Саудия Арабистони АҚШни айблаб чиқди

935
0

Саудия Арабистони АҚШни айблаб чиқди

 Саудия Арабистони АҚШдан подшоҳлик ички ишларига очиқдан-очиқ аралашувни тўхтатиш ва давлатнинг дунёдаги ҳамда минтақадаги позициясига зарар етказмасликни талаб қилди. Бу ҳақда подшоҳлик Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди.

 Ар-Риёд бир қатор масалалар бўйича АҚШ сенатининг асоссиз ва тушунарсиз айбловларини рад этади. Матнда айтилишича, подшоҳлик БМТнинг 2216-резолюцияси ва бошқа аввал эришилган келишувлар асосида Ямандаги сиёсий вазиятга ечим топиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттиряпти. Шунингдек, қайд этилишича, Саудия Арабистони бундан аввал журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши жиноят экани, у подшоҳлик ва унинг сиёсатига алоқадор эмаслиги ҳақида маълум қилган.

 Саудия Ташқи ишлар вазирлигининг эслатишича, мамлакат Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, шунингдек, халқаро терроризмга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшишдан тўхтамайди.

 Аввалроқ АҚШ сенатори Саудия шаҳзодаси Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадор эканини маълум қилганди.

 “Бу жиноят Муҳаммад бин Салмоннинг кўрсатмасига кўра ташкиллаштирилган ва режалаштирилган, деган хулосага келмаслик учун одам атайлаб ўзини кўр қилиб кўрсатиши керак. У аввалбошдан Қошиқчининг ўлимига алоқадор бўлган”, – деди сенатор Роберт Коркер журналистларга.

 Унинг қўшимча қилишича, МРБ ҳисоботига кўра, журналистни ўлдиришда иштирок этган жамоа унинг жасадини бўлаклаб ташлашда ёрдам кўрсатиш учун суд экспертини таклиф қилган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here