Ақлнинг таърифи

899
0

Ақлнинг таърифи

 Инсоннинг хайвондан фарқи нима деб сўрасангиз ҳар қандай одам “инсон хайвондан ақли билан фарқланади” деб жавоб беради. Бироқ, шу билан бир вақтда айрим одамлар “менинг ақлли итим бор, “менинг ақлли отим бор” деётганига гувоҳ бўласиз. Савол: чиндан ҳам айрим хайвонларда ақл бўладими? Шунингдек, бирор киши ахмақона иш қилса, “унинг ақли йўқ экан” деб қўямиз. Савол: ростдан ҳам айрим одамларнинг ақли йўқ бўладими? Яна баъзи бир инсонларни илми билан ғурурланиб, ўзини бошқалардан ақллироқ қилиб кўрсатаётганини кўрамиз. Савол: Кимдир ақллироқ, бошқалар ақлсизроқ бўладими? Ҳатто айрим одамлар ақлига келганини гапириб, ўзини Аллоҳга тенглаштиришмоқда (астағфируллоҳ). Савол: ақлнинг ишлаш қуввати қанчалик, унинг чегараси йўқми, ақл билан худо бўлиб олса бўладими, агар ақлнинг чегараси бўлса у қанчалик? Ҳаётда айрим одамларнинг ақли адашиб кетди деб қўямиз. Савол: ақлнинг адашганини қандай аниқлаймиз? Шу каби ақлга тааллуқли саволлар жавобига, албатта, ақлнинг таърифини аниқлаб олгандан кейингина етиш мумкин. Шунингдек, ақлнинг махсули бўлган фикрлаш нима эканлиги, қандай қилса тўғри фикрлаш мумкинлиги… фикрлаш махсули бўлган илм, фан ва сақофатлардан қандай фойдаланиш кераклигини… шуларнинг барча-барчасини ақлнинг таърифи асосидагина аниқлай оламиз. Демак, ақл таърифининг инсон ҳаётида муҳим ўрни бор (насиб қилса булар ҳақида ўз навбатида сўз юритамиз). Ҳозирча ақл таърифини аниқлаб олайлик.

 Тўғри, ақлнинг таърифини билмасак ҳам ақлимиз табиий равишда ишлайверади. Бироқ, бу таърифнинг ҳаётда муҳим ўрни бўлганлигидан – кўпчилик одамлар эътибор беришмаса ҳам – унга муфаккирлар, идеологлар, психологлар аввалдан алоҳида эътибор қаратиб келишган. Хато бўлсада ўз хулосаларини чиқариб таъриф беришган. Масалан, қадимги греклар мантиқ фанини ўзлаштиришган. Шунингдек, янги тарихда коммунистлар “модданинг мияда акс этиши” деб таъриф беришди. Бугунги кунда бўлса ақлнинг ҳар кимга тааллуқли бўлган турли хил таърифларини топиш мумкин. Бироқ, аслида унинг таърифи ягона бўлиши керак. Чунки, унинг воқеси ягона.

 Ақлнинг ҳақиқатини ҳар бир одам билади, шу сабабли, келинглар, унинг воқеси ва таърифига биргаликда мурожаат қилайлик.

 Масалан бир тошни олайлик. Биз тошни кўришимиз билан “ҳа, бу тош” деб ҳукм чиқарамиз, бу нима деб ўтирмаймиз, чунки, шунга ўхшаш нарсаларни тош эканлиги ҳақида аввал кимлардандир эшитиб ўрганганмиз. Энди шу мисолда ақлнинг қандай ишлаганига эътибор берайлик. Тош бу – воқелик, уни кўз мияга узатди, миямизда бўлса бу ҳақда аввал ўрганган “тош” деган маълумот (яъни маърифат) бор эди. Кўз деган сезги аъзойимиз узатган маълумот миямиздаги аввалги маълумотимизга боғланди-да уни биз “бу тош-да” деб ҳукм чиқардик, яъни ақлимизни ишлатдик. Демак, бизнинг миямиз сезги аъзойимиз узатган маълумотни миямиздаги собиқ маълумотимизга боғлаб берди, бунинг натижасида нарса ҳақда ҳукм чиқардик. Шундай қилиб ақлимизни ишлатган бўламиз. Кўриниб турганидек, ақл ишлаши учун 4 шарт топилиши зарур экан: 1-воқелик (нарса ёки ходиса), 2-сезги аъзолари (кўриш, эшитиш, хид билиш, таом ажратиш, тана), 3-узатилган маълумотни собиқ (аввалдан бор бўлган) маълумотга боғлаб беришга қодир соғлом мия, 4-собиқ маълумот (яъни маърифат).

 Энди ходисага бир мисол келтирамиз. Йўлда кетаётиб бир одам ўз фарзандини ураётганини кўриб қолдингиз дейлик. Сиз бунга қадар катта киши болани урганини кўрмагансиз. Бироқ, одамларни молларни урганини кўргансиз ва отангиз сизга молни уряпти деб маълумот берган. Мана шу собиқ маълумотга боғлаш орқали сиз халиги кишини болани ураётганин билиб оласиз. Демак, шу ўринда ақл ишлади, яъни фикрладингиз. Бундан ташқари, отангиз болани уриш ёмон иш эканлиги ҳақида ҳам маълумот берган. Бунга боғлаш орқали сиз бу киши ёмон иш қиляпти деган фикрга келасиз. Мана яна ақлни ишлатдингиз. Ёмон ишдан қайтариш керак деб ўргангансиз, шу сабабли энди бундан қандай қилиб қайтариш керак эканлиги ҳақда фикрлайсиз. Шу мисолда қараб кўрсак, кишининг болани уриши ходисаси –воқелик, уни кўз мияга узатди, мия бу маълумотни ўзидаги собиқ маълумотларга боғлаб берди.

 Шулардан маълум бўлганидек, коммунистлар айтганидек, модда мияда аксланмайди (мия кўзгу каби акс эттириш хусусиятига эга эмас), бу сезги аъзолари орқали мияга маълумот сифатида узатилади. Шунингдек, маълумотнинг мияга узатилишини ўзи биланоқ ақл ишлаб кетмайди. Агар шу билан ақл ишлаб кетса, у ҳолда эшакда ҳам ақл бўлиши керак, чунки, у ҳам сезади ва унда ҳам мия бор.

 Хайвонларда ақл йўқ

 Хайвонларда ақл бўлмайди. Улар барча нарса ва ходисаларни ғариза ва узвий (тана) эҳтиёжлари орқалигина билишади. Бу шуърий идрок (ички сезиш орқали билиш) деб аталади. Масалан, от тошни еб бўлмаслигини, арпани ейиш мумкин эканлигини билади. Буни эса ақлга алоқаси йўқ, буни узвий эҳтиёжлар орқали билади. Бундай нарса инсонда ҳам бор, у лой емай, нон ейиш керак эканлигини билади. Яна сувга оқиб кетиб омон қолган жонивор кейин оқар сувдан қўрқадиган бўлиб қолади. Бундай кўриниш инстинкт турткиси билан бўлади. Бундай инстинктга тааллуқли кўринишлар инсонда ҳам бўлади.

 Бундан бошқа яна хайвонларда юқоридаги ғаризавий кўринишларни эслаб қайтариш ҳам мавжуд. Масалан, буқа бузоқни қаттиқ сузуб қўйса, кейинчалик бузоқ катта бўлганидан сўнг ҳам ундан қўрқишда давом этади.

 Бундан ташқари, хайвонларда тақлид билан ўрганиш ҳам бор. Улардаги сезгини қайта-қайта такрорлата берсак, тақлид билан бунга ўрганиб кетади. Масалан, айиққа ўнг-чапга думалашни ўргатиш мумкин. Бундай ўрганишни ҳали ақли шаклланмаган ёш болаларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2 ёшар бола ҳам ўнга-чапга думалашни ўргангани каби.

 Демак, хайвонларнинг ички сезгилари орқали билиши, сезгини эслаб қайтариши, тақлид орқали ўрганиши – буларнинг барчаси уларда собиқ маълумотни, яъни маърифатни пайдо қилмайди, шунингдек, уларнинг миясида маълумотларни боғлаш хусусияти йўқ. Шу сабабли уларда ақл йўқ. Улардан бирининг иккинчисидан “ақллироқ” кўринаётгани – бу уларнинг ғариза ва узвий эҳтиёжларига тааллуқли қобилиятларидаги фарқ холос.

 Хайвонларда бўлгани каби, инсонлардаги хайвонларникига ўхшаш – ички сезгилар орқали билиши, уларни эслаб қайтариши, тақлид билан ўрганиши – буларнинг барчаси қачонки одамда уларни боғлайдиган собиқ маълумотлар вужудга келмагунча, булар одамда маърифатга айланмайди. Яъни, одам боласига бошқа одамлар томонидан маълумотлар ўргатилмаса, унда ақл пайдо бўлмайди ва хайвондек бўлиб қолади.

 Собиқ маълумотлар қандай пайдо бўлади

 Коммунистлар ва уларга эргашган Ғарб олимларининг асосий адашган жойи қуйидагича бўлди. Улар “маймун бақо ғаризаси асосидаги маълумотларни ўзаро боғлаш орқали одамга айланиб кетди” дейишади. “Демак маймундан одамга айланган биринчи одам воқеликда дуч келган нарса ва ходисалар ҳақидаги маълумотларни боғлаш билан маърифатни (яъни собиқ маълумотни) пайдо қилган” дейишади. Бунда Дарвиннинг эволюция назариясига суянишди. Масалан, “одам чақмоқ урган хайвоннинг гўштини еб, кейин гўштни пишириб ейишни билиб олган” дейишади. Аслида, инсонда гўшт нима эканлиги, ундан қандай фойдаланишни, у билан нарсаларни маълум бир шартларда пишириш мумкинлигини, қандай қилиб пишириш ҳақида ўргатилмаса, у пиширишни ҳеч қачон ўргана олмайди.

 Эволюциячилар бўлса “биринчи одам воқеликда дуч келган нарса ва ходисалар ҳақида маълумотларни боғлаш орқали маърифат пайдо қилган” деган фикрларини асослаш учун “Маугли”, “Тарзан” каби эртакларни ҳақиқатдай қилиб кўрсатишга уринишади, унинг қахрамонларини ақлли қилиб кўрсатишади. Ҳа, дунёда инсоний жамиятдан узилиб ўсган инсон фарзандлари топилгани ўз тасдиғини топган. Бироқ, шу билан бирга уларда ақл йўқ экани, худди хайвонлардек яшашгани ҳам тасдиқланган. Бу кўриниш социология ва психология фанларида “ёввойи боллар” атамаси билан маълум. Демак, агар инсон фарзанди инсонлар яшайдиган жамиятдан узиб ташланиб, унга бошқа одамлар томонидан ҳеч нарса ўргатилмаса унда ақл пайдо бўлмайди.

 Биринчи одамда собиқ маълумотлар, яъни маърифатнинг қандай пайдо бўлгани тўғрисида Ислом тушинчаси қуйидагича. Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасининг 31-33 оятларида Аллоҳ таоло айтади:

“Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг деди. Улар “Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг билгувчисан ва ҳикматли зотсан”, дедилар. У зот: “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер”, деди. Уларга ўша нарсаларининг исмларини айтиб берган чоғида, “Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим”, деди”.

 Бу оятлар маърифатга етиш учун собиқ маълумотлар бўлиши лозим эканлигига далолат қилади. Аллоҳ Таоло Одам а.с.га нарсаларнинг исмларини билдирди. Нарсалар унга рўбарў қилинганда  Одам а.с уларни таниди. Демак, биринчи инсонга, яъни Одамга Аллоҳ Таоло маълумотларни берган ҳамда бу маълумотлар орқали у нарсаларни таний олган. Агар мана шу маълумотлар бўлмаганида уларни била олмас эди.

 Ўшандан буён, инсонда маърифатни хосил қиладиган маълумотларни Одам а.с. фарзандларига берди. Фарзандлари ўз фарзандларига етказди. Шундай қилиб, инсоният маърифат хосил қилиши мумкин бўлган собиқ маълумотларни авлоддан авлодга ўтказиб келмоқда. Агар кимдир ақл ишлатишга, яъни фикрлашга етарли бўлган маърифат хосил бўлмай туриб одамлардан узилиб қолса, унинг ақли бўлмайди.

 Инсон фарзандида маърифат қандай пайдо бўлади

 Буни аниқлаш учун инстикт ва узвий эҳтиёжларига тааллуқли билиш билан – нарсаларни таниш, ходисалар маъносини тушиниш каби ақлга тааллуқли билишнинг фарқини аниқлаб олиш керак. Масалан, чанқаганда сув ичиш керак эканини билиш узвий эҳтиёжига, у билан тозаланиш мумкинлигини билиш ғаризага тегишли бўлади. Энди сувни сув сифатида таниш, ундан шўрва тайёрлаш мумкинлигини билиш, ундан қурилиш ишларида ёки тиббий мақсадда фойдаланишни билиш ва ҳ.к – буларнинг барчаси ақлга тааллуқли. Буларнинг барчаси ўрганиш орқали бўлади.

 Шу ўринда, одамнинг мияси билан хайвонот мияси ўртасидаги фарққа тўхталиб ўтайлик. Хайвоннинг мияси ғаризага тегишли бўлмаган маълумотларни ўрганишга яроқли эмас. Масалан, унга “бу йўл, йўл яхши бўлса юришга қулай бўлади, бу ер учун кенг йўл, нариги ер учун тор йўл қулай” деган каби ғаризага тегишли бўлмаган маълумотларни ўргатиш мумкин эмас. Одам боласига бўлса – унинг мияси ўсиб боргани сари – маълумотларни кенгайтириш билан юқоридаги маълумотларни ўртатиш мумкин. Шу сабабли, эллик йил ўргатсанг-да маймун бу маълумотларни ўргана олмайди, демак, унда ақл пайдо бўлмайди. Айни шу маълумотларни олти ёшли бола ўргана олади. Чунки, унинг мияси ғаризага тааллуқли бўлмаган маълумотларни қабул қилишга яроқли. Шунинг учун, ёш болаларимиз ғаризавий тарзда сезаётган нарсаларнинг номланишини уларга қайта-қайта ўргатамиз. Масалан, бола чанқаганда сув ичишни узвий эҳтиёж ва ғариза сабабли билса ҳам биз унга “бу сув, бу сув” деб такрор-такрор ўргатамиз. Кейинчароқ “сув ич, сув ич” деймиз. Бунда “ичишни” ўргатдик. Кейин ёшига қараб унинг хусусиятларини ўргатамиз. Барча дуч келган нарсалар ва воқеалар ҳақида ҳам шундай бўлади. Бу вақтда боланинг ўзи ҳам “бу нима, бу нима” деб нарсалар ҳақида, “нима учун ундай бўлди, нимага бундай бўлди” деб воқеалар ҳақида сўрай бошлайди. Биз ўргатиб бориш орқали уларда маълум бир маълумот базасини пайдо қиламиз. Бошқача айтганда, собиқ маълумотлар мажмуи, яъни маърифатни пайдо қиламиз. Мана шу базавий илм пайдо бўлганидан сўнг бола ҳаётда дуч келган нарса ва воқеалар ҳақида – ўзидаги маърифатга боғлаш орқали – фикрлай оладиган бўлади. Агар дуч келган нарса ҳақида унда собиқ маълумот бўлмаса, у ҳақида изланишга яроқли бўлиб қолади. Аввал ғариза асосида билган нарсаларини ҳам энди шу маълумотларга боғлаб, уларнинг ҳақиқатини аниқлашга ҳаракат қила олади. Масалан, аввал илондан ғаризавий тарзда қўрққан бўлса, энди илон чақиб ўлдиришига ақли етгани учун ундан қўрқади.

 Демак, одам миясининг хайвонникидан фарқи – инсон миясида маърифат пайдо қилиш ва янги маълумотларни ўша маърифатга боғлаш қобилияти мавжуд. Агар мия маърифат пайдо қила олмаса, яъни, ургатган нарсаларни ўрганиш орқали уларни собиқ маълумотларга айлантира олмаса, шунингдек, маълумотларни боғлашга лаёқатли бўлмаса бундай одам ақлсиз бўлади.

 Инсонда собиқ маълумотлар қачон хосил бўлади

 Фанга кўра,инсонларжамиятидан узилмай яшаган болада 7 ёшида фикрлай оладиган ақл шаклланиб бўлади. Яъни, унда собиқ маълумотлардан иборат ва кейинги маълумотларни уларга боғлаб нарса ва воқеалар устидан ҳукм чиқара оладиган маърифат ўрнашган бўлади. (Фақат, вундеркиндлар ва аутизм билан оғриб тузалганлар бундан мустасно. Бироқ, уларнинг аҳволи ҳам ақлнинг мазкур таърифи доирасидан ташқарига чиқмайди. Чунки, биринчиларида собиқ маълумотларни пайдо қилиш ва маълумотларни боғлаш эрта шаклланса, кейингиларида кечроқ бўлади). Шу сабабли ҳам психология ва педагогика фанлари хулосалари асосида фарзандларимизни 6-7 ёшидан мактабга берамиз. Фан бўйича, 7 ёшига қадар одамлар жамиятидан узилиб қолган “ёввойи болаларда” ақл бўлган эмас. Бундай хулоса ҳадисда ҳам ўз тасдиғини топган. 

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Болаларингни етти ёшдан намозга буйринглар”, деганлар.

 Дарҳақиқат, болада ақл шаклланиб бўлганидан сўнг гарчи инсонлардан ажраб қолса-да фикрлай олади. Янги бир нарса ёки воқеликка дуч келса булар устидан ҳукм чиқариш учун собиқ маълумотларига боғлайди. Агар дуч келган нарсаси ҳақида собиқ маълумот бўлмаса, у ҳақда фикрлай олмайди, бироқ унга тааллуқли маълумотларни излаб кўра олади. У қайта инсонлар орасига қўшилса тезда жамиятга киришиб кетади. Чунки, унда ақл бор. Агар у бошқалардек фикрлай олмаётган бўлса бу ақлнинг бор ёки йўқлиги масаласи эмас, балки маълумотларнинг озлиги ва фикрлашни тубанлиги масаласи ҳисобланади.

 Айримлар баъзи туземец (цивилизациядан узилиб қолган) халқларнинг ақли йўқ деб ўйлашади. Аслида уларнинг ақли бор. Фақат улар бошқа халқлардан маълумотлар озлиги ва тубан фикрлаши билангина фарқ қилишади. Бу мисол ҳам ақлнинг бор-йўқлиги масаласи эмас, балки фикрлашнинг юқорилиги ёки тубанлиги масаласига тааллуқли мисол.

Маърифат қандай пайдо бўлади

 Болада маърифат пайдо бўлиши учун бериладиган маълумот воқеликка, воқелик бўлса маълумотга боғлаб берилади. Масалан, бола хайвонот боғида арслонни кўрса, “бу шер” деймиз. Бунда воқелик маълумотга боғланади. Болага “шер жайронни ейди” деган маълумотни берсак ва унга хужатли фильмдан шернинг йиртқичлигини кўрсатсак, берган маълумотимизни воқеликка боғлаб берган бўламиз. Бошқа нарса ёки воқеаларни маърифатга айлантириш шундай бўлади. Фақат боланинг ёшига қараб, умумий тарзда ўргатишдан батафсил ўргатишга ўтилади.

 Айрим сезги аъзолари ишламайдиган боллар бор. Ўргатишда уларнинг соғлом аъзоларига эътибор қаратилади. Масалан, қулоғи карларнинг кўриш, кўзи ожизларни эшитиш аъзоларига эътибор берилади. Албатта, бундай ҳаракат кўп меҳнат талаб қилади. Шундай бўлса-да, бу орқали уларда ақл пайдо бўлади.

 Адашган одамлар қандай ўнгланади

 Собиқ маълумот, яъни ўргатилган маълумотлар мажмуидан иборат маърифат Одам а.с.дан бери авлодларга мана шу тарзда ўргатиб келинади. Бироқ, бу  Одам а.с. нимани билса уни бошқалар ҳам шундайлигича ўрганиб келишяпти дегани эмас. Одам а.с.дан кейинги одамларда собиқ маълумотлар, яъни ақл бўлиши учун етарли билим пайдо бўлганидан кейин, улар янги дуч келган нарса ва ходисалар устидан ўзлари турлича ҳукм чиқаришди. Шу сабабли улар орасидан кўп худоликлар, худосизлар чиқди… Инсоний жамият шундай залолатга кетганида Аллоҳ Таоло Ўзи хоҳлаган вақтда элчиларини жўнатиб турди. Сўнгги элчи бўлиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнатилди. Энди қиёматга қадар пайғамбар келмайди. Демак, одамларни залолатдан қутулиши Ислом билангина бўлади.

 Ҳозирги вақтда одамзот ҳаётида, шунингдек Исломни ўрганиш ва ўргатишда ақлнинг таърифи муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, унга жиддий эътибор қаратиш керак.

тугади

 Редакция: Сайтга келиб тушган шаҳрий халқа мавзусини – ақл эгаларига фойдаси бор деган умид билан – чоп этишни лозим топдик. Танқид-фикрлар бўлса, хат-хабарлар кутиб қоламиз.

 Муаллиф: Мавзу шайх Тақийюддин Набахонийнинг “Тафкир” китобига асосланди. Шунингдек унда айрим устоз ва шогирдларнинг китобдаги маъноларни тушингани бўйича мулоҳазаларига таянилди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here