Россиянинг иқтисодий ўсиши уйдирма экани маълум бўлди

678
0

Россиянинг иқтисодий ўсиши уйдирма экани маълум бўлди

 Росстат Россияда саноатнинг ўсиш суръатлари деярли икки йиллик рекорд даражага етгани ҳақида хабар берди – унинг маълумотларига кўра, саноат корхоналари ишлаб чиқариши 2019 йил январ ойидаги 1 фоиздан феврал ойидаги 4,1 фоизгача тезлашган. Росстат ҳисоб-китоблари иқтисодчиларни ҳайратга солди, сабаби ўтган уч ой ичида иқтисодиётда саноат ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши кузатилганди, деб ёзмоқда “Коммерсантъ” газетаси.

 Нашрнинг аниқлик киритишича, Росстат маълумотлари ҳам иқтисодчилар кутилмалари, ҳам статистик идоранинг ўз сўровларига мос келмайди. Таҳлилчилар таъкидлашича, агар мавсумий ва тақвимий таъсирлар ҳисобга олинса, унда йил бошидан буён саноат ишлаб чиқаришида ўсиш суръати умуман кузатилмаган.

 Олий иқтисодиёт мактаби (ОИМ) “хом” статистика асосида ўз ҳисоб-китобларини амалга ошириб, мавсумий омилларни ҳисобга олди ва 2019 йил феврал ойида Россия иқтисодиётида саноат ишлаб чиқариши бўйича ўсиш суръатлари бўлмаганини аниқлади. ОИМдан аниқлик киритилишича, 2019 йил февралида 2018 йил февраль ойига нисбатан бир иш кунига кўп бўлган – шунинг учун ишлаб чиқаришнинг ўсиши гўёки кузатилган. Шу билан бирга, ОИМдан қайд этишларича, агар ҳисоб-китобларда мавсумий таъсир ва тақвим инобатга оладиган бўлса, унда саноат ишлаб чиқариши икки ойда ўсгани эмас, балки жиддий равишда пасайгани маълум бўлади.

 Росстат нотўғри ҳисоб-китоблар учун бир неча бор танқид қилинган. Хусусан, 2018 йил якунларига кўра, идора Россияда қурилиш саноати ўсиши 5,3 фоиз бўлгани ҳақида маълум қилган, бироқ ноябр ойи бошида йиллик ўсиш суръати атиги 0,5 фоизга баҳоланган. Ушбу юқори кўрсаткичлар кейинчалик Иқтисодий ривожланиш вазирлигига йил якунлари бўйича ЯИМ ўсишини, тахмин қилинганидек, 1,8 фоиз эмас, балки 2 фоизга баҳолаш имконини берди. Таҳлилчилар бу рақамларни танқид қилиб, уларни ўйлаб топилган, деб аташди. Росстат методологиясини мамлакат бош вазири биринчи ўринбосари, молия вазири Антон Силуанов ҳам танқид остига олиб, агентлик ҳисоб-китоблари сифати “даҳшатли”, усул эса “шаффоф эмаслиги”ни таъкидлаган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here