Николай Патрушев ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашди

544
0

Николай Патрушев ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашди

 Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Maxмудов ва унинг россиялик ҳамкасби Николай Патрушев Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг кенг доирадаги, биринчи навбатда, хавфсизлик соҳасидаги масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

 “Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, миграция соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш йўллари, ахборот инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлаш ва компьютер билан боғлиқ ҳодисаларга жавоб бериш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, Марказий Осиёдаги вазият бўйича фикрлар алмашилган”,- дейилади хабарда.

 Қайд этилишича, Маҳмудов ва Патрушев 17 октябрда ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги хавфсизлик бўйича маслаҳатлашувларга якун ясашган.

Туркистон:

Россия Ўзбекистонинг ички сиёсатида тубдан ўзгаришлар пайдо бўлишига таъсир кўрсатяпти. У Ўзбекистон режимининг асосий таянчи бўлган хавфсизлик қомитасининг таъсир қувватини кучайтириб бориш билан Ўзбекистонда бошқарув тизими яна давлат хавфсизлик хизмати қўл остига қайтишига кучли таъсир кўрсатяпти. Тўғрироғи ДХХ мамлакат назоратини яна тўлиқ ва бевосита ўз қўлига қайтариб олиши учун ҳаракат қилаяпти.

Президент Мирзиёевнинг мамлакатни халқаро сиёсат (Ғарб олами) билан бирга ривожлантириш учун олиб бораётган ҳаракатлари режим манфаатларига мос келмади. Россия бу вазиятдан фойдаланиб Ўзбекистон бошқарувини яна хавфсизликка асосланган ҳарбий машинага айлантириб боряпти.

Демак бундан сўнгра кутиладиган ҳолат шуки, Марказий Осиё муаммолари ҳақида маслаҳатлар ҳам, аввалги иқтисодий манфаатлар асосида бораётган йўналишга зид олиб борилади. Яъни Россия Ўзбекистонни Афғонистонга нисбатан хавфсизлик кўзи билан қараш сиёсати устувор бўлган стротегия ишлаб чиқишга мажбур қилади. Қўшни давлатлар билан ҳам алоқа яна аввалги ҳолатига қайтиши кутилади.  

Россия Марказий Осиё учун иқтисодий манфаат ва сақофий таъсир кўрсата оладиган ҳолатда эмас. Шунинг учун Путин Тошкентда хавфсизликка эътибор қаратишни маслаҳат қилиб, минтақадаги ҳарбий қувватини кучайтиришга ва ҳарбий хавфли ҳолатни пайдо қилишга ҳаракат қилади. Қолган келишувларнинг деярли ҳаммаси мана шу манфаати остида ишлаб чиқилади.

Ўзбекистондан Афғонистон орқали очилиши мумкин бўлган океанга олиб чиқувчи йўл, Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатларини деярли йўққа чиқариши мумкин. Шунинг учун Россия Ўзбекистоннинг ички бошқарув тизимини ўзгартиришга уриняпти ва шунинг билан бирга унинг ташқи сиёсатини ҳам бошқа йўналишга олиб ўтмоқчи бўляпти. У АЭС қуриб бериш билан Ўзбекистонни қизиқтириб, режимни яна ўз таъсири остига қайтара олди. Энди Афғонистон орқали транзит йўли лоиҳасини йўққа чиқариш мақсадида, бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат бошлайди. Бу ҳаракатлари кўпроқ фитнакашлик, қўпорув ишларини уюштириш каби энг ифлос амалиётлар билан давом этиши кутилади. Чунки Россиянинг бундан бошқа имконият ва шароитлари деярли йўқ!

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here