Столтенберг: НАТОнинг барча аъзолари мудофаа сарфларини оширишлари шарт

555
0

Столтенберг: НАТОнинг барча аъзолари мудофаа сарфларини оширишлари шарт

 НАТО бош котиби Йенс Столтенберг пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп билан альянс иштирокчилари мудофаа ҳаражатларини ҳамда ўта муҳим инфратузилма ҳимоясини муҳокама қилди, дейилади Оқ уй баёнотида.

Хабардан хулоса қилса бўладики, АҚШ президенти НАТО бош котибини альянсга кирувчи мамлакатлар мудофаа учун ҳаражатларини оширишлари шартлигига кўндира олган.

Аниқ рақамлар ҳам келтириб ўтилган. Хабарга кўра, “Трамп ва Столтенберг барча иттифоқдошлар ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини мудофаа сарфларига ажратишлари керак, деган хулосага келишган”.

 Америка президенти Дональд Трамп илгариги чиқишларида ҳам кўплаб маротаба НАТО бўйича иттифоқдошларга мурожаат қилиб уларга ҳарбий бюджет миқдори оширилишини кутаётганини маълум қилган.

 Изоҳ: АҚШ билан дунё етакчилигини талашувчи давлат деярли қолмади. Шу сабабли у энди дунё етакчилигини ўз қўлида сақлаб туриш учун зиммасига олган молиявий мажбуриятларидан бирин-кетин бош тортиб боряпти. Энди, ҳатто зайиф давлатларни сунъий пайдо қилинган хавф хатарлардан ҳимоя қилаётгани учун ҳам улардан ҳақ талаб қила бошлади. Бу талаб, уруш бўлаётган ҳолатда қўйилган таклиф бўлганида, ҳарбий иттифоқчи, ёрдамчи ёки ҳамкор деб ифодаланиши мумкин бўлар эди. Лекин тинчлик ҳолатида фавқулодда бўлиши мумкин бўлган, аммо ҳозирда йўқ ҳарбий таҳдид учун ҳақ талаб қилишни фақат талончилик, зўравонлик деб номлаш мумкин. Чунки дунёнинг деярли барча давлатларига жойлаштирилган АҚШ ҳарбий базалари, фақат унинг манфаатлари, оламий етакчилигининг кафолати учун хизмат қилади. Шу сабабли ҳам АҚШ ўша мамлакатларга молиявий ва бошқа моддий ёрдам кўрсатиб келар эди. Аммо сўнгги йилларда, АҚШ худдики бу давлатлардаги тинчликни сақлаб бераётганидек, улардан ҳақ талаб қилиб, ҳатто уларга таҳдид қилиш йўлига ўтди.

 2018-йили Трамп Виржиния штатида сўзлаган нутқида, “Мен Саудия Арабистонини яхши кўраман. Бугун эрталаб қирол Салмон билан узоқ суҳбатлашдик. Мен унга сенинг триллионлаган долларларинг бор. Агар мамлакат ҳужумга учраса, нималар бўлишини ёлғиз Худо билади, дедим”, – деган эди.

 Энди эса, АҚШ ўзининг оламий жандарм вазифасини бажаришида НАТОга аъзо давлатлардан ҳам ҳарбий ҳаражатларини оширишни талаб қила бошлади. Аслида, НАТО ташкилоти АҚШнинг Европа минтақасидаги манфаатларини ва минтақа чегараларини ҳимоя қилиш, шунингдек, капиталистик мабда асосидаги ғарбий лагерни Совет иттифоқининг ҳарбий ва коммунистик мабдаий юришларидан ҳимоя қилиш учун тузилган ҳарбий блокдир.

 Совет иттифоқи қулагач, АҚШ бу альянсни сақлаб туриш учун, Эронга қалбаки исломий тус бериб, уни агрессив мамлакатга айлантирди. Сўнгра Россиядан Украинани тортиб олиш орқали, Россияни ҳам Европага қарши қўйди ва бу орқали Европани яна НАТОга бўлган эҳтиёжини пайдо қилишга муваффақ бўлди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here