савоб ёки жазо жиҳатидан) ҳукм чиқариши учун ўша нарсаларни ҳис этиши шарт. Агар инсон нарсани ҳис қилмаса, унга ҳукм чиқара олмайди. Хис этилмаган нарсаларга ақлнинг ҳукм чиқариши амри маҳолдир. Зулмнинг мақталадиган ёки мазаммат этиладиган нарса эканлигини ақл ҳис қила олмайди. Чунки, бу ҳис этиладиган нарса эмас. Шунинг учун ҳам унда ақл ишламайди, яъни ақл унга ҳукм чиқариши мумкин эмас. Зулмни мақташ ёки мазаммат қилиш, гарчи, инсон ўз фитрати билан ундан нафратланса ёки унга нисбатан мойил бўлса-да, бироқ, бу туйғунинг ўзи бирор нарсага ҳукм чиқаришида ақлга ёрдам бермайди. Балки, ақл ишлаб, унга ҳукм чиқариши учун ҳис қилиниши шарт. Шунинг учун ақл иш ёки нарсага чиройли ёки хунук(савоб ёки жазо) деб ҳукм чиқара олмайди. Шундан маълумки, ақлнинг уларга(савоб ёки жазо жиҳатидан) ҳукм чиқаришга имкони бўлмаганлиги учун ҳам, у феълларга ёки нарсаларга мақтов ва мазамат билан ҳукм чиқара олмайди. Бу иш ақл учун амри маҳолдир.

Лекин аҳмоқлар бу борада ҳам ўзимиз ёки ўзимизга ўҳшаган инсонлар аниқлаб беради деган хаёлларга боришади, яъни тўғри-савобли ишларни ҳам, нотўғри-жазоланадиган ишларни ҳам билиш имконимиз бор деб, баъзи ишларни қилишга киришадилар, баъзи ишларни қилмасликка қарор қиладилар ва бошқаларни ҳам ўзлари билан бирга адаштирадилар. Ақлли инсонлар ишни моҳиятини билганликларидан бу борадаги ҳукмларни, нималарни қилиш керак, нималарни қилишдан тийилиш кераклигини фақат шариатдан излайдилар. Мужтаҳидлар ўзлари етиб борган ҳукмларини қайси асослардан олганликларини далиллари билан келтирадилар. Алқ эгалари бўлган омилар эса, ўшандек ишлари билан танилган мужтаҳидларнинг ҳукмларига эргашадилар. Бу ишни қилиш жоиз эмас, чунки фалон мужтаҳид бу ишни қилиш жоиз эмас деган ёки бу ишни сўзсиз бажаришимиз керак, уни бажармасликда бизда иҳтиёр йўқ, чунки Аллоҳ Таоло буни фарз қилганини фалончи мужтаҳид ўз китобида келтирган қабилида иш тутадилар.

Мақтов ва мазаммат билан ҳукм чиқаришни инсоннинг фитрий майлларига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Чунки, бу майллар ўзига мос келадиган нарсани мақтаб, мос келмайдиган нарсани мазамматлаб ҳукм чиқариб қўяди. Инсоннинг фитрий майлларига мос келгани учун зино, баччабозлик, одамларни қул қилиш каби баъзи амалларни Ғарб мақтаб, ҳамма жойда тарғиб қилиб юрибди. Бизларда ҳам оммалаштиришга бор кучлари билан интилмоқдалар, ўзимиздан чиққан малайлар ҳам моҳирлик билан уларнинг режаларини ишга оширишиб келмоқда. Аслида бу ишлар мазаммат этиладиган ишлардан энг жирканчлиларидандир. Ёки энг зарур фарзлардан, икки дунё саодатига эриштирадиган, мақталган ишлар жумласидан бўлган ва яралиш майлларига зид бўлган: душманга қарши курашиш, қийинчиликларга сабр қилиш, бошига мусибат тушиши аниқ бўлиб турган ҳолатда ҳам ҳақни гапириш каби баъзи амаллардан эса, инсонларни тўсиб, бу ишлардан ҳаммани нафратлантиришмоқда. Инсонни табиатида бу ишларни хоҳламаслик борлиги учун улар бу соҳада катта ютуқларга: бизларга эга чиқиб, ўз мақсадларига мажбурлашларида, ҳақдан нафратланишимизга, Исломни ўрганмасликка рози бўлишимизга эришиб келмоқдалар. Демак, бу ўринда ҳукм чиқаришни майл ва ҳоҳишларга топшириш уларни мақтов ва мазаммат учун ўлчов қилишни англатади ва бу аниқ хато ўлчовдир. Шунинг учун, бу борада ҳақиқатга зид равишда ҳукм чиқариб қўйишлиги сабабли майлларни бу ишларда ҳакам қилиш очиқ хато бўлади. Бундан ташқари,  мақтов ва мазаммат соҳасида ҳукм қилиш аслида қандай бўлиши вожиблигига эмас, ҳавои-нафс ва шаҳвоний хирсларга асосланиб қолади. Шунинг учун фитрий майллар мақтов ва мазаммат борасида ҳакамлик қилиши жоиз эмас. Модомики, ақл мақтов ва мазаммат бобида ҳукм чиқара олмас экан ва бу борада фитрий майилларга ҳам йўл бериш мумкин эмас экан, демак, мақтов ва мазаммат борасида ҳукм чиқариш ҳуқуқини инсонга бериш дуруст бўлмайди. Шунинг учун бу борадаги ягона ҳукм чиқарувчи инсон эмас, Аллоҳ Таъоло, яъни ақл эмас, шариатдир.

Шунингдек, агар феълларга ва нарсаларга мақташ ёки мазаммат қилиш, яъни савоб-жазо борасида ҳукм чиқаришни инсоннинг ўзига қўйиб берилса, ҳукмга алоқадор шахс ва замонларнинг ўзгариши билан ҳукмлар ҳам ўзгариб кетиши табиий. Чунки, инсон бу нарсаларга ўзгармас, барқарор ҳукм чиқаришга қодир эмас. Шунинг учун ҳам бундай ишларга ақл эмас, ёлғиз Аллоҳ Таъоло ҳукм қилади, яъни бундай ҳукмга ақлнинг дахли йўқ экан, ақл эмас, шариат ҳукм чиқаради. Инсон бугун бир нарсани яхши деб билса, эртасига уни ёмон деб ҳукм чиқаришига ва кеча қабоҳат деб атаётган нарсасининг айнан ўзига бугун яхшилик деб ҳукм қилаётганига гувоҳмиз. Шу сабабли, битта нарсага бўлган ҳукм субутсиз, бир неча хил бўлади. Натижада ҳукмда хато содир бўлади. Бу борада ақлини ҳукм чиқарувчи қилиб олганлар ҳам субутсиз инсонлар бўлиши табиий, бир нарсага бугун тарғиб қилса, эртага ўша нарсадан қайтарадилар. Кеча қаттиқ қайтараётган нарсаларини бугун тарғиб қилилаётганларига ўзимиз гувоҳмиз. Шунинг учун мақтов ва мазаммат борасида ҳукм чиқаришни на инсонга ва на ақлга топшириб бўлмайди.

   Шунга кўра, бандаларнинг феълларига ва уларга алоқодор нарсаларга мақтов ва мазаммат(савобли ёки жазоланадиган ишлар) жиҳатидан ҳукм чиқарувчи инсон эмас, балки Аллоҳ Таоло, яъни ақл эмас, шариат бўлиши зарур.

Бу чиройли ва ҳунукка ақлий далил жиҳатидан. Аммо шаръий далил жиҳатидан эса, албатта шариат чиройли ва хунук санашда Росулуллоҳ(с.а.в)га эргашишга бўлган амрини вожиб қилиб, ҳавои-нафсни мазамматлади. Аллоҳ Таолонинг муҳаббатига эришиш учун қуйдагича шарт қилинган:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمْ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». [3:31]  

Шунинг учун шаръан қатъий нарса шуки, мазаммат ва мақтов жиҳатидан шариат нимани чиройли деса, у чиройли, нимани хунук деса, у хунукдир.

Феъллар ва нарсаларга мақтов ёки мазаммат билан ҳукм чиқаришдан мақсад буларга нисбатан инсоннинг муносабатини белгилашдир. Чунки, нарсаларга нисбатан бу ҳукм: уларни олиши мумкинми ёки олиш ҳаром эканлигини инсонга баён қилиб беришдир. Ҳақиқати бундан бошқача бўлиши тасаввур қилинмайди. Инсоннинг феълларига нисбатан эса, инсондан бу феълларни бажариш талаб этиладими ё тарк этишми ёки бажариш ва тарк этишда унга ихтиёр бериладими. Ушбу(савоб-жазо) жиҳатдан олиб қаралганда ҳукм қилишга шариат ҳақли экан, инсон феълларининг ҳамда уларга алоқадор нарсаларнинг ҳукмларини ақл эмас, фақат шариат чиқариши зарур. Демак, фақат шариатнинг ҳукмигина бандаларнинг феълларига ва уларнинг феълларига алоқадор нарсаларга ҳакам бўлиши вожиб бўлади.

   Қолаверса, нарсаларга – ҳалол, ҳаром деб ҳукм чиқариш, бандаларнинг феълларига – вожиб, ҳаром, мандуб, макруҳ ёки мубоҳ деб ҳукм чиқариш, ҳамда ишларга, битимларга – сабаб, шарт, монеъ, саҳиҳ, ботил, фосид ёки азима ва рухсат эканлиги хақида ҳукм чиқариш, буларнинг барчаси инсоннинг табиатига мос келиши, мос келмаслиги жиҳатидан ёки буларнинг воқеълари жиҳатидан эмас, балки фақат бу нарсаларга дунёда мақтов-мазамматни ва охиратда эса, савоб-жазони белгилаш жиҳатидан бўлади. Шунинг учун, бу борада ҳукм қилиш ақлга эмас, фақат шариатга хосдир. Демак, феълларга ва уларга алоқадор нарсаларга ҳамда ишларга, битимларга ҳукм чиқарувчи ҳақиқий ҳакам ёлғиз шариат бўлади. Бу борада ақл учун мутлақо ўрин йўқ.

Ғариб Муслим.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here