Қирғизистон ҳарбий ва стратегик бўшлиқ ҳолатида

764
0

Қирғизистон ҳарбий ва стратегик бўшлиқ ҳолатида

Қирғизистон ҳарбий ва стратегик бўшлиқ ҳолатида эканлиги сабабли, ташқи кучлар унга сиёсий, сақофий ва иқтисодий босим ўтказишмоқда.

Давлат ички ва ташқи хавфсизлигини ўз кучи билан бартараф эта оладиган ҳарбий қувватга эга эмаслиги сабабли ёки давлатнинг қуввати издан чиқиб кетиши сабабли ҳарбий бўшлиқ пайдо бўлади. Бунда давлат ўз хавфсизлиги борасида ташқи кучли давлатлардан бирига суянишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига ўша кучли давлат уни сиёсий, иқтисодий ва сақофий жиҳатдан ўзига тобе қилишга ҳаракат қилади. Чунки ҳар қандай давлатнинг ҳалқаро сиёсатда бошқа давлатлар билан олиб борадиган дипломатик, сиёсий ва иқтисодий алоқа-муносабатлари ортида ҳарбий қувват туради. Ҳарбий қувватига кўра давлатларнинг халқаро сиёсатдаги ўрни, мавқеъи белгиланади.

Давлатнинг ички ва ташқи хавфсизлигига таҳдид солаётган масалалар сабабли мамлакатда юзага келган беқарорлик – стратегик бўшлиқ дейилади. Яъни, бунда беқарорлик келтириб чиқариш мумкин ҳолат пайдо бўлиб, ҳар қандай ғаламис куч, гуруҳ ёки шахслар давлат ва халқ хавфсизлигига таҳдид сола оладиган муҳит пайдо бўлади. Бу ҳолатда мамлакат ичида бир қанча қарама қарши кучлар пайдо бўлиб, уларнинг барчаси ташқи давлатлардан қувват олишга интилишади. Миллатчилик, уруғчилик, динлараро кескинлик каби унсурлар юзага келиши учун, ташқи кучлар томонидан атайин қулай муҳит ва шароитлар яратилади. Натижада ташқи кучлар манфаатидан келиб чиқиб, ҳар қандай диверсия ва қўпорув ишларини амалга ошириш мумкин бўлган шароит пайдо бўлади. Бундай хавфли ҳолатда давлат ҳолдан тойиб, ўзидан кучли бўлган ташқи давлатларга бўлган итоат ва қарамлик даражаси ортиб бораверади. Чунки стратегик бўшлиқ албатта йирик мустамлакачи ёки рақиб давлатлар томонидан атайин уюштирилади!

Қирғизистон ўзини ташқи ва ҳатто ички таҳдидлардан ҳам ҳимоя қила олмайди! Шунинг учун мамлакатнинг хавфсизлик муаммосини Россиянинг халқаро ҳарбий ва сиёсий қувватига таяниш орқали ечишга мажбур. Бу ҳолат Қирғизистонни Россияга ҳарбий мустамлака эканидан далолат беради.

Россия Қирғизистонни ҳарбий мустамлака ҳолатида ушлаб туриш мақсадида доимий муҳтожлик ҳолатини пайдо қилиб бораверади. Масалан матбуот ҳужумларини уюштириш орқали Афғонистон томондан ИШИД ёки бошқа қалбаки кучлар хавфини пайдо қилади. Стратегик бўшлиқдан фойдаланиб тез тез миллий ва минтақавий кескинликлар пайдо қилади. Мухолиф кучларни қўллаб юбориш орқали бир неча маротаба президентлар алмаштирди. Ҳозир ҳам Атамбаевни мухолиф кучга айлантириб, позиция билан аппозицияни бирдек ўзи қувватлаб бориш билан мамлакатдаги стратегик бўшлиқни мутлақ ўзи назорат қилишга интиляпти. Бу беқарорликларнинг барчаси мамлакатдаги мавжуд стратегик бўшлиқ туфайли рўй беряпти.

Ғарб ва Хитой сингари Қирғизистонга интилаётган давлатлар ҳам, Россияга қарши ҳарбий ва стратегик бўшиқ ҳолатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади. АҚШнинг Қирғизистон ҳарбий қурол ва техникаларини модренизация (тубдан янгилаш) қилишга интилаётгани фикримизга далил бўла олади. Хитой ҳам мамлакатимизга олиб кираётган ҳар бир инвестиция лоиҳасидан, ҳарбий ва стратегик томондан ички сиёсатимизга аралашиш учун сабаб излайди. Яъни Хитой Қирғизистонга газ ва нефт транзит қувурлари ётқизиш, шунингдек “ипак йўли” лоиҳасидаги поезд ва авто йўл қурилиши каби манфаатларида, асосий эътиборини стратегик бўшлиқни бир қисмини тўлдириб олишга қаратади. Демак давлатдаги ҳарбий ва стратегик бўшлиқ унинг сиёсий ва иқтисодий қарамлигига асосий сабаб бўлади.

Шулардан келиб чиқиб айта оламизки, Ўрта Осиё давлатларининг барчасида ҳарбий бўшлиқ мавжуд. Чунки уларнинг бирортаси ҳам ўз хавфсизлиги учун ўзи қурол ишлаб чиқариш имкониятига эга эмас! Демак улар ҳарбий техника ва қурол аслаҳани ташқи йирик давлатлардан харид қилишга мажбур. Бу эса уларни ўша давлатга ҳарбий томондан тўлиқ қарам, яъни ҳарбий мустамлака бўлишига сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ҳарбий мустамлака бўлган давлат ҳеч қачон мустақил бўла олмайди. Халқаро сиёсат уларни халқаро қонунлар воситасида доимий мустамлака ҳолатида ушлаб қолишга ҳаракат қилади. Мустамлака мамлакатлар ҳарбий саноатлашмаслиги учун халқаро сиёсат стратегик бўшлиқдан фойдаланиб, уларни доим хавотирли ҳолатда ушлаб туради.  Давлат фақат оғир саноат билан иқтисодий бой ва етук давлат бўлса, оғир саноат туркумидан бўлган ҳарбий саноатни пайдо қилиш ва ривожлантириб бориш билан мустақил ва етакчи давлатга айланади!

Демак халқаро сиёсат, марказий оламий бошқарув системаси мустамлака давлатларни атайин ҳарбий ночор аҳволда ушлаб туриш мақсадида уларда стратегик бўшлиқни пайдо қилиб боради. Халқаро қонунлар билан у давлатларни қурол ишлаб чиқиш имкониятларидан маҳрум қилиб, агар итоатсизлик қилишса, стратегик бўшлиқдан фойдаланиб мамлакатни пароканда қилиб юборишади. Афғонистон, Ливия, Сурия, Ироқ….. сингари.

Шунинг учун ҳар қандай давлат мустақил ва фаровон бўлиши учун албатта ҳарбий, сиёсий ва стратегик бўшлиқни тўлдириши лозим. Бу бўшлиқларни тўлдириш учун албатта ташқи оламий қонунлар исканжасидан озод бўлиши зарур. Чунки халқаро қонунлар, етакчи давлатларнинг дунёдаги манфаатларини рўёбга чиқариш асосига қурилган. Халқаро қонунлар ижро бўлиши учун, уларга мустамлака юртларда албатта бўшлиқлар бўлиши ўта муҳим.

 Демак бу халқаро сиёсат ва оламий бошқарув системаси асосида, унга риоя қилиб яшар эканмиз, бу зулматдан қутула олмаймиз. Чунки бу оламий система дунёда сиёсий, стратегик бўшлиқлар пайдо қилиб бориш билан заиф давлатларга зулм қилиш асосига қурилган!

  Абдурраззоқ.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here