Жээнбеков ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилишди

703
0

 Жээнбеков ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилишди

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрел куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди

 Президентлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг кенгайиши ва мустаҳкамланишида, турли соҳалардаги серқирра ҳамкорликнинг ривожланишида кузатилаётган барқарор ижобий тенденцияни катта мамнуният билан қайд этдилар.

 Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, ишлаб чиқариш кооперациясининг кўлами кенгаймоқда, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

 Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши ҳамда Парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишлари шерикликни янада кенгайтиришда катта салоҳият ва қатъий интилиш мавжудлигини кўрсатди.

 Суҳбат чоғида илгари эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларини тўлиқ ишга солиш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

 Президентлар минтақавий инфратузилма лойиҳаларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш муҳимлиги ва иқтисодий жихатдан долзарб экани таъкидланди.

 Томонлар ушбу лойиҳанинг барча иштирокчилари ўртасида ўзаро англашув мавжудлигини ва улар бўлажак ҳамкорликка тайёр эканини мамнуният билан қайд этдилар.

 “Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош халқларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар”, – дейилади хабар якунида.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here