Қуръон оятларининг бизгача етиб келган тиловати билан бизгача етиб келган расми ўртасидаги фарқ хусусида берган саволга жавоб

794
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бикр Шомий (بكر الشامي)нинг Қуръон оятларининг бизгача етиб келган тиловати билан бизгача етиб келган расми ўртасидаги фарқ хусусида берган саволига жавоб

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Мен тушуна олмаяпман, менга шу гапни шарҳлаб берсангиз. Уламоларнинг сўзларига мурожаат қилсам ноаниқлик йўқолмаяпти:

Ибн Шиҳоб айтади: Хорижа ибн Зайд Зайд ибн Собитдан хабар беришича, Зайд ибн Собит айтади: Мусҳафни кўчираётганимизда Аҳзоб сурасидан бир оятни йўқотиб қўйдим. Мен Росулуллоҳ ﷺ уни ўқиганини эшитган эдим. Уни излаб, Хузайма ибн Собит ансорийда топдик. У:

مِنْ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир» [Аҳзоб 23]

ояти эди.

Мен тушунолмаган нарса шуки, Хузайма ибн Собит битта бўлиши ва мутавотир даражасига етмаганига қарамай, саҳобалар ундан қандай қабул қилишди. Агар унинг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига ўтади деб қабул қилганимизда ҳам, мутавотир даражага етмайди-ку.

Хурматли шайхимиз Аллоҳ сизни ўз марҳаматига сазовор қилсин.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Сизга Қуръон оятларининг Росулуллоҳ ﷺ томонидан бизга етиб келган тиловати билан у кишининг қўли остида ёзилган Қуръон нусхаси ўртасида гўё фарқ бордек кўринган. Аммо оятларнинг тиловати бир тўп саҳобаларнинг Росулуллоҳ ﷺдан мутавотир йўл билан нақл қилиши орқали бизгача етиб келган. У бизга мутавотир йўл билан етиб келганидек, Аллоҳнинг изни ва тавфиқи билан қиёматгача сақланади. Чунки Аллоҳ Таоло:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» [Ҳижр 9]

дейди.

Аммо оятлар расми (лафзларининг ёзилиши шакли)га келсак, саҳобалар оятларни ёдлаган кишилардан эмас, балки уларнинг Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганларини ёзишга ижмоъ қилишган. Уларга саҳобалар томонидан ёзилган саҳифаларни жамлаш кифоя қилган. Лекин улар ҳар бир саҳифа Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганига иккита гувоҳ бўлиши шарт деб билишган ва мана шу нарсага зўр бериб ҳаракат қилишган.

Бу Аллоҳ Таоло томонидан ўзининг буюк ва ҳеч қайси томонидан бирон ҳужжат келиб уни ботил қила олмайдиган китобини сақлаш учун бўлган тавфиқдир (ёрдамдир).

لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنْزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилингандир» [Фуссилат 42]

Бу масалани сизга қуйидагича баён қилиб берамиз:

Биринчи: Қуръонни жамлаш мавзуси:

Биз Исломий шахсия китобининг биринчи қисми, «Қуръонни жамлаш» бўлимида Қуръон қандай жамлангани ҳақида батафсил айтиб ўтганмиз. Шунингдек Тайсирул вусул илал усул китобининг «Қуръоннинг нозил бўлиши ва ёзилиши», ҳамда «Қуръонни жамлаш» номли бўлимларида ҳам айтганмиз. Савол берувчи масаланинг тафсилоти ва у ҳақдаги тафсилий далилларни билиш учун ўша икки китобга мурожаат қилиши мумкин… Ҳозир мен сизга китобимизда келган айрим нарсаларни айтиб ўтаман. Токи, бу сизга масалани Аллоҳнинг изни ила ўз йўналишида тушунишингиз учун ёрдам берсин:

  1. Сизга «Тайсирул вусул илал усул» китобидан Қуръоннинг жамланиши бўлимини келтираман:

(… Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадлар уруши туфайли Қуръонни ёд олган саҳобаларнинг катта қисми шаҳид бўлиб кетганидан қўрқдилар. Чунки улар оятларни суралардаги тартиби билан ёдлаган эдилар. Шунинг учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу ёзилган оятларни Росулуллоҳ ﷺ белгилаганидек ҳар бир сурадаги оятларни ўрнига қўйиб жамлашни буюрдилар. Росулуллоҳ ҳузурида ёзилгани тасдиқланганидан кейин ҳар бир суранинг оятлари ёзилган бўлаклар жамланди. Ҳар бир ёзилган бўлакларнинг Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганига иккитадан саҳобанинг гувоҳлиги талаб қилинди. Улар ёзилган оятлар ёдланган оятларга мос келишига кифояланмадилар. Ҳолбуки, ҳар бир оят саҳобаларнинг мутавотир даражасига етган жамоаси томонидан ёд олинганини билар эдилар. Шунинг учун Тавба сурасининг охирги оятини фақат Хузайма ёзгани ва уни Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганига ундан бошқаси гувоҳ бўлмаганини билишгач, Росулуллоҳ ﷺнинг Хузайманинг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига ўтади деган ҳадисига асосан оятни тавба сурасига қўшишга келишишди. Шундан кейин Хузайма гувоҳ бўлган ушбу оятни Тавба сурасига қўшишди. Ҳолбуки, улар ушбу оятни қатъий шаклда ёддан билишар эди. Бу иш саҳобаларнинг ўта эҳтиёткор бўлганликларининг белгисидир. Чунки улар Қуръонни ҳофизлардан ёзиб олишни эмас, балки Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилган саҳифаларни жамлашни истаган эдилар.

Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқнинг жамлаши оятлар ёзилган бўлакларни жамлаш ва уларнинг суралардаги тартибини Росулуллоҳ ﷺ белгилаганидек келтириш бўлган. Бошқача айтганда, ҳар бир суранинг ояти ёзилган бўлакни битта ўринда биридан кейин иккинчиси қўйилди ва Қуръон сураларининг барчаси шу тарзда жамланди). Иқтибос тугади.

  • Абу Бакр оятлар ёзилган бўлакларни Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганидек жамлагандан кейин нима қилгани ҳақида Исломий шахсия китобининг биринчи қисмидан иқтибос келтираман:

(… Шунинг учун Абу Бакрнинг Қуръонни жамлаш ҳақидаги буйруғи уни битта мусҳаф ҳолатига келтириш буйруғи эмас эди. Балки у Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилган саҳифаларни бир жойга жамлаш ва уларни иккита гувоҳ гувоҳлигида тасдиқлаш ҳақида буйруқ қилган эди… Ушбу саҳифалар Абу Бакр ҳаётлигида унинг ҳузурида ва Умар ҳаётлигида унинг ҳузурида сақланди. Сўнг Умарнинг васиятига кўра, мўминлар онаси ва унинг қизи Ҳафсанинг ҳузурида сақланди…

Бу Абу Бакрнинг Қуръонни жамлаши ҳақидаги гаплар эди. Аммо Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлаши масаласига келсак, Усмон розияллоҳу анҳу ўз халифалигининг иккинчи ёки учинчи йили, бошқача айтганда ҳижратнинг йигирма бешинчи йилида Ҳузайфа ибн Ямон Мадинага, Усмоннинг олдига келди. Ўша пайтда Шом аҳли Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилишда Ироқ аҳли билан биргаликда ғазотда қиларди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу уларнинг Қуръон ўқишдаги ихтилофидан ташвишланар эди. Ҳузайфа Усмон розияллоҳу анҳуга: эй мўминлар амири, мана бу уммат яҳудий ва насоролардек китобда ихтилоф қилишларидан илгари огоҳ бўлинг, деди. Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса розияллоҳу анҳога одам юбориб, Қуръон саҳифаларини юборишини ва улардан нусха кўчириб олиб, қайтариб беришларини айтди. Ҳафса розияллоҳу анҳо саҳифаларни Усмон розияллоҳу анҳуга юборди. Усмон розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга Қуръон саҳифаларидан нусха кўчиришни буюрди… Улар саҳифалардан нусха кўчириб бўлишгач, Усмон уни Ҳафсага қайтариб берди. Сўнгра нусха қилиб кўчирилган мусҳафларни минтақаларга жўнатди ва ундан бошқа Қуръон саҳифаларини ёқиб юборишга буюрди. Усмон нусха кўчиртирган мусҳафлар сони еттита эди. Усмон уларни Макка, Шом, Яман, Баҳрайн, Басра ва Кўфага юборди, биттасини Мадинада олиб қолди.

Шунинг учун Усмоннинг қилган иши Қуръонни жамлаш эмас, балки Росулуллоҳдан нақл қилинган Қуръондан нусха кўчириш бўлган эди. Усмон мўминлар онаси Ҳафса олдида сақланаётган нусхадан еттита нусха кўчирди холос. Шунингдек, одамларни мана шу нусха асосида жамлади ва ундан бошқа нусхаларни тақиқлади. Кўчирилган нусхалар ваҳий нозил бўлаётган пайтда Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилган саҳифалардаги ёзувларнинг ҳамда Абу Бакр розияллоҳу анҳу жамлаган нусхаларнинг айнан ўзидир. Кейин мусулмонлар худди шу нусхалардан нусха кўчира бошладилар. Усмон нусха кўчиртирган мусҳафдан бошқаси қолмаган. Нашриётлар пайдо бўлганидан кейин ҳам худди шу нусхадан нашр қилина бошлади…).

  • Кўриб турганингиздек, масала саҳобалар Росулуллоҳ ﷺдан қатъий ва мутавотир йўл билан нақл қилган Қуръон тиловатини нақл қилиш бўлган эмас. Балки Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилган нарсани нақл қилиш бўлган… Шунинг учун мусҳаф асосланган мана шу расми (лафзларининг ёзилиш шакли)  тавқифийдир. Ўша расм (лафзларининг ёзилиш шакли)ни ушлаш вожибдир, ундан бошқа расм  асосида мусҳаф ёзиш эса ҳаромдир. Ундан бошқасига ўтиш мутлақо мумкин эмас… Қуръоннинг Усмоний расми (лафзларининг ёзилиш шакли)ни маҳкам ушлаш вожиб деган гап мусҳаф ёзиш ишига хосдир. Аммо Қуръонни иқтибос келтириш учун ёзиш, ўргатиш учун доскага ёзиш ёки бундан бошқа шаръий мақсадларда ёзиш жоиздир. Масалан мусҳафда الربوا шаклида ёзилган сўзни таълим мақсадида الربا шаклида ёзишингиз жоиздир. Чунки Росулуллоҳ ﷺ фақат мусҳаф қандай ёзилиши шартлигини айтганлар ва саҳобалар ҳам шунинг устида ижмо қилишган. Бу борада бошқасини қиёслаб бўлмайди, чунки у иллатланмаган тавқифий ишдир, унда қиёс ишламайди.

Иккинчидан: Сиз сўраётган ҳадисга келсак, уни Бухорий қуйидаги тарзда чиқарган:

(4604 – Иброҳим ибн Шиҳобдан келтиришича Анас ибн Молик айтади: Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди, ўша пайтда Ҳузайфа Ироқ ва Шом аҳли билан бирга Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилиш учун олиб борилаётган жангда қатнашаётган эди. Ҳузайфа уларнинг қироатдаги ихтилофларидан қўрқди. У Усмонга: Эй мўминлар амири яҳудий ва насронийлар ихтилоф қилишганидек бу Уммат Қуръон борасида ихтилоф қилишидан олдин бирор чорасини кўринг, деди. Шунда Усмон Ҳафсага Қуръон саҳифаларини юбориши ҳақида элчи юборди. Шунингдек, саҳифалардан бир неча мусҳаф кўчириб олгандан кейин қайтариб беришини айтди. Ҳафса саҳифаларни Усмонга юборгач, Усмон Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга улардан нусха кўчиришни буюрди. Усмон уч қурайшликка айтдики: Агар сизлар Зайд ибн Собит билан Қуръондан бирор нарсада келишолмасангиз, уни Қурайш тилида ёзинг, чунки у Қурайш тилида нозил бўлган. Сўнг улар шундай қилишди ва саҳифалардан бир неча мусҳаф кўчиришди. Шунда Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб, кўчирилган мусҳафларни турли томонларга юборди. Шунингдек бундан бошқа саҳифа ва мусҳафларни ёқиб юборишга буюрди.

Ибн Шиҳоб айтади: Менга Хорижа ибн Зайд ибн Собитнинг хабар қилишича, у Зайд ибн Собитнинг шундай деб айтаётганини эшитган экан: Мусҳафларни кўчираётиб, Аҳзоб сурасидан бир оятни йўқотиб қўйдим. Мен Росулуллоҳ ﷺнинг уни ўқиганини эшитган эдим. Сўнг уни Хузайма ибн Собит Ансорийдан топдик. У

مِنْ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир» [Аҳзоб 23]

ояти эди. Биз уни мусҳафда Аҳзоб сурасига қўшиб ёздик.

Аён бўладики, ушбу ҳадис Усмон розияллоҳу анҳу давридаги мусҳафлар кўчирилиши (яъни нусха олиш) ҳодисасини баён қиляпти. Унда Зайд ибн Собит ва яна уч киши Абу Бакр даврида жамланган ва Ҳафса розияллоҳу анҳо уйида сақланаётган саҳифалардан нусха олиши ҳодисаси баён қилиняпти. Бошқача айтганда, ҳадис Росулуллоҳ ﷺ даврида ёзилган саҳифалардан нусха кўчириш ҳақида ҳамда ўша саҳифаларда ёзилган тарзда мусҳаф кўчириш ҳақида баён қиляпти. Бу эса, мутавотир бўлиши зарур эмас, балки саҳиҳ бўлиши етарлидир. Лекин саҳобалар бу ишга жиддий эътибор билан ёндашиб ёзишда иккита гувоҳ бўлиши лозим деб топишди… Аммо Қуръон тиловатига келсак, бир тўп саҳобалар уни Росулуллоҳ ﷺдан нақл қилишган.

Аллоҳнинг изни билан саволингизнинг жавоби ёрқин бўлди. Аллоҳ ўзи ўз китобини сақловчидир.

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз»  [Ҳижр 9]

Учинчидан: Ёрқинлаштиришга муҳтож бўлган иккита масала қолди:

Биринчиси ёзилган ҳолатда топилмаган, лекин Хузаймада бўлган оятлар қайси оятлар?

Иккинчиси бу оятлар Хузаймада бўлганми ёки унинг отасидами?

Ушбу саволларга жавоб бериш учун Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда шундай деймиз:

  1. Оятларга алоқадор биринчи масалага келсак, Бухорий бу ҳақда 4311 ва 4604 рақамлари остида икки ривоятни чиқарган, улар қуйидагича:

Биринчи: (4311. Абу Ямон Шуайбдан, у эса Зуҳрийдан, у Ибн Саббоқдан хабар беришича Зайд ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу (У Пайғамбаримиз даврида ваҳий ёзадиган кишилардан бири эди) айтадики: Абу Бакр Ямома жангида ўлганлар хусусида маълумот олиш учун менга чопар юборди, борсам ҳузурида Умар ҳам бор экан. Абу Бакр шундай деди: Умар менга келиб, Ямомада жуда кўпчилик ўлди, бундай жойларда Қуръон қориларидан кўпчилиги ўлиб кетишидан қўрқяпман, бу аҳволда уларнинг кўпчилигидан ажраб қоламиз, шунинг учун Қуръонни жамлаш лозим, деяпти. Мен Умарга Росулуллоҳ ﷺ қилмаган ишни қандай қиламан десам, Умар – Аллоҳга қасамки, бу яхши иш деб такрорлайверганидан Аллоҳ уни қалбимга солди. Шунинг учун Умар айтаётган фикрни тўғри деб топдим деди.

Зайд ибн Собит айтади: Умар унинг ёнида гапирмай жим ўтирар эди. Абу Бакр менга, сен ақлли йигитсан, сени ёлғон гапирадиган ва унутиб қўядиган йигит деб билмаймиз, шунинг учун Қуръонни яхшилаб ўрганиб, уни жамла, деди. Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни ўрнидан жилдириб бер деганларида Қуръонни жамлашга буюрганидан кўра енгилроқ бўлар эди. Мен уларга: Қандай қилиб Росулуллоҳ ﷺ қилмаган ишни қиляпсизлар? – деган эдим, Абу Бакр: Аллоҳга қасамки, бу яхши иш, деди. Аллоҳга қасамки, мен бу ишни бир неча марта қайтардим, лекин Аллоҳ Таоло уни Абу Бакр ва Умарнинг қалбига солганидек менинг ҳам қалбимга солди. Шунда турдим, Қуръонни текширдим ҳамда уни қоғоз ва суяк бўлаклари, хурмо шохлари ва ёд олган кишилардан жамлай бошладим. Тавба сурасидаги икки оятни фақат Хузайма ансорийдангина топдим, бошқасида йўқ эди. У мана бу

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган бир пайғамбар келди-ку!» [Тавба 128]

оятидан бошланиб, бароа сурасининг охиригача эди. Жамланган Қуръон Абу Бакр ҳузурида қолди, у вафот этгач Умар ҳузурида қолди ва унинг вафотидан кейин қизи Ҳафсада қолди…). Бу ҳадиснинг матнидир, у Абу Бакр даврини баён қиляпти. Аён бўлишича Хузаймадан топилган ёзилган саҳифалар тавба сурасининг икки ояти, яъни

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган бир пайғамбар келди-ку!» [Тавба 128]

оятидан бошланиб, суранинг охиригача бўлган.

Иккинчи: 4604. Бу ҳадис шундай ривоят қилинган: Мусо Иброҳимдан, у ибн Шиҳобдан, у Анас ибн Моликдан хабар беришича Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг ҳузурига келди. Ўшанда Ҳузайфа Ироқ ва Шом аҳли билан бирга Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилиш учун олиб борилаётган жангда қатнашаётган эди. Ҳузайфа уларнинг қироатдаги ихтилофидан ташвишга тушиб, Усмонга: Эй мўминлар амири, бу уммат яҳудий ва насронийлар каби ихтилоф қилишдан олдин, уларга бирор чора кўринг, деди. Шунда Усмон Ҳафсага чопар юбориб, Қуръон саҳифаларини юбориши ва улардан нусха кўчириб олиб, яна қайтариши ҳақида айтди. Ҳафса уларни юборгач, Усмон Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга улардан нусха кўчиришни буюрди. Улар нусха кўчириб бўлишгач, Усмон ушбу уч қурайшликка: Агар сизлар Зайд ибн Собит билан Қуръондан бирор нарсада келишолмай қолсангиз уни Қурайш тилида ёзинг. Чунки у Қурайш тилида нозил бўлган деди. Улар шундай қилишди ва саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлишгач, Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб юборди. Сўнг кўчирилган мусҳафларни турли жойларга юбориб, улардан бошқа саҳифа ва мусҳафларни ёқиб юборишга буюрди.

Ибн Шиҳоб айтади: Менга Хорижа ибн Зайд ибн Собит Зайд ибн Собитнинг шундай деб айтганини хабар берган: Мусҳаф кўчираётганимизда Аҳзоб сурасидан бир оятни йўқотиб қўйдим. Мен у оятни Росулуллоҳ ﷺ ўқиганини эшитган эдим. Сўнг уни Хузайма ибн Собит ансорийда топдик, у

مِنْ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир» [Аҳзоб 23]

ояти эди. Биз уни мусҳафдаги сурасига қўшиб қўйдик. Бу ҳадиснинг матни, кўриниб турибдики, Усмон розияллоҳу анҳу даврида бўлган ҳамда Хузаймадан топишган ёзилган саҳифалар Аҳзоб сурасининг

مِنْ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир» [Аҳзоб 23]

оятидир.

Агар Бухорий чиқарган ва санадлари саҳиҳ бўлган ушбу икки 4311 ва 4604 ҳадисларга назар ташлайдиган бўлсак, қуйидагилар аён бўлади:

а)   Биринчидан шуни баён қиламизки, бу икки ҳадис оятларнинг мутавотирлиги ҳақида эмас. Иккала ривоятда ҳам мавзу ёдланган нарсани мутавотирлиги ҳақида эмас, балки ёзиш ҳақидадир. Чунки ҳар бир оят Росулуллоҳ ﷺдан бир гуруҳ саҳобалар томонидан ёдлаб олинган. Саҳобалар ўша Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилган нарсани нақл қилишни хоҳлашди. Улар Қуръонни ҳофизлардан ёзиб олишни хоҳламадилар, чунки бунда уларнинг ҳарфлари турлича бўлиб кетар эди. Балки улар Азиз Ҳаким Аллоҳдан тавфиқ сўраб Қуръонни Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида қандай ёзилган бўлса, ўша тарзда ёзишни хоҳладилар. Зеро, Аллоҳ Таоло:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» [Ҳижр 9]

деган. Шунинг учун фақат Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафига мос мусҳаф чоп этиш жоиз, деган шаръий ҳукм истинбот қилинган.

б)   Ёзилган саҳифаларни жамлаш саҳиҳ далилларда келганидек, Абу Бакр даврида бўлган. Ёзилган саҳифага иккита гувоҳ келтириш ҳақидаги далил ҳам саҳиҳдир… Аммо Усмон розияллоҳу анҳу даврида Абу Бакр даврида жамланган ва Ҳафса розияллоҳу анҳонинг ҳузурида сақланаётган саҳифалардан нусха кўчириш бўлди. Усмон Зайд ва яна уч кишини ўша саҳифалардан нусха кўчиришга буюрди…

Усмон розияллоҳу анҳу даврида ёзилган саҳифалар йўқолиб қолиши мумкин эмас. Балки бу Абу Бакр даврида саҳифаларни жамлаётганда бўлган. Яъни у Тавба сурасининг охирги икки

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ * فَإِنْ تَوَلَّوْا فَقُلْ حَسْبِيَ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку! Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш соҳибидир» [Тавба 128-129]

оятлари бўлган. Бу саҳифалар Усмон розияллоҳу анҳу даврида йўқолиб қолиши мумкин эмас. Чунки саҳифаларни жамлаш Усмоннинг даврида, яъни нусха кўчирилаётган даврда эмас, балки Абу Бакр даврида бўлган… Шунинг учун Бухорийнинг 4604 сонли ҳадиси дироятан инкор қилинади. Яъни (Ибн Шиҳоб айтади: Менга Хорижа ибн Зайд ибни Собит Зайд ибн Собитнинг шундай деб айтганини хабар берган: Мусҳаф кўчираётганимизда Аҳзоб сурасидан бир оятни йўқотиб қўйдим. Мен у оятни Росулуллоҳ ﷺ ўқиганини эшитган эдим. Сўнг уни Хузайма ибн Собит ансорийда топдик, у

مِنْ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир» [Аҳзоб 23]

ояти эди. Биз уни мусҳафдаги сурасига қўшиб қўйдик).

  • Иккинчи масала, яъни Тавба сурасининг икки ояти бошқаларда топилмай фақат унда топилган саҳоба Хузайма эдими? ёки Абу Хузайма эдими? деган саволнинг жавоби қуйидагичадир:
    • Бухорий иккита ривоятни, яъни (4311 ва 4603 сонли) ривоятларни чиқарган…

Аммо юқорида айтиб ўтилган 4311 сонли ҳадисда: (Сўнгра турдимда Қуръонни текширдим ва уни саҳифа ва суяк бўлаклари, хурмо шохлари ва ҳофизлардан йиғдим. Тавба сурасининг икки оятини фақат Хузайма ансорийда топдим, бошқасида топмадим. Улар

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ * فَإِنْ تَوَلَّوْا فَقُلْ حَسْبِيَ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку! Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш соҳибидир» [Тавба 128-129]

оятидан бошланиб, бароа сурасининг охиригача эди.

  • 4603 сонли ҳадисда шундай келади: Мусо ибн Исмоил Иброҳим ибн Саъддан, у эса, Убай ибн Саббоқдан ривоят қилишича, Зайд ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу (У Пайғамбаримиз ﷺ даврида ваҳий ёзадиган кишилардан эди) айтадики: Абу Бакр Ямома жангида ўлганлар хусусида  маълумот олиш учун менга чопар юборди, борсам ҳузурида Умар ҳам бор экан. Абу Бакр шундай деди: Умар менга келиб, Ямомада жуда кўпчилик ўлди, бундай жойларда Қуръон қориларидан кўпчилиги ўлиб кетишидан қўрқяпман, бу аҳволда уларнинг кўпчилигидан ажраб қоламиз, шунинг учун Қуръонни жамлаш лозим, деяпти. Мен Умарга Росулуллоҳ ﷺ қилмаган ишни қандай қиламан десам, Умар – Аллоҳга қасамки, бу яхши иш деб такрорлайверганидан Аллоҳ уни қалбимга солди. Шунинг учун Умар айтаётган фикрни тўғри деб топдим, деди. Зайд ибн Собит айтади: Умар унинг ёнида гапирмай жим ўтирар эди. Абу Бакр менга, сен ақлли йигитсан, сени ёлғон гапирадиган ва унутиб қўядиган йигит деб билмаймиз, шунинг учун Қуръонни яхшилаб ўрганиб, уни жамла, деди. Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни ўрнидан жилдириб бер деганларида Қуръонни жамлашга буюрганидан кўра енгилроқ бўлар эди. Мен уларга: Қандай қилиб Росулуллоҳ ﷺ қилмаган ишни қиляпсизлар? – деган эдим, Абу Бакр: Аллоҳга қасамки, бу яхши иш деди. Аллоҳга қасамки, мен бу ишни бир неча марта қайтардим, лекин Аллоҳ Таоло уни Абу Бакр ва Умарнинг қалбига солганидек менинг ҳам қалбимга солди. Шунда турдим, Қуръонни текширдим ҳамда уни хурмо шохлари ва пўстлоғи ва ёд олган кишилардан жамлай бошладим. Тавба сурасидаги икки оятни фақат Абу Хузайма ансорийдангина топдим бошқасида йўқ эди. У мана бу

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган бир пайғамбар келди-ку!» [Тавба 128-129]

оятидан бошланиб, бароа сурасининг охиригача эди. Жамланган Қуръон Абу Бакр ҳузурида қолди, у вафот этгач Умар ҳузурида қолди ва унинг вафотидан кейин қизи Ҳафсада қолди…).

Кўриниб турибдики, ҳадисда (Қуръонни текширдим, ва уни хурмо шохлари, пўстлоғи ва ҳофизлардан йиғдим. Тавба сурасининг

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ

«(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл — ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган бир пайғамбар келди-ку!» [Тавба 128-129]

деган оятларини эса, то бароа сурасининг охиригача фақат Абу Хузайма ансорийдан топдим ва бошқасидан топмадим) дейилган.

Икки ҳадисни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, шу нарса аён бўладики, саҳобанинг исми Абу Хузайма эмас, Хузайма ибн Собит ансорий бўлган. Бунга далил, Абу Бакр мазкур саҳифаларни Росулуллоҳ ﷺ ҳузурида ёзилганига иккита гувоҳни шарт қилди. Шунда Зайд ҳар бир ёзилган оятга икки кишини гувоҳ қилди, фақат Тавба сурасининг охирги икки оятини бир ривоятда Хузаймада, бошқа ривоятда Абу Хузаймада топди. Бу ерда асосий нарса саҳифанинг ишончлиги борасида бўлган. Шундай экан, саҳифа топилган кишининг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига ўтиши керак. Аксинча, Абу Бакр шарт қилганидек саҳифага ишонилмаган бўлар эди.

Росулуллоҳ ﷺ гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенг деб айтган саҳоба Хузайма ибн Собитдир, бу ҳақда саҳиҳ ривоят бор. Бу ҳадис мана шу ҳолат, яъни ёзилган саҳифаларни жамлаш ҳолатига мосдир. Ўз китобини тиловат ва расм (ёзма шаклни) сақлаган азиз ва ҳаким зотни барча шериклардан поклаймиз. Хузайманинг ҳадиси қуйидагича:

Имом Аҳмад ўзининг Муснадида, Абу довуд ўз Сунанида шундай чиқаришган, лафз Имом Аҳмадники: (Абу Ямон Шуайбдан, у Зуҳрийдан, у эса Умора ибн Хузайма ансорийдан ривоят қилишича унинг амакиси (У Росулуллоҳ ﷺнинг саҳобаларидан бўлган) айтади: Пайғамбаримиз ﷺ бир аъробийдан от сотиб олди. Набий ﷺ отни пулини бериш учун ундан уйгача уни олиб бориб беришини сўрадилар. Росулуллоҳ ﷺ йўлда юришини тезлаштирдилар, аъробий эса секин юрди. Йўлда кишилар Росулуллоҳ ﷺ унинг отини сотиб олганини билмасдан, отни савдолаша бошлашди. Ҳатто уларнинг баъзиси отга Росулуллоҳ ﷺ сотиб олган баҳодан ҳам баланд баҳо айтишди. Шунда аъробий Росулуллоҳ ﷺга отни сотиб олсанг сотиб ол, йўқса уни сотиб юбораман деди. Росулуллоҳ ﷺ аъробийнинг нидосини эшитгач: Ахир мен сендан уни сотиб олган эдим-ку деди. Шунда аъробий: Аллоҳга қасамки, мен уни сенга сотмадим деди. Росулуллоҳ ﷺ эса: Мен уни сендан сотиб олдим, дедилар. Шунда одамлар Пайғамбар ﷺ ва аъробийга сукут сақлашди, аммо иккиси сўзини такрорлашар эди. Шунда аъробий Пайғамбар ﷺга мусулмонлардан мен сенга от сотганимга гувоҳ бўладиган бирортасини келтир деди. Одамлар эса, ҳолингга вой бўлсин, Ахир Пайғамбар ﷺ фақат ҳақиқатни гапиради дейишди. Шунда Хузайма келди ҳамда Росулуллоҳ ﷺ ва аъробийнинг мурожаатларини эшитди. Аъробий: Мен сенга отни сотганим ҳақида гувоҳ келтир деган эди, Хузайма: Мен сенинг Росулуллоҳ ﷺга отни сотганинга гувоҳман деди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ Хузаймага нимага гувоҳлик берасан деган эди, у Эй Аллоҳнинг Росули сизнинг тўғрилигингизга деди. Росулуллоҳ ﷺ Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлиги ўрнида қабул қилди). Ушбу ҳадисни Ҳоким ўзининг Мустадракида икки саҳиҳдан чиқарган ва (… Бу исноди саҳиҳ ҳадис бўлиб, кишилари икки шайх иттифоқи билан ишончлидир деган).

Шундай қилиб, Тавба сурасининг икки ояти ёзилган саҳифалар ундан бошқасида топилмаган саҳоба Абу Хузайма эмас, балки Хузайма экани исботланди. Чунки оят гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенг келадиган кишига таяниб олинган эди. Бу сифат Абу Хузаймага эмас, балки Хузаймага мос келади… Кўриниб турибдики ровийлар Абу Хузайма ва Хузайма ўртасида иккиланишган, бундай ҳолат баъзида рўй бериши мумкин… Нима бўлганда ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек, у Хузайма ибн Собит бўлган.

Сиз берган саволнинг жавоби мана шудир… Шунингдек, бошқа савол берувчиларнинг жавоби ҳам мана шу… Аллоҳ энг яхши билгувчи ва ҳаким зотдир.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта

12 робиул-аввал 1441ҳ

9 ноябр 2019м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here